Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида


12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу ҳужжат экологик назорат самарадорлигини ошириш, давлат муассасалари, фуқаролик институтларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, самарали экологик назоратни амалга оширишда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим давлат дастурларини ҳал қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа жамоатчилик ташкилотларининг ролини мустаҳкамлашга қаратилган.

Жорий йилнинг июль ойида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан кейин у кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарорига кўра қонун лойиҳаси “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида чоп этилди. Қонун лойиҳасини муҳокама этиш доирасида Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, манфаатдор идоралар, Экоҳаракат, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий уюшмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоатчилик ташкилотларининг вакиллари, шунингдек, олимлар, амалиётчи мутахассислар, ОАВ вакиллари иштирокида ўнлаб анжуманлар, семинарлар, давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ўтказилди.

Шунингдек, қонун лойиҳаси Чет эл экспертлари ҳамжамиятининг (Япония, Германия, Италия, Франция, Бельгия) вакиллари иштирокида ҳам муҳокама этилди. Уларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги энг муҳим давлат дастурларини ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари самарали иштирок этиши учун ноёб имконият яратади. Қонун лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамаси чоғида бир неча минг таклифлар, фикр-мулоҳазалар ва шарҳлар келиб тушди. Шундан энг асослилари ҳужжатни иккинчи ўқишга тайёрлашда инобатга олинди.

Моддама-модда батафсил муҳокамадан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмитага ҳужжатни тайёрлаш ва уни Олий Мажлис Сенатига юборишни топшириб, қонун лойиҳасини қабул қилди.

Шундан сўнг парламент қуйи палатаси вакиллари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Бу ҳужжат “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан ишлаб чиқилган ва амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, унинг нормаларини қабул қилинган қонунга мувофиқлаштиришга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ер, Уй-жой кодексларига, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли тузатишлар киритилмоқда.

Атрофлича муҳокамадан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ҳамда депутатларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмитага ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш топширилди.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир лойиҳаси бўйича партия дастурлари ва сайловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган ўз нуқтаи назарини билдирдилар. Депутатлар кўриб чиқилган қонун лойиҳаларининг мамлакатимиздаги экологик ҳолатни яхшилаш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятимиз ҳаётидаги ролини ошириш учун муҳим эканлигини алоҳида таъкидладилар.