Янгиликлар
Аскар оналари эъзозга муносиб
Фарғона шаҳридаги Офицерлар уйида Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб аскар оналарини шарафлаймиз мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, офицер ва аскарлар, уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида профессионал миллий армияни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчига, фарзандини армия сафларида кўриш ота-оналарнинг эзгу орзусига айланаётгани таъкидланди.
– Аскар оналарини шарафлашга бағишланган ушбу тадбир яхши анъанага айланиб бормоқда, – дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Зуфаржон Султонов. – Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган Ватанимиз посбонларининг оналарини ҳар қанча эъзозласак, арзийди.
Тадбирда аскарлар томонидан тайёрланган дастур, вилоят бадиий жамоалари ва таниқли санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.