Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Истиқболли лойиҳалар самараси


Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инвестиция жалб этиш орқали ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самараларини бермоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида 2013 йилда тўрт юздан зиёд лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилди.

Марғилон шаҳрида енгил саноат, чарм-пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари бўйича 38 лойиҳа амалга оширилиб, 667 янги иш ўрни ташкил этилди. Оилавий тадбиркорлик йўналишидаги корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 12 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, улар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатбардошлигини ошириш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, модернизация қилиш, фаолият кўрсатмаётган ва банкротлик ҳолатидаги корхоналарга инвестиция киритиш орқали ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

“Нью ленд текс” қўшма корхонаси бир неча йил аввал фаолиятини тўхтатган эди. 2013-2015 йилларда шаҳар саноати салоҳиятини ривожлантириш дастурига мувофиқ, “Нарм текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан киритилган 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига корхона Обод турмуш йилида қайта иш бошлади. Замонавий тикув машиналари ва дастгоҳлар келтирилиб, 20 янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган аёллар қишки кийимлари ўзининг сифати ва бежиримлиги билан қисқа муддатда бозорда ўз харидорини топиб улгурди.

“Алоҳида гўшт маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамиятини модернизация қилиш учун қарийб 120 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилди ва йилига 250 тонна гўштни қайта ишлаш имконияти яратилди. Бундан ташқари, юқоридаги дастурга кўра, “Экспо коллор прин текс” хусусий корхонасида 5,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилмоқда. Яқин кунларда ишга туширилиши мўлжалланаётган янги корхонада айни пайтда замонавий дастгоҳларни ўрнатиш, бинони таъмирлаш ишлари давом этаётир.

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш борасида амалга оширилган бундай салмоқли ишлар самарасида 2013 йилда 14 маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва 5 енгил саноат корхонаси ўз маҳсулотларини экспортга чиқаришни бошлади. Жорий йилда бу борадаги ишларни янада кенгайтириш режалаштирилган.