Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилади !


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган. Шунингдек, Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тузилган.
Ушбу “йўл харитаси”да 2021-2023 йиллар давомида мамлакатимизда Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича қуйидаги 21 та вазифаларни ўз ичига олган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш соҳасида:
• Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
• Лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида «Ўзбек тилининг имло қоидалари»ни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш;
• Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш, келишиш ва киритиш тартибини белгилайдиган қонун ҳужжатларига лойиҳаларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрлаш ва киритиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини (лойиҳаларини) ишлаб чиқиш;
• Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан келиб чиққан ҳолда, илмий лингвистик экспертизадан ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилаш;
• Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштириш учун тақдим қилинган лойиҳаларнинг давлат тили қоидаларига ҳамда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун талабларига мувофиқлиги, шунингдек, лойиҳалар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланганлиги текширилгандан кейин муҳокамага чиқариш тартибини жорий этиш;
• Ўзбек тили алифбоси ва имло қоидалари асосида транслитерацияга мўлжалланган ахборот дастурий таъминотлар учун ягона талаб ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
Алифбо ва имлони ўқитиш, тарғиб қилишни ташкил этиш соҳасида:
• Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси, имло қоидалари ва давлат тилида иш юритишни ўрганиш бўйича ўқув машғулотларини ташкил этиш;
• Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишнинг моҳиятини кенг аҳоли қатламига тушунтириш мақсадида махсус дастурлар ҳамда тарғибот чиқишларини изчил ташкил этиш.
Ўқув-услубий адабиётлар, қўлланмалар ва уларнинг электрон дастурий таъминотларини тайёрлаш ва тарқатиш соҳасида:
• Таълим муассасалари учун ўқув қўлланмалар ва бошқа адабиётларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида босқичма-босқич нашр этиб бориш;
• Мактабгача ёшдаги болаларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва янги имло қоидалари бўйича саводхонлигини шакллантиришга мўлжалланган турли кўргазмали ва тарқатма материаллар тайёрлаш;
• Факультатив ва мустақил ўрганувчилар, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва янги имло қоидаларини ўрганишга мўлжалланган услубий қўлланма ва имло, атама, жой, киши номлари, ўқув луғатлари тайёрлаш ва нашр этиш;
• Ахборот кутубхона марказлари, ташкилотлар ва бошқа кутубхоналарнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги адабиётлар билан босқичма-босқич бойитиб борилишини таъминлаш;
• Кирилл алифбосида чоп этилган ва кутубхоналарда сақланаётган адабиётларни босқичма-босқич лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги электрон кўринишларини яратиш;
• Кирилл ёзувидан лотин ёзувига (ёки аксинча) саводли ўгирадиган дастурий таъминотлар ҳамда уларнинг мобил иловаларини яратишни рағбатлантириш;
• Интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси расмий веб-сайтларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтказилишини таъминлаш.
Янги алифбодаги ёзувда иш юритишга тўлиқ ўтиш соҳасида:
• Ўзбекистон Республикаси фуқароси шахсини тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини такомиллаштирилган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш;
• Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот ишлари натижалари юзасидан тайёрланган диссертациялар ҳимояси билан боғлиқ жараёнларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш;
• Иш қоғозлари, турли бланкларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш;
• Мамлакатимиздаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонларни тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлаш;
• Марказий, маҳаллий босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолиятини тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказиш;
• Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий қилиш.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилади. Расмий веб-сайтлар, маҳалли ОАВ, интернет сайтлари, расмий ҳужжатлар ва иш қоғозлари ҳам тўлиқ лотин ёзувига ўтказилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам муҳокама учун лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида эълон қилиниши лозим бўлади.

Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари
бўлими етакчи маслаҳатчиси
И.Абдулазизов