Янгиликлар
Соғлом оила – жамият таянчи
Фарғонада "Соғлом бола йили" Давлат дастури ижроси юзасидан “Соғлом оила – фаровон жамият асоси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Фарғона вилояти адлия, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари масъул ходимлари, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари раислари иштирок этган тадбирда соғлом оилани қарор топтириш, эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Хўжаева ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида оила институтини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шу орқали соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар, жисмоний ва маънан соғлом, мустақил фикрлайдиган, дунёқараши кенг, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир шахсларни камолга етказиш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятини ана шу эзгу мақсадга сафарбар этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, тиббий маданиятни юксалтириш ва ёшларнинг никоҳга оид тушунчаларини кенгайтиришда бундай тадбирларнинг аҳамияти катта, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Дилором Ғофурова. – Бугунги тадбирда ҳам маҳалла фаолларининг бу борадаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.