Янгиликлар
18
ҲАЛОЛЛИК ТАМОЙИЛИ
ҲАЛОЛЛИК ТАМОЙИЛИ
Биз ваъдаларга амал қилинмайдиган даврда яшамоқдамизми?
Одамлар ушбу тушунчага енгил қарайдиган замонми?
Дейлик, бир танишимизга келаси ҳафта тушлик пайти уни олдига кириб ўтишимизни айтамиз, ҳолбуки, олдиндан бунга вақтимиз йўқлигини жуда яхши биламиз. Бир ҳамкасбимизга ўзимизга ёққан китобни ўқиб чиқиш учун унга ушбу китобни бериб туришни ваъда қиламиз, Ваҳоланки, ҳеч қачон бировга ўз китобимизни бермаслигимизни яхши биламиз.
Қуруқ ваъдалар бериб келиш маълум муддатдан сўнг одатга айланади. Муаммо шундаки вақт ўтгани сари сизга хеч ким ишонмай қўяди. Ишонмай қўйишдими, демак сиз инсонлар билан ўзаро ишонч ришталарини узган бўласиз. Узилган ишонч ришталари эса яқинлар билан муносабатлар бузилишига олиб келади.
Коррупция ҳам ҳудди шундай. Аввалига кимнингдир ҳожатини чиқарасиз, у эса сизга миннатдорчилик юзасидан совға беради ёки сизнинг ҳам ҳожатингизни чиқаради. Шу орада яна кимнингдир иши сизга тушади
ва у сизга ўз миннатдорчилигини моддий кўринишда инъом қилиши учун сиз унга тамагирлик қилиш йўлига ўтасиз. Қарабсизки бу ҳолат икки-уч маротаба такрорлангандан сўнг эса оддатий ҳолган айланади ва кундалик иш бўлиб қолади. Инсониятга одат бўлиб қолган ҳар бир нарса доимий равишда бир ишни такрорлаш натижасида юзага келади.
Коррупция қуруқ ҳашак ичида олов тарқалгани каби ҳамма соҳани
ўз домига тортиб бормоқда. Уни жиловлашнинг имкони шу қадар қийинлашиб боряптики у билан фақат давлатлар томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг ўзи камлик қилаётгандай.
Бугунги кунга келиб жуда кўплаб давлатлар ўзининг ички қонунлари билан коррупцияга қарши курашмоқдалар. Бундан ташқари, халқаро концепциялар ва стандартлар ҳам ишлаб чиқилди.
Бунга яққол мисол қилиб ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизимини олиш мумкин. Стандарт коррупция билан боғлиқ хатарларни бартараф этишга қаратилган механизм сифатида жорий этилди.
Ушбу стандарт 2016 йилда Халқаро стандартлаштириш ташкилоти
(ISO) (ISO Лойиҳа қўмитаси ISO/PC 278) томонидан ишлаб чиқилган бошқарув тизимига асосланган стандартдир. ISO 37001:2016 стандарти коррупцияга қарши бошқарув тизимини (ABMS) ташкил этиш, жорий этиш, бошқариш, қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда такомиллаштиришга қаратилган талабларни белгилайди.
Миллий қонунчилигимизда пора олиш ва беришга жазо чоралари аниқ белгилаб қўйилгани каби шариатимизда ҳам бундай иллатга нисбатан кескин муносабат билдирилган.
Қурони каримда “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят)
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзгалар молини
ботил – ҳаром йўл билан емоқликдан қайтарган.
Яъни, бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан
еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила мол ҳалол бўлиб қолмайди ёки аксинча
ҳам бўлмайди. Балки, айнан ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради.
Поранинг суннатда ҳаром қилинганига келсак, бу борадаги ҳадислар жуда кўп. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пора олувчилар ва пора берувчиларга: “Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” деганлар. Яна ул зоти “Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!”, деганлар. Бундай ҳадисларни “ал-Жомеъ
ас-сағир”да “лом” ҳарфи бобида кўриш мумкин.
Поранинг турлари, ҳамда унинг жиҳатларига Имом Қозийхон раҳимаҳуллоҳ ўзининг фатволар тўпламида қозилик қилиш ҳақидаги бўлимида қуйидагича зикр қилганлар:
Пора тўрт хил бўлади. Икки тарафдан ҳам ҳаром бўладиган тури. Агар улардан бири пора бериб қози бўлса, қози бўлиб ҳисобланмайди. Бу ҳолатда пора олувчига ҳам, қози бўлувчига ҳам ҳаромдир.
Иккинчи тури, қозига унинг фойдасига ҳукм қилишини кўзлаган ҳолда пора беришдир. Бу пора икки томонга ҳам ҳаром. Қозининг ҳукми хоҳ ҳақ бўлсин, хоҳи ноҳақ бўлсин, бунинг фарқи йўқ.
Яна бир тури шуки, ўзининг жонидан ёки мол-мулкидан қўрқиб, бировга пора берган бўлса бундай пора олувчига ҳаром, берувчига ҳаром эмас. Агар биров унинг молидан тама қилса, молидан бир қисмини унга берса ҳам худди шундайдир.
Яна бир тури эса порани подшоҳ олдида ишини ўтказиб бериш учун берса, бериш ҳалол бўлади. Бу ҳолатда олувчига пора олиш ҳалол бўлмайди.
Бундан ташқари, халқимизда шундай мақоллар ва ибратли ҳаётий воқеалар борки улардан ибрат олиш лозимдир.
“Амир бўлса тамагир, на товуқ қолур, на қулонқир”. Бундан кўриниб турибдики амир тамагир ва юлғич бўлса, унинг амалдорлари ва ясовуллари ҳам ундан қолишмай халқни бир дона товуғи қолгунча талайдилар.
Пора олиш гуноҳларнинг ичида энг катта гуноҳдир. Гуноҳнинг мисоли ҳудди саратон ярасига ўхшайди. Қачонки, жисмда саратон яраси бўлса, уни жарроҳлик йўли билан чиқариб ташлаш лозим, агарда яра чиқариб ташланмаса, у яра катталашади ва жисмоний ўлимга сабаб бўлади.
Худди шундай экан гуноҳнинг ҳам ягона муолажаси уни тарк қилишдир. Агар инсон гуноҳни тарк қилмаса, у ҳолда гуноҳи катталашади
ва инсонни маънавий ўлимига сабаб бўлади.
Инсон ҳар бир ишни ҳалоллик ила қилса унинг оҳири ҳайирли бўлур, бунинг учун эса ҳар бир инсон “ҳалоллик рўзаси”ни тутмоғи лозим.
Фойдаланилган адаббиётлар:
1. “Ҳикматнома” ўзбек мақолларининг изоҳли луғати. Ш.Шомақсудов, Ш.Шорахмедов. Ўзбекистон энциклопедияси бош редакцияси
Тошкент-1990 йил. 524-б.
2. Робин Шарма. “Кто заплачает, когда ты умеришь?” 2009 года. ст.149.
3. https://islom.uz
4. http://www.pqm-online.com
Фарғона вилоят адлия бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси Эшонов Саидолимхон