Янгиликлар
Ватан ҳимоячилари шарафланди
Фарғона вилоятининг Фарғона туманида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан фестиваль бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик эл-юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва самаралари хусусида сўз юритилди. Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ишга ўзини бағишлаб, Қуролли Кучларимиз сафларида фидокорона хизмат қилаётган мард, жасур ўғлонларни вояга етказган ота-оналарга миннатдорлик билдирилди.
– Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров. – Албатта, бунда юртимиз сарҳадларини ҳимоя қилаётган ҳарбийларнинг муҳим ўрни бор. Ватан ҳимоячилари байрами арафасида уларни шарафлаш, миллий армиямизнинг қудрати ҳақида сўз юритиш айни муддаодир.
Фестивалда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, миллий ўйинлар кўргазмаси ташкил этилди. Она, Ватан, тинчлик ва истиқлолни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Тадбирда Фарғона вилоятининг ҳокими Ш. Ғаниев сўзга чиқди.