Янгиликлар
27
Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун ҳимоясида
Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун ҳимоясида
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси 1-қисмига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларига мувофиқ нафақа тўланиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 01.04.2002 йилги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 40-бандида “Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади”, 46-бандида “Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади” деб аниқ белгилаб қўйилган.
Бироқ, қонун ҳужжатларида қатъий белгилаб қўйилган меъёрларни амалда қўллашда хатоликлар, қонунбузилиш ҳолатлари афсуски, ҳали-хамон учрамоқда.
Ўзбекистон туман адлия бўлимига фуқаро Матлубахон Йўлдашева 2013 йилдан буён Ўзбекистон туман “Баркамол авлод болалар маркази”да тўгарак раҳбари вазифасида ишлаб келганлиги, ҳозирда иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганлиги сабабли туман халқ таълими бўлими томонидан ҳомиладорлик таътил пулларини тўлаш рад этилганлигидан норози бўлиб ариза билан мурожаат қилди.
Туман адлия бўлими томонидан фуқаро М.Йўлдашева мурожаати юзасидан туман ХТБдан олинган маълумотларга кўра, М.Йўлдашева туман халқ таълими бўлимига иккинчи фарзандига ҳомиладорлик таътил пулларини тўлаб бериш учун ҳужжатлар тақдим этганлиги, тўпланган ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб М.Йўлдашевани боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил тугагандан сўнг ишга қайтмаганлиги ёки боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш хақи сақланмайдиган қўшимча таътил берилишини сўраб ариза билан мурожаат қилмаганлиги сабабли иккинчи фарзанди учун ҳомиладорлик таътили пуллари тўланмаслиги маълум қилинган.
Мурожаатни ўрганиш давомида “Баркамол авлод” болалар марказининг М.Йўлдашевага 01.04.2017 йилдан 05.06.2017 йилга қадар ҳомиладорлик таътили бериш тўғрисидаги 01.04.2017 йил куни 532-сонли буйруғига асосан 2 ёшгача бола парваришлаш таътили берилгани, бола 2 ёшга тўлганидан сўнг у ўша вақтларда бола парвариши билан банд бўлганлиги, марказга ҳозир ишга қайтолмаслигини телефон орқали маълум қилганлиги, лекин бу ҳақда Марказ томонидан буйруқ белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, қайд этилмаганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, иш берувчи томонидан марказ ходимаси М.Йўлдашевани фарзанди 2 ёшга тўлган вақтида ишга қайтиши ёки боласини 3 ёшга тўлгунига қадар бола парваришлаш таътилига (ҳақ тўланмайдиган) чиқиши масаласида ёзма равишда огоҳлантириш хати юборилмаган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан туман адлия бўлими томонидан марказ раҳбарининг ҳатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 49-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли туман аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига маъмурий таклиф киритилиб, Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказининг қарори билан марказ раҳбарига базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
анфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан агар бу қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган, унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган, унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган, унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.
Маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори МСИЮтКнинг XIX-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади. Суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Туман адлия бўлими томонидан мурожаат атрофлича, таҳлил қилинган ҳолда ўрганиб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси МСИЮтКнинг 185-моддасига, Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан фуқаро М.Йўлдашева манфаатларини кўзлаб 29.06.2020 йил куни Ўзбекистон туман Маъмурий судига туман Халқ таълими бўлимининг 11.06.2020 йилги
01-01/321-сонли хомиладорлик таътил пулларини тўлашни рад этиш ҳақидаги хатини (қарорини) ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда М.Йўлдашевани иккинчи фарзанди учун хомиладорлик таътил пули хисоблаб, тўлаб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисида шикоят ариза киритилди.
Ўзбекистон туман Маъмурий суди томонидан жорий йил 4 август кунги ҳал қилув қарорига кўра, туман халқ таълими бўлимининг 11.06.2020 йил кунги 01-01/321-сонли М.Йўлдашевага ҳомиладорлик таътил пулларини тўлашни рад этиш тўғрисидаги баёни ҳақиқий эмас деб топилиб, туман адлия бўлимининг шикоят аризаси қаноатлантирилди.
Ўзбекистон туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси А.Эргашев