Янгиликлар
14
Ногиронлиги бор ёшларга субсидия ажратилади
Эндиликда 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ногиронлиги бўлган мамлакатимиз фуқаролари, яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда ўн олти ёшга тўлмаган шахс номидан мурожаат қилган унинг қонуний вакили субсидия олиш учун ариза бериши мумкин. Ариза берувчи субсидия олиш учун исталган давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-57-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининиг 2022 йил 22 июндаги Ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ушбу қонунчиликка кўра, Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Қарорининг 5-бандига мувофиқ ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш белгиланган.
Ушбу қарорда ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш мумкин. Субсидия олиш учун аризалар жорий йил учун — 2022 йил 1 августдан ва 2023 йилдан бошлаб ҳар йили — 10 январдан қабул қилиниши белгиланган.
Ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишнинг маъмурий регламентига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган ҳар бир ёшга унинг талабига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратилади. Ўқиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаслиги лозим.
Яшаш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори бир суткада ижарада яшаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизидан ошмаслиги лозим.
Ушбу Регламент қоидалари Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 4-октабрдаги 617-сон қарорида белгиланган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг бир қисмини ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилмайди.
Субсидия ҳар йили аризалар топшириш кетма-кетлиги бўйича ушбу Қарор талабларига тўлиқ мос келган 500 нафар ногиронлиги бўлган шахсга ажратилади. Жорий йилда 500 нафар талабгорга субсидия ажратилгандан сўнг субсидия бериш учун ариза қабул қилиш тўхтатилади. Субсидия ажратилгунга қадар, бироқ кетма-кетлиги бўйича субсидия ажратилган талабгорлардан кейин ариза топширган шахслар кейинги йил учун рўйхатга қўйилмайди ҳамда субсидия олиш учун келгуси йилда янгидан мурожаат қилади.
З.Эгамбердиева
Риштон туман ДХМ мутахассиси