Янгиликлар
Идоравий қонун ижодкорлиги
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Фарғона вилоят Статистика бошкармасининг мажлислар залида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимлари Фарғона вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, вилоятнинг туман (шаҳар) ҳокимликларининг ҳуқуқшунослари ва ташкилий назорат гуруҳ раҳбарлари, вилоятдаги давлат бошқаруви органларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Мазкур ўқув семинар машғулоти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норма ижодкорлиги фаолияти соҳадаги тизимли камчиликларни бартараф этиш ҳамда уларга келгусида йўл қўймаслик, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, жойларда норма ижодкорлигини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилди.
Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш ҳисобланади.
Бу борада эришилган ютуқларнинг замирида 2013 йилнинг 1 февралида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида” йўриқнома нинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Йўриқномада лойиҳаларни тайёрлашни ташкиллаштириш; унинг матнига ва тузилишига қўйиладиган талаблар; лойиҳани расмийлаштириш; қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги лойиҳаларни тайёрлашнинг хусусиятлари; маҳаллий давлат ҳокимияти органининг юридик хизмати ходими томонидан лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш; лойиҳани манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишиш, лойиҳани адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг муҳим жиҳатлари ёритиб берилди.
Энг муҳим янгиликлардан бири – халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг лойиҳалари мазкур Кенгашлар сессиялари ўтказилишидан камида ўн кун олдин адлия бошқармасига тақдим этилиши ҳамда адлия бошқармалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган халқ депутатлари Кенгашлари қарорларининг лойиҳалари Кенгаш муҳокамаларига киритилмаслиги бўлди.
Шу билан бирга Йўриқномада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятдаги қарорлари лойиҳалари уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлили амалга оширилиши белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятларини ўрганиш жараёнида юзага келаётган камчиликларни сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларга келгусида йўл қўймаслик мақсадида Адлия вазирлиги томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вазирлик томонидан жойларда сайёр семинарлар ташкил қилиниши амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича аниқ тавсия ва кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Маълумот учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва расман эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг расмий сайти ҳисобланган “Lex.Uz” миллий қонунчилик базасида жойлаштириш ишлари ташкил этилган.
Тадбир давомида адлия органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилган ишлар, мавжуд камчиликлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашилди.