Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар


Бугунги кунда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш давр талабига айланган. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда, таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни 2020 йил 23 сентябрь куни қабул қилинган бўлиб, унинг мақсади таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Мазкур Қонунга асосан таълим соҳасидаги асосий принциплар, таълим тизими, турлари ва шакллари аниқ белгилаб қўйилди, унда белгиланган масофавий таълим ҳақидаги қоидалар ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб олишга қаратилган.
Шунингдек, Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этиладиган бўлди. Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилиши белгиланди. Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан бериладиган бўлди.
Қонунда дуал таълимга оид қоидалар белгиланиб, у таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни олишга қаратилган бўлиб, уларнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисми эса таълим олувчининг иш жойида амалга оширилади. Бундан ташқари, қонунга инклюзив таълим тўғрисидаги қоидалар киритилиб, унга биноан, инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этади.
Мазкур қонун жаҳон стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда таълим соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг қамрови кенглиги ва ўзига хос хусусиятга эга эканлиги билан 1997 йил 29 август куни қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонундан тубдан фарқ қилади.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маълум қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади.
Ҳусусан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси мазкур соҳадаги янги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажариб бермоқда.
Хулоса ўрнида, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.

Тошлоқ туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Л.Бекмирзаева