Янгиликлар
26
Одам савдосига қарши курашишда қонунчиликдаги бўшлиқлар тўлдирилди.
Одам савдосига қарши курашишда қонунчиликдаги бўшлиқлар тўлдирилди.
Асрнинг глобал муаммоларидан бири бўлган одам савдоси жинояти тобора чуқур илдиз бораётгани ҳар қандай ҳукуматни, ҳар қандай жамият ва миллатни жиддий ташвишга солмоқда.
Инсонни “товар” ҳисобида сотиш, мажбурий меҳнатга жалб қилиш, унинг иш кучидан “сув текин”га фойдаланиш, ҳар қандай ҳолат билан ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш на дин ва на конституцион қонун-қоидалар билан оқланмайди. Балки, бу жиноятга қарши кескин курашилади.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам одам савдосининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича зарур амалий чора тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Бу борада халқаро тажриба ва нормалардан ҳам андоза олинмоқда. Масалан, "Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида"ги Конвенция (1949), "Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида"ги қўшимча Конвенция (1956), "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида"ги Конвенцияни тўлдирувчи "Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида"ги баённома (2000) ва бошқалар.
Айниқса, сўнги йилларда болалар ва аёллар савдосининг янада кучайиб бораётгани ҳар қандай шахсни жиддий хавотирга солиши керак. Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 3 миллионга яқин киши одам савдосининг қурбонига айланмоқдаким, рақамлар ҳақиқатан мазкур жиноятга фавқулодда ҳолат сифатида қараш заруриятини кўрсатади.
2008 йил 17 апрель, ЎРҚ-154-сон “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Яқинда Сенат томонидан ушбу Қонун янги таҳрирда кўриб чиқиб, маъқулланди ва жорий йилнинг 17 августь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.
Қабул қилинган янги таҳрирдаги қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби, жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби, уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлар белгиланди.
Жумладан, янги таҳрирдаги Қонуннинг 3-моддаси қуйидаги бандлар билан тўлдирилган:
вояга етмаган шахс савдоси – «одам савдоси» тушунчасида кўрсатилган таъсир ўтказиш воситаларидан фойдаланилган-фойдаланилмаганлигидан қатъи назар, ҳар қандай ҳаракат ёки битим бўлиб, улар воситасида вояга етмаган шахс ота-онаси, бошқа қонуний вакили ёки ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда ундан фойдаланиш мақсадида ёхуд моддий ёки бошқа наф олиш мақсадида бошқа шахсга ҳақ эвазига берилади. Ушбу банд вояга етмаган шахсларнинг ҳар қандай (ҳаттоки, энг яқин қариндоши томонидан ҳам) мажбурий меҳнатга жалб этилиши ва унинг кучидан фойдаланишига йўл қўйилмаслигини белгилайди.
Бундан ташқари ушбу модда одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш – жисмоний шахсга нисбатан амалга ошириладиган, унга нисбатан одам савдоси сифатида малакаланадиган хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги тўғрисида ёки содир этиш нияти ҳақида маълумотлар олишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи эканлиги билан тўлдирилганлиги аҳамиятли.
Унга кўра одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс –дастлабки идентификация натижасида одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс сифатида тан олинган жисмоний шахс ҳисобланади.
Шунингдек, Қонунинг 5-моддаси бир қатор зарурий бандлар билан тўлдириди.
Унга кўра одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
одам савдосига қарши курашишга, шу жумладан одам савдосига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
одам савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, тиббий, профилактика чора-тадбирларини, ахборотга оид чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
одам савдосини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципини таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан ижтимоий ҳимоя қилиш;
одам савдосига қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказишга доир фаолиятни, шунингдек ушбу соҳадаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ходимларини касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолиятни ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш;
одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик.
Бугун ҳукуматимиз ўз олдига қўйган долзарб масалаларидан бири аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдан иборат бўлиб, бу борада адлия органларига ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.
Инсоннинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши, мажбуриятларини бажариши ўрнатилган қонун-қоидаларга бўйсуниши демократик жамият қуришнинг муҳим омилларидан бўлиб, бунда осонликча ҳақ-ҳуқуларнинг топталишининг олди олинади. Таҳлилларга кўра, одам савдоси жабрдийдалари ҳам аксар ҳолда ҳуқуқий саводсизликлари туфайли манқурт кимсаларнинг тўрига илинишмоқда. (Шахсан мен ўз миллати ва давлатининг фуқаросини сотган касларни манқурт деб биламан, улар фақат ўз нафсларини ўйлайди ва пул келтирувчи ҳар қандай нарсага ўлжа каби қарайди. Ҳатто, мукаррам қилиб яратилган инсонни “товар” қилиб сотиб юборади. На қадрият, на ҳукумат ва на эътиқод қоидаларини тан олмайди бундай кимсалар).
Янги қабул қилинаётган қонуннинг 6-моддаси. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия.
Ушбу моддага кўра:
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия (бундан буён матнда Миллий комиссия деб юритилади) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал органдир.
Миллий комиссиянинг қарорлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бажарилиши шарт, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун эса тавсиявий хусусиятга эга.
Миллий комиссия:
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан;
Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан иборат.
Миллий комиссияни шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Қабул қилинган Қонуннинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган бўлиб, унга кўра ташкилот ўз ваколатлари доирасида:
одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг дастлабки идентификация қилишни амалга оширади.
шунингдек бу модда яна қуйидаги банд билан тўлдирилган:
одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади.
Шу билан бирга Қонуннинг 3-боби - Одам савдоси профилактикаси масалалари ЕХҲТ ДИИҲБнинг тавсиялари асосида тўлдирилган.
ЕХҲТ ДИИҲБнинг тавсиялари асосида қонуннинг 19-модда билан тўлдирилиши ҳозирги электрон имкониятлардан фойдаланиш билан бу борадиги ишлар самарасини янада кучайтириш аниқ. Жумладан, ушбу моддага кўра:
Одам савдосига қарши самарали курашишни таъминлаш, одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жиноий фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйиш, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ҳамда тегишли ахборотни тизимлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошқа давлат органлари билан биргаликда одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси (бундан буён матнда маълумотлар базаси деб юритилади) яратилишини ташкил этади.
Маълумотлар базасига:
давлат органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, нодавлат нотижорат ташкилотларидан ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан;
тезкор-қидирув тадбирларини, терговга қадар текширувни, дастлабки терговни ва суд муҳокамасини амалга ошириш натижасида;
Ўзбекистон Республикасининг Миллий марказий интерпол бюросидан;
тезкор алоқа, ишонч телефонлари орқали ва бошқа манбалардан олинган ахборот киритилади.
Маълумотлар базасига қуйидагилар тўғрисидаги ахборот киритилади:
одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар ҳақидаги;
одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар тўғрисидаги ахборот – аёллар ва болалар ҳақидаги ахборот алоҳида ажратилган ҳолда, шунингдек уларга кўрсатилган ёрдам натижалари ҳақидаги;
фойдаланиш турлари, жиноят содир этиш усуллари тўғрисидаги ва бошқа ахборот.
Маълумотлар базасига киритилган ахборот махфийдир.
Қабул қилинган янги таҳрирдаги қонуннинг 34-моддаси одам савдосига қарши курашишга доир тадбирларни молиялаштириш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашни тазарда тутиб, модданинг ушбу қисми миллий қонунчиликни Палермо Протоколининг 6-моддаси 6-бандига мувофиқлаштириш мақсадида киритилган, унда "Ҳар бир иштирокчи давлат ўзининг ички ҳуқуқий тизимида одам савдоси жабрдийдаларига етказилган зарарни қоплаш имкониятини яратиши лозимлиги белгиланган ".
Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қатор муҳим модда ва бандлар билан янада мукаммалаштирилган бўлиб, одам савдосига қарши курашишда амалиётда юзага келган бўшлиқларни тўлдиради. Ушбу жиноят жабрдийдаларини ҳимоя қилишнинг халқаро малакали механизмларини миллий қонунчилигимиз билан мувофиқлаштиришни тартибга солади.
Олтиариқ туман адлия бўлими
катта маслаҳатчиси Б.Муҳамадалиев