Янгиликлар
04
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли доимо эътибор марказида
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли доимо эътибор марказида
Хайр ва саҳоват, яъни муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш, инсонпарварлик ҳар бир шахс учун энг олий сифатлардан бири ҳисобланади. Қадимдан меҳр-оқибатли бўлган халқимиз бугун ҳам ана шу муаззам қадриятини яна бир бор барчага намоён қилмоқда. Айниқса, бундай гўзал сифатлар башариятни қамраб олган тожсимон вирусга қарши кураш даврида акс этаётгани қувонарлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда пандемик вазиятни бартараф этиш учун қарор-фармонлар имзоланмоқда. Мазкур ҳужжатларнинг туб моҳиятида инсон тақдири, унинг турмуш тарзини ҳимоя қилиш каби жиҳатлар ётибди. Ана шу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 30 июль санасида «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Бу эса тожсимон вирусга қарши курашда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватланаётгани айни муддао бўлди. Шунингдек, ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 513 минг 350 сўм, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 513 минг 350 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 315 минг 030 сўм этиб белгиланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг якунига қадар 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказиш, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш ҳамда моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказишни таъминлаш вазифаси топширилди. Тўлаш муддати 2020 йилнинг июль-сентябрь ойларида тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга (бола тегишлича 2 ёш ва 14 ёшдан ошмаган ҳолатда) давом эттириш учун кўрсатма берилди. Зеро, мазкур ҳужжат замирида мураккаб даврда ҳам қийналган оилалар давлат, жамият эътиборида экани, меҳр, саховат, эзгулик каби энг олижаноб қадриятлар тобора кенг қулоч ёзиб бораётганидан дарак беради.
Фармонга мувофиқ, мамлакатимизда аъзолари 1,7 миллион нафардан зиёд бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилиши кўзда тутилган эди. Бунинг учун республика бюджетидан 380 миллиард сўм йўналтирилиши режалаштирилди. Бундан ташқари, Қурбон ҳайити байрами муносабати билан яна 150 минг оила 1 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланганди.
Республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур фармон ижросини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Қўқон шаҳрида ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қатламига уч босқичда ёрдам кўрсатиляпти.
Қўқон шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган фуқароларнинг «Темир дафтар»и шакллантирилди. Бугунги кунга қадар «Саҳоват ва кўмак» умумхалқ ҳаракати жамғармаси орқали 21 минг 324 нафар эҳтиёжмандга жами 4 миллиард 910 миллион сўм қийматдаги ҳайрия ишлари амалга оширилди. Мазкур сумманинг 3 миллиард 416,6 миллион сўм миқдордаги қисми аҳолига озиқ-овқат етказиб бериш бўйича ажратилган бўлса, 634 миллион сўм маблағ ишга жойлаштириш мақсадида сарфланди. Фуқароларнинг тиббий саломатлигини тиклаш учун 74 миллион сўм миқдорда зарурий дори-дармонлар етказилди. Шунингдек, 531,1 миллион сўм нақд пул шаклида эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.
Фармонга мувофиқ, ташкил этилган «Темир дафтар»га киритилган қамбағал оилаларга Қурбон Ҳайити байрами арафасида 2 миллиард 665 миллион сўм маблағ бир миллион сўмдан ажратилиб, 2 минг 665 нафар эҳтиёжманд оилага бўлиб берилди. «Темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бирига (5 килограмм ун, 2 килограмм ўсимлик ёғи, 2 килограмм шакар, 2 килограмм гуруч, 2 килограмм макарон, 0,5 килограмм қуруқ чой, 1 килограмм туз, 10 тадан тиббий ниқоб) моддий ёрдам кўрсатилди. Умумий ҳисобда 3 минг 55 дона озиқ-овқат маҳсулотлари муҳтожлар дастурхонидан ўрин олди.
Хайриялар давом этиб, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан шаҳардаги 65 та МФЙ да 70 та қўй қурбонликка сўйилди. 3 минг 400 килограмм қўй гўшти 3 минг 82 та оилага етказиб берилгани байрамга муносиб совға бўлди. Шунингдек, шаҳар Гўдаклар уйига маҳаллий тадбиркор хомийлар томонидан 13 килограмм қўй гўшти, 30 дона нон, 30 дона шарбат каби озиқ овқат маҳсулотлари етказилди. 12-Меҳрибонлик уйига 105 килограмм қўй, 125 килограмм мол гўшти, 100 дона нон ҳамда 150 дона музқаймоқлар совға тариқасида улашилди. «Мехр-Мурувват» нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 1 нафар ногирон эҳтиёжманд фуқарога ногиронлар аравачаси, 30 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. Шунингдек, шаҳардаги 3 та хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қайд этиш керак, «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг ҳар бир аъзосига республика бюджетидан жон бошига 220 минг сўмдан бир марталик ёрдам кўрсатиш белгиланган. Шаҳардаги 4 та сектор ишчи гуруҳи, депутатлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан эҳтиёжманд оилалар қайтадан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида 1000 та оила эҳтиёжмандлар рўйхатига қўшилди. Бугунги кунда 4 минг 715 та оилада 18 минг 641 нафар оила аъзоларининг манзилли рўйхатлари маҳаллалар ва секторлар кесимида шакллантирилди. Айни пайтда ўрганиш ва тоифаларга ажратиш ишлари олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, мазкур рўйхатни шакллантиришда ҳалоллик ва одиллик принципларига амал қилинмоқда. Биринчи навбатда оилаларнинг меҳнатга лаёқатсиз ногиронлиги ва сурункали касалликка чалинган аъзолари мавжуд эканига аҳамият берилмоқда. Шунингдек, оилада якка-ёлғиз кексалар, бевалар ва бошқалар қарамоғига муҳтож кам таъминланган, беш ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар, коронавирус пандемияси сабабли қўлланилган карантин чоралари натижасида ўзининг даромад манбаини йўқотган, бироқ «темир дафтар»га киритилмай қолган оилаларга эътибор берилмоқда. Бугунги кунга қадар Халқ депутатлари шаҳар кенгаши қарори билан 776 та оилани «Темир дафтар»дан чиқариш бўйича кенгаш раисига сектор раҳбарларининг мурожаатлари олиниб, бу бўйича қарор қабул қилинди.
Мухтасар айтганда, муҳтожга кўмак қўлини узатиш, бир-бирини эъзозлаш, ўзаро хайрихоҳлик халқимизга хос фазилат. Бундай синовли кунлардан катта талафотсиз чиқишни истасак, ҳукумат томонидан белгиланган мавжуд тартиб-қоидаларга амал қилсак, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамликда бўлсак, пандемияни енгиб ўтган бўламиз.
Эркинжон МАҲМУДОВ
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи