Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Оила – муқаддас қўрғон


Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддаси)

Президентимиз раҳнамолигида ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оила ва жамият олдидаги масъулиятини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оила қуриш арафасидаги йигит-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга зарур психологик, ҳуқуқий, ижтимоий кўмак бериш, ёш оилалар учун имтиёзли кредитлар ажратишга доир амалий чора-тадбирлар бунинг ёрқин далилидир. Фарғона вилоятида ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилаётир.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудларда “Соғлом оила”, “Соғлом турмуш”, “Репродуктив саломатлик”, “Бола парвариши” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун “Соғлом авлод асослари”, “Саломатлик дарслари”дан сабоқ берилаётир. Касб-ҳунар коллежларида “Репродуктив саломатлик ва соғлом оилани шакллантириш”, “Оила ва никоҳ”, “Соғлом турмуш тарзи ва оила” дарслари жорий этилди.

Шаҳар ва туманлардаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни” машғулотлари ҳам соғлом оилани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур машғулотларда шифокорлар, ҳуқуқшунослар, хотин-қизлар қўмиталари ходимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали фаоллари ёшларга никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурати, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, оила саломатлиги мавзуларида атрофлича маълумот бермоқда.

Тошлоқ туманида ҳам бу борада ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар ижроси таъминланмоқда. Маҳаллалар томонидан оилаларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, фарзанд тарбиясида оила – мактаб – маҳалла концепциясини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан ҳамкор ташкилотлар кўмагида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари” каби спорт мусобақалари, “Намунали оила”, “Маҳалла тарихини ўрганаман” сингари кўрик-танловлар йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 18 майда қабул қилинган “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Фармонга кўра, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйган, кам таъминланган, серфарзанд оилаларга аниқ ва манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорликка жалб этиш, улар учун имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган 48 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратилди. Ўндан зиёд ёш оилаларга намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлардан харид қилишга кўмаклашилди.

– “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, соғлом ва мустаҳкам оила қарор топиши учун шароит яратишга оид ибратли ишлар ҳажми янада ортди, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Комила Кавлонова. – Бу жиҳатлар туманимизда истиқомат қилаётган оилалар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Туман ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган қатор ижтимоий лойиҳалар самарасида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, тиббий маданиятини юксалтириш, янги иш ўринлари барпо этиш, касаначиликни ривожлантириш, ёш оилалар учун микрокредитлар ажратиш, оилавий ажримларнинг олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда.

– Инсондаги барча фазилатлар дастлаб оила муҳитида шаклланади, – дейди Тошлоқ тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Дилфуза Қўзиева. – Шу боис туманимизда ёшларни оилага тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўқувчи-ёшлар ўртасида эрта никоҳнинг салбий оқибатларини тушунтириш ишларини кучайтиришга жиддий ёндашмоқдамиз. Тумандаги бешта коллежда “Ёш оила қурувчилар мактаби” мунтазам фаолият кўрсатаётир. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу мактаб машғулотларида коллежларнинг уч минг нафардан зиёд учинчи босқич ўқувчилари қатнашди. Машғулотларда тажрибали шифокорлар, психологлар, хотин-қизлар қўмиталари ходимлари иштирок этаётгани ўз самарасини бермоқда.

Оила – муқаддас қўрғон. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантириш тадбирлари замирида ҳам баркамол авлодни вояга етказиш ғояси мужассам. Зеро, оила жамият равнақининг пойдеворидир.