Янгиликлар
04
Ишлаган даври нега ҳисобга олинмади...
Фуқароларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларига риоя қилиниши, уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини муҳофаза этилиши адлия органлари томонидан қонунчиликка риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш фаолиятининг узвий қисми ҳисобланади. Шу сабабли, ҳудудий адлия органлари томонидан ушбу соҳада қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан доимий равишда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қўқон шаҳар адлия бўлими томонидан Қўқон шаҳар Чинобод кўчаси 8-уйда яшовчи фуқаро Юлдашев Кадир Иброхимовичнинг 2020 йил 14 декабрдаги ёшга доир пенсияга чиқиш учун ҳақиқатда ишлаган иш стажларини пенсия тайинлашда ҳисоба олишда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати қисқа фурсатларда кўриб чиқилди.
Ўрганиш натижасида, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар филиали томонидан фуқаро К.Юлдашевдан қўшимча маълумотномалар талаб қилиниб олинганлиги аниқланди. Хусусан, Фарғона вилоят Архив иши худудий бошқармаси Қўқон шаҳар Давлат архивининг малумотномаси асосида К.Юлдашевнинг 2000 йилдан 2011 йилгача ишлаган даври асоссиз равишда пенсия тайинлашда ҳисобга олинмаганлиги аниқланди.
Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси биринчи қисмига асосан меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланиши белгиланган.
Қўқон шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаро К.Юлдашевнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши учун Қўқон шаҳар маъмурий судига 2020 йил 15 декабрь куни шикоят аризаси киритилиши таъминланди. Мазкур шикоят аризаси 2020 йил 25 декабрь куни суд томонидан қаноатлантирилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар филиалига фуқаронинг 2000 йилдан 2021 йилгача бўлган муддатдаги ҳақиқатда ишлаган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилди.
Адлия органлари томонидан ушбу соҳада амалга оширилаётган эзгу ишлар замирида, шубхасиз, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини қисқа фурсатларда бартараф этиш, шунингдек шу каби ҳолатларни келгусида содир этилишини олдини олиш каби пировард мақсадлар ётади.
Қўқон шаҳар адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси
Ў.Исақов