Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-55-28

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Халқимизнинг бош қўшиғи


10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун.

Дунёдаги барча халқнинг ўз қўшиғи бор. Фақат озод ва ҳур мамлакатдагина ҳаммага бирдек таъсир этадиган, барча биргаликда куйлайдиган қўшиқ бўлади. Бу – ана шу мамлакатнинг давлат мадҳиясидир.

Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, “Серқуёш” сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи экани, унга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчи эканлиги белгиланган. 2010 йил 24 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонунга киритилган ўзгартишга мувофиқ, давлат мадҳияси қайси вақтларда ижро этилиши, ижро пайти тингловчилар тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб тингланиши, мамлакатимиз фуқаролари ҳамда юртимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги каби муҳим қоидалар мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямиз миллий ўзликни англаш, халқимизни ёруғ келажакка бошлаш, юртдошларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз мадҳияси Президентимизнинг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, юртимизга келган хорижий давлатлар раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, умумхалқ байрамларида, спорт мусобақаларида баралла янграмоқда.

Давлатимиз мадҳияси қабул қилинганига йигирма йил тўлди. Ўзбекистон мадҳияси озод халқимизнинг ҳур овози бўлиб, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик таронаси сифатида бутун жаҳонга таралмоқда.