Янгиликлар
08
“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини биласизми?
Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 20 октябрь куни имзоланган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун ушбу долзарб муаммолар ечими йўлида муҳим дастуриламал бўлди.
Мазкур қонун соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонун 19 боб, 621 та моддадан иборат. У тўғридан-тўғри амалиётда ишлайдиган хусусиятга эга бўлиб, амалдаги 3 та қонун, Президентимизнинг 12 та фармон ва қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид қабул қилинган 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнгги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида ифода этган.
Қонунда соҳага комплекс ёндашиш мақсадида барча давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, биринчи маротаба Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ишга жойлаштириш бўйича агентликлар ҳамда аутстаффинг хизматларини кўрсатувчи иш берувчиларнинг соҳадаги вазифалари белгиланди. Ишга жойлаштириш бўйича агентлар аҳолининг ишга жойлашишига кўмаклашишга доир ишларни маҳаллий меҳнат органлари билан тузилган шартномалар асосида бажарувчи жисмоний шахслардир. Уларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда ҳамда миқдорларда рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар бериш кўзда тутилган.
Аутстаффинг иш берувчи томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан бошқа юридик шахсларга ушбу ходимлар томонидан иш берувчи ва унинг ходими ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида, жамоа келишувларида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариш учун вақтинчалик юбориш йўли билан кўрсатиладиган хизматлар тури ҳисобланади.
Қонунда иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини шакллантириш, давлат буюртмасига мувофиқ иш ўринлари ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш белгиланди. Иш ўринларини ташкил этишга доир буюртмани олган ташкилотларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ссуда ажратилади. Ссуда 3 йилгача муддатга миллий валютада берилади ва битта иш ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошиб кетиши мумкин эмас.
Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат этган иш қидираётган ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизматлар сони 7 тадан 16 тага кўпаймоқда. Иш қидираётган шахсларни меҳнат органлари томонидан рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш, ишга жойлаштириш билан боғлиқ жараёнлар соддалаштирилди. Шу билан бирга, ҳужжатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар алоҳида моддаларда очиб берилмоқда.
Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш тартибга солинмоқда, жумладан, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли тоифалари кенгайтирилиб, уларга 14 ёшга тўлмаган болалари ва ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар киритилди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни белгиланган энг кам сондан ортиқча ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга қабул қилган ходим учун 12 ой давомида субсидиялар ажратилиши белгиланди. Қонунга ишсиз шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид нормалар киритилди. Жумладан, ишсизлик нафақаси миқдори 2,5 баробар оширилди. Барча тоифадаги ишсиз шахсларга ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида 26 календарь ҳафта давомида тўланиши белгиланди. Олдинги тартибга кўра, нафақа илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётганларга 12 ойлик давр мобайнида 13 календарь ҳафта тўланарди.
Амалдаги қонунда бўлмаган, ишсиз шах-сларни ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида ишсиз шахсларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 26 календарь ҳафтагача муддатга стипендия тўланиши кўзда тутилган. Стипендияларнинг миқдори 2-2,5 баробаргача ошмоқда. Масалан, ишдан ва иш ҳақидан охирги 12 ойликда маҳрум бўлганларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи-нинг 75 фоизидан, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ва ўртача иш ҳақидан кўп бўлмаган миқдордаги стипендия тўланади. Олдинги тартибга кўра, бундай шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорда бўлган.
Мазкур қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган бир қатор янги тушунчалар алоҳида моддада берилган. Ўзини ўзи иш билан банд қилиш, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий комплекси, касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими, малакани баҳолаш ва бошқалар шулар жумласидан.
Қонунга кўра, жисмоний шахсларга енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш учун ажратиладиган субсидиялар миқдори — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача, уруғлик, кўчат олиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, суғориш воситалари харид қилиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда оширилди.
Иш берувчиларни рағбатлантириш механизмлари аниқ нормаларда берилаётгани эътиборга молик. Субсидия бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган молиявий кўмакдир.
Субсидиялар иш берувчиларга маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки уларнинг малакасини оширишга доир харажатларнинг ўрнини қоплаш учун — ҳар бир ходимга олти ой давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир ярим бараваригача бўлган миқдорда ажратилади.
Хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари амалдаги қонунда берилмаган эди. Янги қонуннинг алоҳида бобида фуқароларнинг чет элларда ишлаш ҳуқуқи, чет элда ишлаш тартиби, меҳнат мигрантларининг кенг қамровли маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг кетишдан олдинги тайёргарлиги, мониторинги, моддий ва ижтимоий ҳимояси каби бандликнинг комплекс масалалари акс эттирилган.
Умуман айтганда, бугунги кунда ўта долзарб бўлиб турган бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда мазкур ҳужжат ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ташкилий назорат ва таҳлил
бўлими етакчи маслаҳатчиси
И.Абдулазизов