Янгиликлар
Тадбиркор ҳуқуқи – қонун ҳимоясида
Фарғонада суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда хўжалик суди ходимлари, адлия, солиқ, божхона ва бошқа назорат қилувчи органлар, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси вакиллари, хорижий экспертлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш, қулай бизнес муҳитини яратиш, соҳа вакилларига имтиёз ва енгилликлар бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги қонуний ҳужжатлар ҳам такомиллаштириб борилмоқда, – дейди Фарғона вилояти хўжалик судининг раиси С.Зокиров. – Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида назорат қилувчи идораларнинг асоссиз аралашувига чек қўйилди. Рухсат бериш тартиб-таомиллари ҳамда лицензия талаб этиладиган фаолият турлари кескин камайтирилди. Хўжалик процессуал кодексига ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, шунингдек, банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилишини белгилайдиган норма киритилгани бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Давра суҳбатида юридик шахслар жавобгарлигининг либераллаштирилиши муносабати билан хўжалик судларида тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.