Янгиликлар
Конституция кенг тарғиб қилинмоқда
Марғилон педагогика колежида вилоят адлия бошқармаси, Марғилон шаҳар ҳокимлиги ва Маънавият тарғибот маркази ҳамда бошқа ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида Бош Қонунимизнинг 21 йиллик байрами муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси-мамлакатимизни демократик йўлдан ривожлантиришнинг ҳуқуқий кафолати, Бош Қомусимиз -нафақат бугунги куннинг қомуси, балки эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи ҳужжат ҳисобланади.
Шунингдек, тадбир давомида мутахассислар томонидан Конституциясининг тарихий аҳамияти, унга сўнги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмунини тушунтириш билан бир қаторда бу йил 10 декабрда “Инсон ҳуқуқлари-олий қадрият” шиори остида 65 йиллиги нишонланаётган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг ҳалқаро ҳуқуқий аҳамияти, унда мустаҳкамланган инсон, шахс ва жамият тушунчалари, инсон ҳуқуқи тўғрисида ҳам кенг тушунчалар бериб ўтилди.
Тадбир доирасида коллеж талабаларининг Конституциянинг мазмун-моҳияти, унинг моддаларида акс этган нормалар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришнинг амалий ифодалари акс этган фотокўргазмалар намойиши бўлиб ўтди.
Тадбир якунида Коллежнинг спорт, санъат ва бошқа соҳалардаги турли танлов ва мусобақаларда муносиб иштироки қолаверса, ўқишдаги намунали ҳулқи ва бошқа кўрсаткичларда юқори бўлган бир қанча талабалари коллеж маъмурияти ва меҳмонларнинг фаҳрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шундан кейин Конституция 21 йиллиги доирасида тадбир ташкилотчилари томонидан Марғилон шаҳридаги меҳрибонлик уйига ҳам ташриф буюрилди.
Ташриф доирасида Конституциямизнинг бағрикенглик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда “Хайр – саҳоват ўзбекона фазилат”мавзусида Марғилон шаҳар меҳрибонлик уйида ҳам маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига Конституциямизнинг мазмун-моҳияти уларнинг ёшига мос тарзда тушунтирилиб, уларга ҳам ташкилотчилар ва ҳомийларнинг совғалари улашилди.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар бутун вилоят миқёсида нишонланиши давом этмоқда.