Янгиликлар
Марказий сайлов комиссиясида
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ жорий йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни ташкил этади ва ўтказади.
Мажлисда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури кўриб чиқилди.
Мажлис иштирокчиларининг фикрича, 2009 йилдаги сайловлардан кейин мамлакатимизда сайлов қонунчилигини янада либераллаштириш ва такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар бўлажак сайловларни энг демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ тарзда ўтказишнинг муҳим омилига айланади.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қоидаларини татбиқ этиш бунга кўп жиҳатдан имкон берди.
Концепция доирасида сайлов қонунчилигига сайлов ҳуқуқи эркинлиги принципининг тўлиқ амалга оширилишига, мамлакатимиз сайлов тизимининг янада демократлашувига, депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш борасида тенг шарт-шароитлар яратиш самарадорлигини оширишга, шунингдек, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг очиқлиги ва шаффофлиги принципларини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Сайлов мобайнида шаффофликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.
Концепция қоидаларини ривожлантирган ҳолда, 2014 йилнинг апрель ойида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонун ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқлари фаолиятини янада демократлаштириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлмиш партиялараро рақобатни кучайтиришнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Юқорида зикр этилган қонунга мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни давлат ҳокимиятининг бошқа қайсидир органлари аралашувисиз таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилди, унинг фаолият кўрсатиш механизми, фаолиятининг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат бўлган асосий принциплари белгиланди. Буларнинг барчаси сайловларнинг демократлилигини, очиқлиги ва ошкоралигини, қонунийлигини ҳар томонлама таъминлашнинг энг муҳим кафолатига айланди.
Муҳокама давомида таъкидланганидек, дастурда сайлов компаниясининг барча босқичларида шаффофлик, ошкоралик, очиқликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар, тайёргарлик кўриш ва сайлов жараёнини ташкил қилиш ишларини қонунчиликка мувофиқ тарзда амалга ошириш назарда тутилган.
Дастур сайлов қонунчилиги қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш бўйича ахборот-таҳлил ишларини самарали ташкил этиш учун шарт-шароитларни таъминлаш, миллий сайлов тизимини янада демократлаштиришнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, сайловчиларнинг бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидан хабардорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича халқаро, республика ва минтақавий тадбирлар ўтказишни назарда тутади.
Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини, мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ана шу дастурларда ўз ифодасини топган позицияларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилади.
Мажлис иштирокчилари тадбирлар дастури сиёсий партияларнинг давлат органларини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиши ва эркин рақобатлашиши, фуқароларнинг вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишлари учун зарур шарт-шароитларни таъминлашини алоҳида таъкидладилар.
Мажлисда муҳокама натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.