Янгиликлар
29
Ҳар бир муаммо ва мурожаатнинг қонуний ечими бор!
Ҳар бир муаммо ва мурожаатнинг қонуний ечими бор!
Бугунги кунда ҳар бир давлат ишчиси, жумладан, ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари ҳам ўз хизмат вазифасига янада жиддий ёндашмоғи, ваколатидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг мурожаатларини қонуний асосда кўриб чиқиб, ҳал этмоғи зарур. Айниқса, бутун дунё мамлакатлари синалаётган ва давлатимизни ҳам четлаб ўтмаган ушбу эпидемиологик қалтис вазиятда маъсулиятни янада жиддий ҳис қилган ҳолда иш олиб бориш ҳар қачонгидан-да муҳим.
Республикамизда 2020 йил 15 март куни коронавирус билан зарарланган илк бемор аниқлангач 16 мартдан бошлаб коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир қатор тартиб-қоида ва чекловлар жорий этила бошланди. Дастлаб барча таълим муассасалари ёпилган бўлса, кейинроқ Ўзбекистон халқаро транспорт алоқаларини вақтинча тўхтатди, март ойининг сўнгги ўн кунлиги давомида кўплаб одамлар иштирокида ўтказиладиган турли тадбирлар бекор қилинди, умумий овқатланиш шохобчалари ёпилди. Фуқароларга тиббий ниқобда юриш мажбурий қилиб қўйилди, вилоятлараро транспорт ҳаракатлари чекланди. Шахсий автомобилда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланиши билан бир қаторда аҳолига заруратсиз уйдан чиқмаслик тавсия этилди ва бу ҳақда доимий равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Мақсад аниқ. Давлат ўз фуқароларининг вирусга чалинишининг олдини олиш, ушбу инфекция билан касалланган беморларни даволаш ва пандемия сабабли келиб чиқадиган муқаррар салбий оқибатлар кўламини пасайтириб бориш билан мураккаб вазиятдан чиқиши зарур.
Айни карантин чоралари кучайтирилган бир вақтда ҳар қандай фуқаро кўчага чиқолмаслиги, давлат идорасига бориб ўз муаммосига ечим топиши мураккаб. Бундай ҳолатда фуқаро ўзи билан боғлиқ муаммони ечиш учун тегишли идоранинг ишонч телефони ёки электрон почтаси орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин, яъни уйдан чиқмаган ҳолда.
Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида кўрсатиб ўтилган. Қонуннинг 9-моддасида оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан давлат органларининг, ташкилотларнинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видеоконференцалоқа воситасида ҳам берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Жорий этилган карантин даврида адлия бўлимлари ходимларининг айримлари масофавий иш режими тартибида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Хусусан, Олтиариқ туман адлия бўлимида ҳам республика бўйлаб жорий этилган карантин тартиб-қоидаларига мувофиқ равишда ходимларнинг масофадан туриб фаолият олиб боришига шарт-шароит яратилган.
Карантин даврида ҳам фуқароларнинг телефон ёки электрон почта орқали келиб тушган мурожаатлари кўриб чиқилиб, тегишли тартибда ҳал этилмоқда.
Жумладан, махсус комиссиянинг қарори билан жорий амалдаги чекловлар даврида адлия бўлимига телефон орқали Бағдод пахта тозалаш АЖга қарашли Эскиараб, Олтиариқ ва Қизилтепа пахта тайёрлаш масканида фаолият олиб борувчи бир неча нафар ишчи ва ходимлар икки ойдан бери ойлик иш ҳақларини ололмаётганлиги натижасида моддий жиҳатдан қийналаётганларини айтиб шикоят қилишди.
Келиб тушган оғзаки шикоятга асосан адлия бўлими ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишда ҳақиқатан ҳам заводнинг ишчи-ходимларига икки ойдан бери ойлик иш ҳақлари тўланмай келаётганлиги аниқланди.
Шундан кейин Бағдод пахта тозалаш АЖга адлия бўлими томонидан қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Киритилган тақдимномага асосан Бағдод пахта тозалаш АЖга қарашли пахта тозалаш масканида фаолият кўрсатувчи тумандаги барча ишчи-ходимларнинг жами 293 325 175 сўм ойлик иш ҳақлари тўлаб берилди.
Худди шу каби ойлик иш ҳақларини ўз вақтида ололмаётганлик тўғрисидаги мурожаат туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-сонли шифохона ходимлари томонидан келиб тушгач, ўтказилган ўрганишлар асосида киритилган тақдимнома асосида шифохона ходимларининг 22 898 011 сўм миқдоридаги ойлик иш ҳақлари тўлаб берилди.
Бундан ташқари фуқароларнинг уйдан чиқиши ва жамоат жойларида юриши хатарли бўлиб турган карантин даврида адлия бўлимига телефон ва электрон почта орқали келиб тушаётган бошқа турдаги мурожаатлар ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ҳал этилмоқда.
Ҳар қандай шароитда ҳар қандай муаммо ва мурожаатнинг қонуний ечими бор! Фақат ўша Қонун асосидаги ечимни топа олиш ҳар бир давлат ишчисининг маъсулиятли вазифаси эканлигини тушуниб етиш зарур!
Олтиариқ туман адлия бўлими
катта маслаҳатчиси Б.Муҳамадалиев