Янгиликлар
Соғлом ва баркамол авлод тарбияси
Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбати юқоридаги масалага бағишланди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенатига вилоятдан сайланган сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, халқ депутатлари туман(шаҳар) Кенгашлариниг доимий комиссия раислари, вилоят бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, туман(шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарлари, туман (шаҳар) Маънавият тарғибот маркази бўлими раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳабарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган, Олий Мажлисининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М.Хўжамбердиев мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида вояга етмаганлар ва ёшлар тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш борасидаги ислоҳотларни тизимли, босқичма-босқич амалга ошириш стратегияси белгилаб олингани, мазкур ислоҳотларнинг асосий мақсади вояга етмаганлар ва ёшларни камол топтириш, иқтидорини тўла-тўкис рўёбга чиқариш учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат бўлиб, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирлар ҳам аввало, шу муҳим масалаларни ҳал қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида аввало, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифа этиб қўйилганлигини, биринчи навбатда, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланганлини қайд этиб ўтдилар.
Дастур доирасида ишлаб чиқилиши режалаштирилган саккизта қонун лойиҳаси шу жумладан, “Болаларни жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлиги тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ёш авлодимизнинг манфаатларини таъминлашни кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш заруриятини тақозо этаётгани тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.
Тадбир сўнгида ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш бўйича тегишли тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.