Янгиликлар
10
Конституция устунлигини таъминлаш – мамлакатимизда қонунийлик муҳитини яратишнинг ишончли гаровидир
Конституция устунлигини таъминлаш – мамлакатимизда қонунийлик муҳитини яратишнинг ишончли гаровидир
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш мақсадида тизимли равишда ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, 2021 йил 27 апрель куни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам ана шундай ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.
Маълумки, Конституциявий суд инсоният тарихида инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини барпо этиш, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда уни махсус муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилади.
Конституциявий одил судлов конституциявий назоратнинг олий шакли, замонавий демократик давлатнинг алоҳида талаби, зарурий институти бўлиб, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда қонунийлик муҳитини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини яратишнинг ишончли гаровидир.
Шунга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимизда хар бир шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминланишида муҳим қадам бўлди.
Қонунга кўра, Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди.
Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда
9 нафар судьядан иборат бўлади.
Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига қуйидагилар киритилди:
● Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил;
● Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;
● Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.
Фуқаролар ва юридик шахслар қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмоқда деб ҳисобласа ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли этиб белгиланди.
Қонунда юқоридагилардан ташқари Конституциявий суд ҳузурида тузиладиган илмий-маслаҳат кенгаши ҳуқуқий мақоми, Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва бошқа ҳужжатлари мазкур суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, Конституциявий суд судьялари кийим-бошининг тавсифи ва намунаси Сенат томонидан тасдиқланиши белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда ушбу қонун Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга, мустақиллигини мустаҳкамлашга, ваколатларини кенгайтиришга, уни шакллантириш тартибини янада демократлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, мазкур суднинг конституциявий тузум асосларини, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциянинг устунлигини таъминлашга оид фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишига замин яратади.
Фарғона вилоят адлия
бошқармаси бўлим бошлиғи
И.Абдуллаев