Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

2021 йил I чораги давомида келиб тушган мурожаатлар ва уларнинг кўриб чиқилиши юзасидан таҳлилий


                                                                             МАЪЛУМОТНОМА
Фарғона вилоят адлия бошқармаси Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими томонидан бошқарма ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2021 йил I чораги давомида мурожаатлар келиб тушиши
ва уларнинг кўриб чиқилиши ҳолати таҳлил қилиб чиқилди.
Хусусан, бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2021 йил
I чораги давомида 2655 та мурожаат келиб тушган. Шундан, бошқарма ва унинг тизимига бевосита 2521 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 1353 таси қаноатлантирилган, 625 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 5 та мурожаат кўрмасдан қолдирилган, 3 та мурожаат рад этилган, 136 та мурожаат тегишлилиги бўйича юборилган, 402 та мурожаат ўрганиш жараёнида.
Шунингдек, бошқарма ва тизим идораларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва ҳалқ қабулхонаси орқали
2021 йил I чораги давомида 134 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 35 таси қаноатлантирилган, 80 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 5 та мурожаат тегишлилиги бўйича юборилган,
14 та мурожаат ўрганиш жараёнида.
Вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар бошлиқлари томонидан шахсий қабулларда 1079 та, “Сайёр қабуллар”да 1041 та мурожаатлар қабул қилинган.

Келиб тушган шикоятлар бўйича:
Адлия бўлимларига 2021 йил давомида вилоятдаги давлат органлари
ва ташкилотларининг (раҳбар ходимлари) хатти-ҳаракатлари ҳамда турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларига доир келиб тушган жами 1290 та мурожаатлар (шикоятлар) нинг 955 таси ҳал этилди, шундан 592 таси қаноатлантирилди, 363 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 45 таси тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юборилди, 5 таси кўрмасдан қолдирилган бўлса, 249 та мурожаатлар ўрганиш жараёнида.
Боғдод (147 та), Риштон (121 та), Тошлоқ (107 та) тумани адлия бўлимлари шикоятларни бошқа бўлимларга нисбатан кўп қабул қилган.
Адлия бўлимларига келиб тушган шикоятларнинг хусусияти бўйича таҳлил қилинса 48,3 % (493 та) меҳнат низолари, 13,3 % (136 та) ижтимоий ҳимоя, 5,2 % (53 та) ер ҳамда уй-жой, 5,1 % (52 та) коммунал тўловлар масаласини қамраб олмоқда.
Меҳнат қонунчилиги бузилиши юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари Олтиариқ (82 та), Қува (70 та), Боғдод (66 та), Риштон
(59 та) туманларидан бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ келиб тушиб,
бу соҳада келиб тушган жами мурожаатларнинг қарийб 61 % ойлик иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаслиги масаласини ёритмоқда.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 161-моддаси тартибида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.
Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари асосан касб-ҳунар мактаблари, Халқ таълими, Мактабгача таълим бўлимлари ходимларнинг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари муддатида тўланмаганлиги аниқланди.
Хусусан, фуқаролар Хамдамова Амина ва Мирзакаримова Мукаррамхонлар ариза билан мурожаат қилишиб, ўз аризаларида Риштон туман Саноат касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўлиб ишлаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5812-сонли Фармонига асосан Фарғона вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш худудий бошқармасининг 56-к-сонли буйруғи билан М.Мирзакаримова билан, 88-к-сонли буйруқ билан А.Хамдамовалар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинганлини, бироқ меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар тўланиши лозим бўлган иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги бўйича мурожаат қилишган.
Мазкур мурожаатлар юзасидан Риштон тумани 1-сон касб-ҳунар мактабига тегишли тартибда қайта ҳисоб китоб ишларини амалга ошириш юзасидан тақдимнома киритилди.
Аниқланган ҳужжатларга асосан 17 январ 2021 йилдаги №2/3 буйруғи билан М.Мирзакаримовага 2020 йил январ ойидан 29 майгача бўлган иш даври учун касб-ҳунар коллежи директори лавозимида иш ҳақи, ўртача бир ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси, 10 кун миқдорида фойдаланмаган меҳнат таътили учун 8 937 338 сўм ундирилиб берилди. Шунингдек, А.Хамдамовага 2020 йил январ ойидан 29 майгача бўлган иш даври учун бош ҳисобчи лавозимида иш ҳақи, ўртача бир ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси, 10 кун миқдорида фойдаланмаган меҳнат таътили учун 8 175 994 сўм ундириб берилди.
Ижтимоий ҳимояга доир қонунлар ижроси юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари (мансабдор шахслари) нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан бўлмоқда.
Хусусан, Риштон тумани, Тошоғолиқ МФЙ, Э.Бадалбаев кўчаси,
1-уйда яшовчи фуқаро Х.Қодирова туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, ўз мурожаатида туман халқ банки ходимлари томонидан пенсия пулини тарқатишда лоторея тарқатиб, эвазига пенсия пулидан мажбурий равишда ушлаб қолинаётганлигидан норозилигини баён этган. Риштон туман адлия бўлими томонидан Х.Қодированинг мурожаати қонунда белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, ушбу ҳолат юзасидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Риштон туман бўлимига тақдимнома киритилди. Ушбу тақдимнома ижроси юзасидан халқ банкининг 2 нафар масъул ходимларига нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилиб, ушбу қонунбузилиш ҳолатига чек қўйилиб, фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди.
Ер ҳамда уй-жойга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг кўп қисми Кадастр агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан бўлиб, жойларда Уй-жой кодекси,
Ер кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилганликларини кўрсатади.
Хусусан, бошқарма томонидан Қува тумани, Ўзбекистон МФЙ, Беруний кўчаси, 6-уйда яшовчи фуқаро И.Каримованинг савдо дўкони давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилиб, 20 миллион сўм миқдордаги компенсация пул маблағлари тўланмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан Қува тумани ҳокимлигига 2021 йил 29 январь куни бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилди ҳамда ушбу маблағларни ундирилиши таъминланди.
Кўриб чиқилган мурожаатлар (шикоятлар) нинг 74,1 % ўз исботини топганлиги, соҳа мутахассислари томонидан унумли (ижодий) меҳнат қилмаганликлари, иш берувчи томонидан ходимларнинг меҳнат самарадорлиги кўрсатгичлари профессионал даражада бошқарилмаганлигидан далолат бермоқда.
Адлия органлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларига жами 89 та тақдимнома, судларга 311 млн. 768 минг сўмлик 144 та даъво аризалари киритилиб, мурожаат муаллифларининг жами 686 млн 553 минг сўм пул маблағлари ундирилиши таъминланди.
Бундан ташқари, кўрилган ҳуқуқий чоралар натижасида жами
34 нафар мансабдорларнинг интизомий, 3 нафар шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масалалари ҳал этилиб, маъмурий органларининг 2 та ҳужжати ижроси тўхтатилди.
Шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддасига асосан ҳар чоракда мурожаатлар мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоида бузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш бўйича таҳлил қилиниб, тизим идоралари ва тегишли ташкилотларга таҳлилий маълумотлар етказилиб келинмоқда.
Жумладан, ҳисобот даврида ўтказилган таҳлилларга кўра бошқарма
ва унинг тизимидаги идораларга келиб тушган мурожаатлар аксарияти меҳнат низолари, ойлик иш ҳақи, коммунал тўловлар ҳамда ерга доир қонун ҳужжатлари юзасидан бўлганлиги аниқланиб, маъсул ташкилотларга соҳага доир кўплаб шикоятлар келиб тушаётганлиги ҳамда уларни олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланганлиги маълум қилинади.
Ташкилий-назорат ва
таҳлил ишлари бўлими