Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Маҳалланинг эзгу ишлари


Маҳалла азалдан тинчлик-тотувлик, меҳр-мурувват, бағрикенглик, тарбия маскани бўлиб келган. Мустақиллик йилларида юртимизда фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ушбу ноёб тизимини ривожлантириш, мавқеини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлашда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётир.

Фарғона вилояти маҳаллаларида ҳам мазкур йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. “Обод турмуш йили” Давлат дастури асосида жорий йилнинг ўтган даврида уч юздан зиёд маҳалла замонавий компьютер жамланмалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланди.

“Қаймоқли гузар” – Қўқон шаҳрининг обод маҳаллаларидан. Уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган ушбу масканда кейинги йилларда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг ўзида ўндан зиёд маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Ҳудуддаги Ҳамза кўчасида ободончилик ишлари поёнига етказилди. Муқимий, Ўзбекистон кўчалари таъмирланиб, асфальт ётқизилди. “Ҳар бир оила аъзосига бир туп ниҳол” акцияси доирасида манзарали ва мевали дарахт ниҳоллари, гул кўчатлари ўтқазилди.

Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик самарасида маҳалланинг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айланиб бораётганини мазкур маҳалла мисолида ҳам кўриш мумкин.

Дилшодахон Усмонова тикувчилик тармоғини ташкил қилиб, 20 нафар маҳалла ёшларини иш билан таъминлади. Жўрахон Бекмуродова, Ёдгорхон Мелибоева, Ҳамиджон Аъзамов сингари ҳунармандлар эса ёшларга халқ амалий санъати сирларини ўргатмоқда. Шунингдек, лимончилик, паррандачилик каби тармоқлар ҳам ривожланиб бормоқда.

Ҳудуддаги қаровсиз қолган бино маҳалла ихтиёрига берилиб, ҳашар асосида таъмирланиб, “Ёшлар маркази” ташкил этилди. Марказ қошида тикувчилик цехи ишлаб турибди, тил ва компьютер тўгаракларида ёшлар ўзлари қизиққан соҳани пухта ўрганмоқда. Таҳлилларга кўра, кейинги уч-тўрт йил давомида маҳаллада ёшлар ўртасида биронта ҳам жиноят содир этилмаган.

Маҳаллада амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар юрт истиқболи, эл манфаатига хизмат қилаётир. Айни кунларда жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини юксак савияда ташкил этиш ва уни уюшқоқлик билан ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур ижтимоий-сиёсий жараённинг аҳамияти ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари борасида аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилаётир.