Янгиликлар
23
Аёлларни реабилитация қилиш ва ҳимоя қилишда идоралараро ёндашувни такомилаштириш мақсадида давра суҳбати ўтказилди.
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Фарғона вилоят адлия бошқармаси, вилоят ИИБ бошқармаси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамкорликда “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази, Фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази Фарғона вилоят филиали, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси
ва “Меҳржон” аёллар ва болалар маркази иштирокида Аёлларни реабилитация қилиш ва ҳимоя қилишда идоралараро ёндашувни такомилаштириш мақсадида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида асосий эътибор хотин-қизларнинг гендер тенглигини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада вилоятда олиб борилаётган ишлар, муаммолар ва уларнинг ечими, маиший зўравонликни олдини олиш масалаларини ҳудудий тартибга солиш амалиёти, ҳимоя ордени институтини амалга ошириш, оиладаги зўравонлик қурбонларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалаларига қаратилди.
Вилоят ИИБ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ўзларининг жойларда олиб бораётган фаолияти давомида аёллар тўқнаш келаётган муаммоларга, хусусан, оилавий келишмовчиликлар оқибатида аёллар психологик жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётганлиги, уларнинг ҳуқуқий билим даражаси етарли эмаслиги сабабли ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ожизлиги, оилавий ажримлардан зарар кўраётган кўнгли ярим болалар, уларнинг таъминоти, хотин-қизлар ўртасида ишсизлик масалаларига тўхталиб ўтдилар.
Тадбир давомида кўтарилган муаммоларни ва умуман хотин-қизлар ҳуқуқларини поймол этилишини, уларга нисбатан бўладиган тазйиқ
ва зўравонликларни олдини олиш, ҳуқуқларини тиклаш, гендер тенглик таъминлаш борасида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари янада ҳамжиҳат ҳамкорликда ишлаш йўналишлари белгилаб олинди.
Шу билан бирга тадбир якунида Оилавий зўравонликдан жабр кўрган аёлларга ёрдам кўрсатишда идоралараро ҳамкорликнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гурух шаклантирилди.
Фарғона вилоят
адлия бошқармаси