Янгиликлар
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг сессияси
Шу йил 14 декабрь куни халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятида саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқларда замонавий уйлар барпо этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётганини таъкидлади.
Жорий йилнинг якуни бўйича вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 106,7 фоиз, жумладан, қишлоқ хўжалигида 107,5 фоиз, хизматлар бўйича 117,2 фоизни ташкил этиши, пудрат ишларида эса 12 фоиз ўсишга эришиш кутилаётганини қайд этиш лозим, деди давлатимиз раҳбари. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2000 йилга нисбатан 1,7 баробар ошди.
Президентимиз ўз нутқида вилоятда амалга оширилаётган улкан ишларни қайд этиш билан бирга олдинда турган вазифалар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра, Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилояти ҳокими этиб сайланди.
Сессияда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раиси Энахон Сиддиқова, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлими раиси Акрамжон Йўлбарсов, Фарғона давлат университети талабаси Гўзалхон Эргашева сўзга чиқиб, Президентимиз нутқида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари ҳар томонлама чуқур таҳлил этилиб, истиқболдаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилганини, вилоят аҳли билдирилган фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, ислоҳотлар самарасини янада юксалтириш, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш учун астойдил меҳнат қилади, деб таъкидладилар.
Президентимиз Ислом Каримов шу куни Фарғона шаҳри марказий қисмини реконструкция қилиш дастурига асосан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Қурилиш ва шаҳарсозлик ишларида Фарғонанинг ўзига хос табиий иқлим шароитини эътиборга олиш лозим, деди Ислом Каримов. Шу билан бирга, ландшафт архитектурасидан кенг фойдаланиш, кўкаламзорлаштириш ишларини тизимли ташкил қилиш шаҳарда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жараёнида доимий эътибор марказида бўлиши даркор.
Давлатимиз раҳбари янги барпо этилаётган стадион ва санъат саройи қурилиши билан ҳам танишиб, мазкур иншоотлар қурилишини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.