Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирининг ўзига хос хусусиятлари


Маълумки, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралари билан биргаликда ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган.
Қонун лойиҳасида ҳар бир шахснинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини таъминлашга оид муносабатлар тартибга солинган.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳамма учун виждон эркинлигини кафолатлаш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик, ҳар бир шахснинг диний эътиқоди эркинлигини тўлиқ таъминлаш, шунингдек, динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий янгиликлар назарда тутилган:
қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатлар тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонунга бирлаштирилди;
виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принциплари ўрнатилди;
соҳада ваколатли бўлган давлат органларининг вазифа ва функциялари чегараси аниқ белгилаб берилди;
диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилди, хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилди, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор бўлди, давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилди, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланди.
Қуйидаги тартибларларнинг бекор бўлаётганлиги мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлашга жиддий қадам қўйилганлигидан далолат беради:
фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланмоқда;
диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор бўлмоқда;
диний ташкилотни тузиш ташаббускорларининг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;
диний таълим муссасаларида диний таълим берувчи шахсларга марказий бошқарув органининг розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда;
диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;
диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уставидан дубликат олиш тартиби бекор бўлмоқда.
Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳаси билан ўрнатилаётган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига тўлиқ мос келади.
Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид тажибалари ўрганилди, таҳлил қилинган ва улардан фойдаланилган ҳамда хорижий экспертларнинг фикрлари инобатга олинган.
Ушбу Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишини жамиятимизда диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга яққол мисол бўла олади деб ўйлайман.

Фарғона вилоят адлия бошқармасининг
Нодавлат нотижорат ташкилотлари
бўлими бошлиғи Х.Умаров