Янгиликлар
Тадбиркорлик ривожи йўлида
Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, соҳа вакилларига зарур амалий кўмак бериш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори бизнес субъектларининг эркин фаолият юритишини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Бугун тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиб, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш фақат солиқ органлари томонидан амалга оширилмоқда. Ҳисобот тақдим этишнинг барча шакл ва турлари кескин қисқартирилди. Тадбиркорларнинг ўз ишини ташкил этиши билан боғлиқ сарф-харажатлар сезиларли даражада камайди.
Соҳа вакиллари дуч келаётган муаммоларни ҳал этишда вилоятда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Тадбиркорлар куни” этиб белгилангани қўл келмоқда. Бу тадбирларга адлия, солиқ, статистика, божхона органлари масъул ходимлари ҳамда ҳокимлик, тижорат банклари вакиллари таклиф этилмоқда. Ўтказилган учрашувларда тадбиркорлар томонидан билдирилган 300 дан ортиқ турли муаммоли масалалар ечими юзасидан манфаатдор идораларнинг зарур тадбирлари белгиланиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёзлар, қурилиши тугалланмаган ва бўш турган объектлар, кам қувват билан ишлаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.