Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Қурилиш тармоғида янги стратегия


Қурилиш тармоғида янги стратегия
(қурилиш тармоғи модернизация қилинади)

Инсоннинг хавфсиз ва қулай муҳитда яшашини таъминлаш мамлакатнинг асосий мақсадларидан биридир. Сўнги пайтларда ривожланган давлатларда бўлгани каби юртимизда ҳам қурилиш соҳаси жадал ривожланмоқда. Бу гапнинг исботи ҳар жабҳада қурилаётган бино-иншоотлар, иморатларнинг қанчалик такомиллашиб бораётганини мустақилликнинг дастлабки йилларига таққослаганимизда аниқ намоён бўлади.
Ўз навбатида ривожланиш янги-янги ислоҳотларни талаб қилиб бораверади. Шу маънода қурилиш соҳасида юзага келган тизимли муаммолардан келиб чиққан ҳолда соҳани янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 ноябрь кунги
ПФ-6119-сон “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, Фармонда аҳоли манфаати ҳамда соҳа вакиллари учун бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилган.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси ҳамда стратегияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Мазкур стратегиянинг ўзида уни ишлаб чиқиш эҳтиёжи соҳада бир қатор муаммолар мавжудлигидан келиб чиққанлиги кўрсатилган.
Жумладан, шаҳарсозлик фаолиятини техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар сезиларли даражада эскириб қолган ҳамда архитектура-қурилиш ишларини олиб боришнинг замонавий услубларини, энергия тежамкор технологиялар ва материалларни кенг қўллаш имкониятларини инобатга олмайди;
кўпчилик аҳоли пунктларида бош режалар мавжуд эмаслиги ёки бино ва иншоотларни қуришда уларга риоя қилинмаслиги ҳудудларда комплекс равишда қурилиш олиб бориш, ишлаб чиқариш ва инфраструктура объектларини жойлаштириш, тадбиркорлик, ишчанлик ва инвестиция фаоллигини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда;
шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг мукаммал эмаслиги ва оқибатда ходимларни қурилиш-монтаж ишларига ноқонуний асосда (керакли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан) жалб қилиш, ўзбошимчалик билан қурилган биноларнинг кўпайиши, қурилиш ташкилотлари ходимларининг зарур билим ва малакага эга эмаслиги қурилиш тармоғининг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда ҳамда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда, қурилган бино ва иншоотлардан кейинчалик фойдаланишда хавфсизлик талабларининг бузилишига олиб келмоқда;
амалий қурилиш фанининг ривожланмаганлиги, олий таълим муассасаларининг илмий ва моддий-техник салоҳияти заифлиги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш имконини бермайди.
Муаммолардан келиб чиққан ҳолда Стратегияда 5 та устувор йўналишлар белгиланиб, ҳар бир йўналиш бўйича бажарилиши лозим бўлган ишлар ва амал қилиниши лозим бўлган принциплар назарда тутилди:
ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш ва ушбу жараёнда жамоатчиликнинг самарали иштирокини таъминлаш;
шаҳарсозлик фаолиятининг сифати ва хавфсизлигини ошириш;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, рационаллиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, қурилиш тармоғи ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;
шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш.
Стратегияда қайд этилишича, инсоннинг яшаш фаолияти учун муносиб муҳитни, атроф-муҳит, табиий ресурслар ва маданий меросни муҳофаза қилишни таъминлаш ҳамда оммавий ва шахсий манфаатлар мувозанатига эришиш учун ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш масаласида жамоатчиликнинг ролини ошириш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Фармондаги аҳоли хавфсизлиги ва манфаати учун муҳим бўлган айрим жиҳатларга тўхталиб ўтиш жоиз.
Хусусан, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб қурилиш устидан жамоат назоратини таъминлаш мақсадида:
а) аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади. Бунда аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамаси 4 та босқичда амалга оширилади:
б) аҳоли пунктлари бош режаларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатларига мувофиқлиги юзасидан жамоат экспертизасини амалга ошириш имконияти жорий этилади;
в) аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоат назорати субъектларининг ташаббусига кўра аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш ёки унга ўзгартириш (тузатиш) киритиш механизми жорий этилади;
г) аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамасини ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.
2021 йил 1 мартдан бошлаб икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.
2021 йил 1 июнгача бирламчи рухсат бериш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни экспертизадан ўтказишдан тортиб объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча қурилиш жараёнларини назарда тутувчи Ягона маъмурий қурилиш регламенти ишлаб чиқилади.
2021 йил 1 сентябргача фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш (фото ва видеоматериаллар кўринишида) ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” электрон тизимининг яратилиши вазифаси белгиланди.
Фармон ва стратегияда барча учун аҳамиятли бўлган яна бир қатор янги қоида ва вазифалар белгланди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Фармоннинг қабул қилиниши қурилиш ишлари сифатини ошириш, соҳада жамоатчилик ўрнини ошириш, ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олишга ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Зулфиқоров Абдулҳаким
Вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи