Yangiliklar
Тадбиркорни қўллаб-қувватлаш бугуннинг муҳим вазифаси
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил октябрь ойи давомида “АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ” лойиҳаси доирасида Республикамизнинг барча ҳудудларида маҳаллий давлат ҳокимияти, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича аноним сўровлар ўтказилиши назарда тутилган.
“Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган аноним сўровномаларда асосий эътибор давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ўз фаолиятларига боғлиқ бўлмаган ишлар, яъни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, қишлоқ хўжалигининг мавсумий ишларига, маҳаллий давлат ҳокимияти, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди билан турли йиғилишлар ва бошқа тадбирларга, турли кўринишларда ҳомийлик ишларига жалб этилиши, тадбиркорлик фаолияти юзасидан текширишлар ўтказиш, тадбиркорнинг мол-мулкини ёки мулкий ҳуқуқларини топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, тадбиркорлик фаолиятига тегишли банк операцияларини ноқонуний тарзда тўҳтатиб туриш ҳамда ваколатли органлар томонидан асоссиз йиғимлар тўлашни талаб этиш ҳолатлари ўрганишга қаратилган.
Лойиҳа ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон туман адлия бўлими томонидан жорий йил октябрь ойининг ўтган даври давомида 150 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларини ушбу лойиҳа билан таништириш ҳамда ўз фаолиятларида мавжуд муаммоларни аниқлаш мақсадида аноним сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларни ўтказиш жараёнига тумандаги барча тадбиркорлик субъектларини қамраб олиш ва туманнинг узоқ ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини юритаётган субъектларга алоҳида эътибор қаратиш белгилаб олинди.
Шунингдек, бўлим томонидан белгиланган режага мувофиқ жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар, ҳуқуқий тарғибот тадбирларида аҳолини тадбиркорлик соҳасига доир қонун ҳужатлари, уларнинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти билан таништирилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар бериб келинмоқда.
Адлия идоралари томонидан бу борада олиб борилаётган ишларнинг асл мақсади тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларни фаолият юритишлари учун шарт-шароит, имкониятларни яратиш мақсадида қабул қилинаётган Президент Фармонлари, Қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойларда ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш, мавжуд муаммолари қонуний ечимини топиш ва ҳал этилишига эришишдан иборат.
Ўзбекистон туман адлия бўлими
Фарғона вилоят адлия бошқармаси ҳамда тизимдаги туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2019 йил 9 ойлиги давомида келиб
тушган мурожаатлар ва уларнинг кўрибчиқилиши
юзасидан ўтказилган умумлаштириш
МАЪЛУМОТИ
2019 йил 10 октябрь Фарғона шаҳар
Фарғона вилоят адлия бошқармаси Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими томонидан бошқарма таркибий бўлинмалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимларига (кейинги ўринларда адлия бўлимлари деб юритилади) 2019 йилнинг 9 ойлиги давомида мурожаатлар келиб тушиши ва уларнинг кўриб чиқилиши ҳолати таҳлил қилиб чиқилди. Таҳлил бошқарма таркибий бўлинмалари ва адлия бўлимлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилди.
Бошқарма таркибий бўлинмалари ҳамда адлия бўлимларига ўтган ярим йилликда жами 6276 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг
5951 таси (94,8 %) ҳал этилган, 4753 та (79,8%) мурожаат қаноатлантирилган, 1193 та (20 %) мурожаат натижаси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 244 таси (3,8%) тегишлилиги бўйича юборилган, 6 таси кўрмасдан қолдирилган, 5 таси рад этилган, 85 таси
(1,3 %) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Келиб тушган шикоятлар бўйича:
Ўтган даврда бошқарма ва тизимдаги адлия бўлимларига 3216 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 3059 таси (95,1 %) ҳал этилган,
Ҳал этилган шикоятларнинг 2531 таси (82,7%) қаноатлантирилган, 527 тасига
(17,2%) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган шикоятларнинг 120 таси (3,7%) тегишлилиги бўйича юборилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси рад этилган, 42 таси (1,3 %) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Бошқарма таркибий бўлинмаларига 398 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 316 таси (79,3 %) ҳал этилган, Ҳал этилган шикоятларнинг 120 таси (37,9%) қаноатлантирилган, 196 тасига (62 %) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган шикоятларнинг 81 таси (20,3%) тегишлилиги бўйича юборилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган, 8 таси (2%) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Адлия бўлимларига 2818 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 2743 таси (97,3 %) ҳал этилган. Ҳал этилган шикоятларнинг 2411 таси
(87,8%) қаноатлантирилган, 331 тасига (12 %) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган, 1 таси рад қилинган. Келиб тушган шикоятларнинг 39 таси (1,3%) тегишлилиги бўйича юборилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 34 таси (1,2%) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Адлия бўлимларига 2019 йил 9 ойлиги давомида келиб тушган шикоятларнинг 44 таси адлия бошқармаси орқали юборилган.
Ўтган даврда адлия бўлимлари томонидан 38 та шикоят мутахассислар жалб қилиш механизми орқали ҳал этилган.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича жами 301 та, шундан адлия бўлимлари томонидан жами 281 та тақдимнома киритилган.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича жами 468 та 1 679 167 минг сўмлик, шундан адлия бўлимлари томонидан судларга жами 1 371 305 минг сўмлик 435 та даъво аризалари (шунингдек аризалар) киритилиши таъминланган.
Шунингдек, шикоятларнинг қаноатлантирилиши натижасида вилоят бўйича жами 55 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар берилган.
Адлия бўлимлари томонидан шикоятларни кўриб чиқилиши натижаси бўйича жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 10 та таклифлар киритилган.
Бундан ташқари, кўрсатилган даврда адлия органлари томонидан
216 та бошқа турдаги таъсир чоралари қўлланилган.
Киритилган барча таъсир чоралари асосида вилоятда жами 107 нафар шахслар интизомий жавобгарликкка тортилган. Шундан 6 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. 2019 йил 9 ойлиги якуни ҳолатига
20 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинган 32 та ҳужжат бекор қилинган ёки ижроси тўхтатилган. Ҳисбот даврида 1 428 397 минг сўм миқдордаги сумма ундирилишига эришилган.
Келиб тушган шикоятлар хусусиятлари бўйича таҳлил қилинганида қуйидагилар маълум бўлди.
908 та (28,2%) шикоят меҳнат низолари юзасидан (шундан 456 таси ойлик иш ҳақи олиш масаласида бўлган), 503 та (15,6%) шикоят уй-жойга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 397 та (12,3 %) шикоят ижтимоий ҳимояга доир қонунлар ижроси юзасидан, 308 та (9,5%) шикоят ерга доир қонун ҳужжатларига оид, 102 та (3,1%) шикоят коммунал тўловлар юзасидан, 96 та (2,9%) шикоят таълимга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан,
82 та (2,5%) нотариатга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан келиб тушган.
Ўз навбатида қаноатлантирилган шикоятларнинг хусусияти ҳам умумий келиб тушган шикоятлар хусусиятига мутаносиб равишда кўрсаткичга эга бўлган. Хусусан, жами қаноатлантирилган шикоятларнинг 819 таси (32,3%) меҳнат низолари юзасидан (шундан 467 таси ойлик иш ҳақи олиш масаласида), 430 таси (16,9%) уй-жойга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 341 таси (13,4%) ижтимоий ҳимояга доир қонунлар ижроси юзасидан, 251 таси (9,9 %) ерга доир қонун ҳужжатларига оид,
75 таси (2,9%) коммунал тўловлар юзасидан бўлган.
Келиб тушган аризалар таҳлили
Ўтган даврда бошқарма ва тизимдаги адлия бўлимларига 3060 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 2892 таси (94,5 %) ҳал этилган.
Ҳал этилган аризаларнинг 2222 таси (76,8%) қаноатлантирилган, 666 тасига
(23%) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган аризаларнинг 124 таси (4%) тегишлилиги бўйича юборилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган, 4 таси рад этилган, 43 таси (1,4 %) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Бошқарма таркибий бўлинмаларига 571 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 498 (87,2 %) таси ҳал этилган. Ҳал этилган аризаларнинг 135 таси қаноатлантирилган, 363 тасига нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган аризаларнинг 56 таси тегишлилиги бўйича юборилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган 17 таси кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Адлия бўлимларига 2489 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг
2394 таси (96,1%) ҳал этилган. Ҳал этилган аризаларнинг 2087 таси (87,1%) қаноатлантирилган, 303 тасига (12,6 %) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган, 4 таси рад қилинган. Келиб тушган аризаларнинг 68 таси тегишлилиги бўйича юборилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 26 таси кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Умумлаштириш натижаси жойларда ҳанузгача асосан меҳнат муносабатлари соҳасида, хусусан ойлик иш ҳақлари, иш ҳақига тенглаштирилган тўловлар тўланиши, штат қисқариши муносабати билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш, ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши, ёшга доир пенсияга чиқиш, моддий ёрдам олиш, бола парваришлаш таътилига чиқиш ва қайтиш, давлат дастурлари асосида кредитлар олиш ва тўлаш тартиби, коммунал тўловларни тўлаш ва ундириш масалалари билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушиши кўп эканлигини кўрсатмоқда.
Қонун хужжатларини, шунингдек соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиққан таклифлари, меҳнат ва ижро интизомига риоя этиши, жамоат ишларида ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирларидаги фаол иштирокини инобатга олган ҳолда 2019 йил сентябрь ойининг ЭНГ ЯХШИ ХОДИМИ бошқарманинг Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими етакчи маслаҳатчиси Абдуллаев Иқболжон Эркинжон ўғли деб топилди.
Шу муносабат билан Фарғона вилоят адлия бошқармаси жамоаси Абдуллаев Иқболжон Эркинжон ўғлининг келгусидаги фаолиятига омад тилаган ҳолда унинг фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш борасида қўшиб келаётган самарали ҳиссаси учун чуқур миннатдорчилик билдиради.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармонига асосан, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия бўлимлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, иш ҳақлари ўз вақтида тўланиши ва иш хақлари хисобланишида ходимларнинг розилигисиз пул маблағлари ушлаб қолиниши ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилишда ва меҳнат таътилларини тайинлашда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилмаётганлиги аҳволи ўрганилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тегишли тартибда адлия бўлимларининг тақдимномаси ёки судга киритилган даъво аризалари асосида тикланмоқда.
2019 йил давомида Бешариқ тумани адлия бўлимга фуқаролардан инсон ҳуқуқларига доир 45 та шикоят ва 149 та аризалар келиб тушди.
Шундан 45 та шикоятлар кўриб чиқилиб тўлиқ қаноатлантирилди, 149 та аризаларни кўриб чиқиш натижаларига кўра 148 таси қаноатлантирилди
1 та аризага ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва бунга олиб келувчи шарт шароитларни бартараф этиш тўғрисида 15 та тақдимномалар киритилди.
Шунингдек, ходимларга асосий меҳнат ҳуқуқлари, мажбурий меҳнат, меҳнат шартномаси, иш вақти, таътиллар, меҳнатга ҳақ тўлаш, интизомий жазолар, тиббий кўрик, аёллар ва ёшлар учун берилган имтиёзлар тўғрисида тарғибот-тадбири ўтказилди ҳамда ходимлар ўртасида уларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди.
Ўрганишларда тумандаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида 2638 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 232-моддаси 1-бандида кўрсатилган “ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилиши” қонун талаблари Тиббиёт бирлашмаси томонидан бузилганлиги аниқланди.
Тиббиёт бирлашмасининг 15 нафар ходимлари қонунда белгиланган қўшимча таътилдан фойдаланишни таъминлашга амалий ёрдам берилиши тўғрисида мурожаат қилишди ва ушбу мурожаатлар қаноатлантирилиши таъминланди.
Шунингдек тумандаги давлат органлари ва ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигининг 2001 йил 4 майдаги 189-В ва 41-сон қарори билан тасдиқланган “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги 1031-сонли низомнинг 2-банди талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди.
Жумладан туман Тиббиёт бирлашмасининг 225 нафар, Ободонлаштириш бошқармасининг 115 нафар, Қишлоқ хўжалик бўлимининг 15 нафар, Ирригация бўлимининг 55 нафар ходимларидан ариза олмаган ҳолда уларнинг розилигисиз иш хақидан ушлаб қолиниб ушланган маблағларни коммунал тўловларга ўтказиб келинган.
Аниқланган ушбу қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Фарғона вилояти Бандлик бошқармасига 3 нафар масъул мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар юборилиб маъмурий жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.
Бешариқ туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси
Б.Абдужабборов.
Миллий қонунчилигимизда инсонийлик
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3666-сон Қарори билан Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилган бўлиб, улардан бири фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш қайд этилган.
Жумладан фуқаро Джалилова Лилия Усеиновна Қувасой шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўзига тайинланган пенсиядан 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўмга чегирма қўйилиб, кам тўлаётганликларини, бу қарздорликда унинг айби йўқлигини, мазкур ҳолатни суд орқали қайта кўриб чиқиб, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорини қонунга хилоф деб топиб, адолатли қарор чиқарилишида амалий ёрдам беришни сўраган. Фуқаро Л.Джалилова 1948 йил 16 апрель куни Қувасой шаҳрида туғилган, миллати татар, II-гуруҳ ногирони ва ҳозирда Қувасой шаҳар, Гулистон МФЙ, Б.Машраб кўчаси, 10-уйда I-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғи билан бирга яшаб келмоқда. Л.Джалилова соғлиғи ёмонлиги сабабли 25.02.1998 йилда II-гурух ногиронлик билан пенсия тайинлашни сўраб Ижтимоий таъминот Қувасой шаҳар бўлимига мурожаат қилган. Тақдим этган ҳужжатларини кўриб чиқиб 13.02.1998 йилдан 3571 сўм миқдорида II-гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлаган. Шундан сўнг, Фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига асосан босқичма-босқич оширилиб келинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.10.2018 йилдаги ПФ-5553-сон Фармонига асосан фуқаронинг пенсия миқдори 01.11.2018 йилдан бошлаб 1 265 035,20 сўмга етказилган. БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими 2018 йил декабр ойида Фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдорини камайтириб қўйишди. Бунинг сабабини сўраб мурожаат қилганида Фуқаро Л.Джалилованинг мурожаатига жавобан берилган маълумотномада Пенсия жамғармаси маблағларини мақсадли ва манзилли сарфланиши юзасидан бўлимда ўтказилган текшириш жараёнидан унга тегишли пенсия йиғма жилди ўрганилганда пенсия миқдорини ҳисоблаш жараёнида инобатга олинган 1993-1997 йиллардаги иш хақлари бир йиллиги жамланиб январь ойига хато киритилганлиги, 1993-1997 йиллардаги ишлаб олган ойлик иш ҳақи миқдорлари ойма-ой киритилганда бир ойлик пенсия миқдори 1 265 036 сўмдан 902 429,69 сўмга камайганлиги, натижада ўтган даврлар учун (13.02.1998 йилдан 30.11.2018 йилга қадар) жами 21 897 287 сўм миқдорда жамғарма маблағлари ортиқча тўланганлигини, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарори билан пенсия миқдорига 30 фоиз миқдорида чегирма қўйиш орқали ундиришга қаратилганлиги маълум қилинган. Шунингдек, Фуқаро Л.Джалилова 1998 йилда II-гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлашни сўраб мурожаат қилганида барча иш ҳақларини ойма ой кўрсатилган ҳолда маълумотнома тақдим этган. Ваҳолангки шундан сўнг фуқаро Л.Джалилова пенсия жамғармасига пенсия миқдорини қайта ҳисоблашларини сўраб мурожаат қилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 65-моддаси б-банди 2-хат боши қоидасига кўра, пенсионер Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади. Амалда ундирувчи БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан мурожаатчини хабардор қилмай, юқоридаги қоидалар қўпол равишда бузилиб, 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарори билан 1998 йил 13 февралдан 2018 йил 30 ноябргача бўлган давр учун 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўм ортиқча тўланган деб асосиз (ноқонуний) ҳисобланган ва 30 фоиз миқдорида чегирма қўйишга нотўғри хулоса қилинган. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2016 йил 5 октябрдаги 77-сон буйруғи билан тасдиқланган “Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирма қилиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 11-банди 3-хат бошида “техник хато” деб, дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ хато эътироф этилиши белгиланган. Бундай хато деб, шунингдек пенсия таъминотига оид имтиёзларни қўллашда нотўғри шарҳлаш (услубий китоб, қўлланма ва кўрсатма хатлар фойдаланган ҳолда), пенсия ҳисоблаш учун қўлланиладиган иш ҳақини қайта ҳисоблашда коэффициентларни нотўғри танлаш, пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш учун бошланғич маълумотларни нотўғри кўрсатиш, пенсия ва нафақаларни икки маротаба ўтказиб юбориш, бир давр учун бир нечта асосларга кўра тўлашни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоб-китоб қоидаларига риоя этмаслик ҳам тушунилади.
Мазкур йўриқноманинг 12-банди қоидасига кўра комиссия қарори асосида чегирмалар қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида – 10 фоиз. Мазкур ҳолатда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарорининг асос қисмида “дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш” баён қилинган бўлсада, 30 фоиз миқдорида чегирма қўйишга нотўғри қарор қилинган.Бундан ташқари БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорига асос ҳисобланган, бўлимда ўтказилган текширишда аниқланган ортиқча тўлов жадвалида “Хато камчилик сабаби: Иш ҳақлари дастурга нотўғри киритилиши натижасида ортиқча тўлов” – деб баён этилган. Бу ҳолатда қонунчилик ва ҳуқуқий мантиқийлик хато тайинланиш сабабли келиб чиққан барча оқибатларнинг хато эканлигини англатади, яъни хато тайинлаш хато тўловни келтириб чиқарган. Бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086-сон Қарори 28-банди, 2-хатбошисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 2019 йил 1 январь ҳолатига пенсияларни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида аниқланган фуқароларга ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш вазифаси топширилган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан тегишли тартибда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарори билан фуқаро Л.Джалиловага пенсияни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида 1998 йил 13 февралдан 2018 йил 30 ноябргача бўлган давр учун аниқланган 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўм ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра ва қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаро Л.Джалилованинг мурожаатини мазмунан кўриб чиқиш ва конституциявий ҳамда фуқаровий ҳуқуқларини амалга оширишда амалий ёрдам бериш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган “Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан Қувасой шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳар маъмурий судига мансабдор шахс хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш юзасидан шикоят аризаси киритилди ва миллий қонунчилигимизнинг инсонийлик тамойилиги асосланган ҳолда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорини қонунга хилоф деб топишни;
БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими зиммасига ижтимоий адолат ва инсонийлик принципларини инобатга олиб фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдоридан аниқланган ортиқча тўлов миқдорини (қарздорликни) ҳисобдан чиқариш мажбуриятини юклаб бериш сўралди.
2019 йил 30 апрель куни Қува туман маъмурий суд томонидан Қувасой шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида адлия бўлимининг фуқаро Л.Джалилованинг манфаатларини кўзлаб киритган мазкур талаблари қаноатлантирилди.
Изоҳ ўрнида шуни айтиш лозимки қонунлар инсон омили ва инсонийлик тамойилини устун қўйиши – ҳуқуқни тўғри қўллаш амалиётини изчил ва бир хилдалигини таъминлашда эътибор бериш лозим бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим жихатларидан биридир. Бунда миллий ҳуқуқ тизимнинг роман-герман ҳуқуқ оиласига мансублигидан англо-саксон ҳуқуқ оиласига кўчиб ўтишини (суд прецеденти устун бўлиб қолишини) олдини олиш, шахсни давлат муассасалари, ташкилотлари ва корхоналари томонидан “судга бор” “судни қарори керак”, “буни фақат суд хал қилади” қабилидаги рад этишларига нисбатан чек қўйиш, аниқ ёки мавҳум бўлган ҳуқуқий норма – қоидаларини агар у жамият ва ўзга шахслар манфаатига дахл қилмаса мурожааат қилувчи шахснинг фойдасига ёки ҳуқуқлари тикланишиги талқин этиш лозим бўлади.
Қувасой шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси
3-даражали юрист Э.Комилов
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси – устувор вазифа
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармонига асосан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлашда Учкўприк туман адлия бўлими ходимлари томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, Учкўприк тумани Тўқсонқовун қишлоғида яшовчи фуқаро Эргашев Хайитбойнинг Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимининг пенсиясидан 4.999.050 сўм ушлаб қолиш ҳақидаги
2017 йил 20 ноябрдаги 109-сонли қароридан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, бўлим томонидан фуқаро манфаатини кўзлаб Учкўприк тумани Маъмурий судига “БТПЖ Учкўприк тумани бўлимининг қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида” шикоят ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан шикоят ариза қаноатлантирилиб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимининг
2017 йил 20 ноябрдаги 109-сонли қарори қисман бекор қилинди, Х.Эргашев
2006-2016-йилларда аниқланган қарздорликдан озод этилди. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимига Х.Эргашевнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузилишини бартараф этиш мажбурияти юклатилди. Фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Худди шундай, Учкўприк тумани Қоракўл қишлоғида яшовчи фуқаро Эргашев Назирнинг Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимининг пенсиясидан 10.981.662 сўм ушлаб қолиш ҳақидаги
2018 йил 25 майдаги 71-сонли қароридан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, бўлим томонидан фуқаро манфаатини кўзлаб Учкўприк тумани Маъмурий судига “БТПЖ Учкўприк тумани бўлимининг қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида” шикоят ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан шикоят ариза қаноатлантирилиб, Н.Эргашев
2009-2016-йилларда аниқланган қарздорликдан озод этилди. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимига Н.Эргашевнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузилишини бартараф этиш мажбурияти юклатилди.
Худди шу каби фуқаролар Султонова Мухаббат Махмудовнанинг, Қўлдашев Эминжоннинг, Темирова Хамрансанинг, Абдураимов Хужамбердининг, Тошматова Турсунойнинг, Олимова Саломатойнинг, Тешабоев Расулжоннинг, Джалилова Раънохоннинг, Сайдалиева Одинахоннинг, Кимсанова Ойдинсанинг, Норматова Зебинсанинг, Абдурахмонова Жамиланинг, Абдуллаева Бусоранинг Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимининг пенсиясидан маблағ ушлаб қолиш ҳақидаги қароридан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, бўлим томонидан фуқаролар манфаатини кўзлаб Учкўприк тумани Маъмурий судига “БТПЖ Учкўприк тумани бўлимининг қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида” шикоят аризалар киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорларига асосан шикоят аризалар қаноатлантирилиб, 15 нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Унутманг инсон ҳуқуқлари энг олий қадриятдир, уларни ҳимоя қилиш адлия органларининг устувор вазифасидир.
Ф.Ф. Мамажонов
Учкўприк туман адлия
бўлими етакчи маслаҳатчиси
Хар бир давлат ғазнаси албатта, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда божхона тўловлари асосида шакиллантирилади. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш натижасида давлат ва солиқ тўловчи (жисмоний ва юридик шахс) ўртасидаги ижтимоий муносабатлар вужудга келади.
Солиққа оид муносабатларини тартибга солиш учун бир қатор норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар асосида солиқ тарғиботининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида солиқ органларидан тегишли ахборотларни олиш солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари (СК 31-модда) сифатида акс эттирилган бўлса, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунда солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган ахборот-маслаҳат хизматлари соҳасини кенгайтириш давлат солиқ хизмати органларининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Қонунчилигимиздаги мазкур нормалар орқали солиқ тўловчиларнинг солиқ маданиятини янада ошириш, солиқ тўловчиларнинг билим савиясини юксалтириш, пировардида натижада эса солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ихтиёрий равишда тўлашга асос бўлиб хизмат қилади.
Ривожланган мамлакатлар, жумладан, Япония, Жанубий Корея ва Германия давлатлари тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, солиқ маданиятининг юқори бўлиши жамоатчилик муносабатларининг (Public relations) кенг шаклланганлиги билан бевосита боғлиқдир. Шу билан биргаликда, мазкур давлатларла солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий онги ва давлат олдидаги мажбуриятини бажаришга маъсулият билан қарашлари билан ҳарактерланади.
Солиқ тўловчиларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг моҳияти қанчалик тушунарли бўлса, улар мазкур мажбуриятларини онгли равишда амалга оширадилар. Вахоланки, бу борада солиқ тўловчиларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича ахборот-маслаҳат хизматларини кўрсатиш, уларнинг солиқларни тўлаш борасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Солиқ маслаҳати хизматини кўрсатиш давлат солиқ органлари мустақил институтлар (consulting) томонидан амалга оширилади. Жумладан, Японияда ҳудудий (шаҳар ва туман) давлат солиқ идораларида телефон орқали 600 дан ортиқ солиқ маслаҳатчилари хизмат кўрсатади, солиқ хизмати ходимлари оғзаки, ёзма ва вебсайт орқали мурожаат қилган шахсларга ҳам алоҳида хизмат кўрсатадилар. Шунингдек, Японияда мустақил фаолият кўрсатувчи
70 мингга яқин малака сертификатига эга бўлган шахслар солиқ маслаҳати хизматлари кўрсатилади.
Бундан ташқари, Жанубий Кореяда Миллий солиқ хизмати таркибида солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича алоҳида Марказ ташкил этилган бўлиб, унда солиқ тизимида камида 10 йил ишлаган ва етарли тажрибага эга бўлган ходимларнинг фаолият юритиши белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда ҳам солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, солиқ тўловчиларга берилаётган имтиёз ва преференциялар солиқларнинг туб моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда солиқ органлари билан солиқ тўловчилар ўртасидаги муносабатларнинг ошкоралигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда. Бунга мисол қилиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ҳар бир давлат органлари ва мансабдор шахсларининг вертуал қабулхоналарини очилиши натижасида жисмоний ва юридик шаҳсларнинг солиқ қонунчилигига оид барча саволларига мазкур вертуал қабулхоналар орқали жавоб олишлари имконияти вужудга келди. Бунинг натижасида эса узоқ жойларда жойлашган хар бир жисмоний ва юридик шахсларнинг вақти ва маблағи тежалишига имкон яаратилди. Шунингдек, ушбу тизим орқали хар бир мурожаат бўйича қонун ҳужжатларида белгилаб ўтилган муддатдан четга чиқмаган ҳолда мурожаатларга жавоб берилмаоқда.
Шунингдек, 2006 йил 21 сентябрдаги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонуни билан солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида мамлакатимизда мустақил фаолият юритувчи солиқ маслаҳати хизмати жорий этилди.
Ўтган йиллар тажрибаси республикамизда мазкур соҳа фаолиятини ривожлантиришга зарурият бўлганлигини кўрсатди. Мамлакатимизда ушбу Қонунга мувофиқ, солиқ маслаҳати бўйича хизматларни кўрсатувчи тижорат ташкилотини ташкил этиш ва бу борадаги фаолиятни амалга ошириш учун барча ҳуқуқий асослар белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил
20 мартдаги “Солиқ маслаҳати соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 55-сонли қарори қабул қилинди. Низомга кўра, солиқ маслаҳати малака сертификатини олиш ва бекор қилиш тартиб қоидалари белгиланган “Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги ва “Солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомлар ишлаб чиқилди (рўйхат рақами 1749 ва 1750-сон 2007 йил 17 декабрь).
У малака сертификатини олиш учун олий маълумотга эга бўлиб, солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларини ўтаган бўлиши, камида 5 йил, шу жумладан, камида 2 йил иқтисодий ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлиши ҳамда белгиланган тартибда малака имтиҳонидан ўтиши керак.
Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти:
• мижозга (ишонч билдирувчига) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш масалалари бўйича маслаҳат беришни, солиқ солиш масалалари бўйича ҳужжатлар тузишда мижозга ёрдам кўрсатишни;
• судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилишни;
• бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, тиклаш ва юритиш, молиявий ҳисобот тузиш, бухгалтерия ҳисоби, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари бўйича консалтинг хизматлари кўрсатишни амалга ошириши мумкин.
Cолиқ маслаҳати хизматини янада ривожлантириш ва ушбу соҳада фаолият юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сонли қарори асосида солиқ маслаҳати хизматларини кўрсатувчи солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибидаги микрофирма ва кичик корхоналар
2012 йилнинг 1 январига қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилган.
Бир сўз билан айтганда, республикамизда мустақил солиқ маслаҳати хизматларини кўрсатиш бўйича барча ҳуқуқий асос ва имтиёзлар яратилган. Ушбу соҳадаги мавжуд ҳолат келгусида малака сертификатига эга бўлган солиқ маслаҳатчилари сонини, солиқ маслаҳати соҳасида хизмат кўрсатувчи субъектлар салмоғини ва улар томонидан амалга ошириладиган маслаҳат хизматлари ҳажмини янада кўпайтиришни тақозо этмоқда.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси етакчи маслахатчиси
Эшонов Саидолимхон
Хабибуллохон ўғли
Ҳурматли тадбиркорлар, Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил октябрь ойи давомида “Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси доирасида тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича аноним сўровлар ўтказилиши назарда тутилган.
Сўровнома аноним равишда ёки шахсингизни кўрсатган ҳолда иштирок этилади. Шахсини кўрсатган иштирокчиларнинг тадбиркорлик ҳуқуқларини тиклаш юзасидан чоралар кўрилади.
Сўровда қуйидаги http://bit.ly/2lSYnc5 ҳавола орқали иштирок этишингиз мумкин.
Сўровда фаол иштирок этишингизни сўраймиз.
(Эслатма: тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2414-моддасида ҳамда Жиноят кодекси 1924-моддасида жавобгарлик белгиланган.)
“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – олий даражадаги вазифадир”
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармонига асосан, ҳуқуқий тарғибот ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишнинг замонавий ва таъсирчан услубларини жорий қилиш, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш бўйича чора-тадбирларни амалги ошириш белгиланган адлия органлари фаолиятининг устувор йўналишларидандан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия органлари томонидан ҳам бир қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Масалан, Фарғона шаҳар мисолида оладиган бўлсак, бўлим ходимлари томонидан шаҳардаги барча давлат органлари ва ташкилотларида уларнинг ишчи ходимлари билан давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилиб, уларга мавжуд ва янги қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва моҳияти қисқа тушунарли ва содда тилда тушунтирилиб, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширилиши, жиноятчилик, коррупция ва тартиббузарликларга қарши муросасизлик руҳида тарбияланиши учун тарғибот тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга ўтказилаётган тарғибот тадбирларида меҳнат жамоалари ходимлари ва аҳолига меҳнат қонунчилиги, аёлларнинг ҳуқуқлари, мажбурий меҳнат, меҳнат шартномаси, иш ҳақи, компенсация тўловлари, меҳнат таътиллари, иш ҳақидан ушлаб қолиш кабилар ҳақида батафсил тушунтириш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Бундан ташқари асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва сўров йўли билан ўрганиш орқали ҳал қилишга эътибор қаратилмоқда.
2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Фарғона шаҳар ХТБ га қарашли 12-ўрта таълим мактаби ўқитувчи М.Ханазарова, Г.Собирова, 26-ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Х.Хомидова, Т.Хусанова, Ш.Юлдашеваларнинг ўзлари ишлаб турган мактаб ҳудудидан 5,0 км узоқликда яшовчи ногирон вояга етмаган болаларнинг яшаш хонадонига бориб, мактаб дарсликлари асосида таълим бериб келиши натижасида йўл ҳақи компенсацияси
2015/2016, 2016/2017, 2017/2018 ўқув йиллари учун жами 7 119 000 сўм йўл компенсация суммалари тўланмасдан келинаётганлиги аниқланиб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига шаҳар адлия бўлими томонидан даъво аризалари киритилиб, шу суднинг жорий йил январ ойидаги суд буйруқлари билан қаноатлантирилиб, Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бюроси томонидан ижроси тўлиқ таъминланиб, ўқитувчиларга юқоридаги компенсация суммалари тўлиқ ундириб берилиши таъминланди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлигининг 2013 йил 28 январдаги 5-СП, 3, 10-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 05.03.2013 йилда 2435-сон билан рўйхатга олинган) ва ушбу қарор билан тасдиқланган “Уйда ижтимоий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда ногирон болаларни уйида ўқитганлик учун умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларига йўл ҳақи компенсацияси тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ йўл ҳақи компенсацияси тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланган бўлиб, Низомнинг 1-боб, 1-бандига кўра, уйда ижтимоий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда болаларни уйида ўқитганлик учун умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларига ойлик йўл компенсацияси миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида белгиланиши, компенсацияни тайинлаш мактаб ўқитувчиларига – мактабдан ўқитилаётган ўқувчининг яшаш жойигача камида 1,5 километр масофа бўлганда уйда ўқитилаётган бир нафар ўқувчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, бўлим томонидан ишчи ҳодимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бўлимга 2019 йилнинг июнь ойида Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонасининг 13 нафар ишчи ҳодимлари мурожаат этиб, корхона томонидан уларга 2019 йилнинг феврал, март, май ойлари учун иш ҳақлари тўлаб берилмасдан келинаётганлигинини маълум қилиб, кечиктирилаётган иш ҳақларини ундирилишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Сизга маълумки, Меҳнат Кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун иш ҳақи белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ бериши, ушбу кодекснинг 161-моддасида эса, ходимларнинг иш ҳақлари берилиши ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Бўлим томонидан сўров орқали ўрганилганда Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 2019 йилнинг феврал, март, апрел ва май ойлари учун корхонада ишловчи 102 нафар ходимларга жами 164 936 540 сўм иш ҳақлари қонунчиликка зид равишда ўз вақтида тўланмасдан келинаётганлиги аниқланди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан корхонага бўлимнинг 2019 йил 27 июндаги тақдимномаси киритилиб, юқоридаги мурожаат қилган 13 нафар ишчи ҳодимларнинг иш ҳақларини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризалари киритилиб, шу суднинг 2019 йил июль ойидаги 13 та суд буйруғлари билан жами: 33 035 719 сўм ундириш белгиланиб, ижро учун мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлимига юборилиши таъминланди.
Шундай ҳолат, Фарғона вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармасида кузатилган. 2019 йилнинг июнь ойида бошқарманинг 18 нафар ишчи ҳодимлари мурожаат этиб, корхона томонидан уларга 2019 йилнинг феврал, март, май ойлари учун иш ҳақлари тўлаб берилмасдан келинаётганлигинини маълум қилиб, кечиктирилаётган иш ҳақларини ундирилишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Бўлим томонидан сўров орқали ўрганилганда Фарғона вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси томонидан
2019 йилнинг феврал, март, апрел ва май ойлари учун корхонада ишловчи
63 нафар ходимларга жами 185 584 118 сўм иш ҳақлари қонунчиликка зид равишда ўз вақтида тўланмасдан келинаётганлиги аниқланди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан корхонага бўлимнинг 2019 йил 10 июлдаги тақдимномаси киритилиб, юқоридаги мурожаат қилган 18 нафар ишчи ҳодимларнинг иш ҳақларини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризалари киритилиб, шу суднинг
2019 йил июль ойидаги 18 та суд буйруғлари билан жами: 66 953 006 сўм ундириш белгиланиб, ижро учун мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлимига юборилиши таъминланди.
Фарғона шаҳар адлия бўлими
бошлиғи Д.Х.Ахмедов