Янгиликлар
14
Алиментни ҳисоблаш ва олдиндан тўлаш тартиби қандай?
Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.
Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Агар алимент тўловчи ишламайдиган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.
Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.
Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Алиментларни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.
Аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади. Масалан, бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳокозо.
Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Ҳар ойлик алиментлар суммасини ҳисоблаш қуйидаги тартибда белгиланади:
а) агар ижро ҳужжатида алимент пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланган бўлса — ижро ҳужжатида кўрсатилган сумма ҳар ойлик алиментлар суммаси сифатида белгиланади;
б) агар ижро ҳужжатида алиментлар қарздорнинг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса — ойлик алимент суммаси қарздорнинг охирги ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади улушидан, бироқ ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ҳисоблаб чиқилади.
Бунда, қарздор ишсиз бўлса ёки ойлик иш ҳақи ва бошқа даромади тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинмаган тақдирда, тегишли улуш ҳисоблаш вақтида Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.
Юридик хизмат кўрсатишни
давлат томонидан тартибга
солиш бўлими етакчи маслаҳатчиси Р.Юсуфзода