Yangiliklar
Жорий йилнинг 8 май куни Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиш мақсадида уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари истиқомат қилаётган хонадонларга байрамона ташрифлар уюуштирилди. Мазкур ташрифлар давомида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида эътибор кўрсатилиб, вилоят адлия бошқармаси томонидан уларга бўлган чуқур ҳурмат намунаси сифатида уларни шарафлаш мақсадида ўша давр шукуҳини ўзида акс эттирган куй қўшиқлар куйланган холда харбий ва миллий либосларда кириб борилди, шунингдек бошқарманинг эсдалик совғалари тақдим этилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари билан учрашувлар айниқса, унда иштирок этган юридик коллеж талабаларида чуқур таассурот қолдирди ва улар фахрийларимиз кўрсатган жасорат учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Cавол:
Эшитишимча, ўқитувчилар автомобилни кредитга олса бир қанча қулайликлар бор экан. Педагог ходимлар учун автомобилни кредитга олиш шартларини ва тартибини тушунтириб берсангиз.
Жавоб:
Ўқитувчилар учун автокредит ажратиш тартиби Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўгрисида”ги Қарорида белгиланган.
Унга кўра, Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича халқ таълими тизимидаги педагог-ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автотранспорт воситалари сотиб олиш учун қуйидаги шартларда кредитлар бериш тартиби ўрнатилган:
кредитни бериш муддати — 1 йил, имтиёзли давр билан 5 йил муддатга;
дастлабки бадал суммаси — сотиб олинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизи;
кредит учун фоиз ставкаси — Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кўп бўлмаган миқдорда.
Cавол:
Ҳозир айрим сабабларга кўра Тошкентда яшаяпман. Доимий пропискам йўқ, вақтинча рўйхатга қўйилганман. Фарзандим 1-синфга чиқиши керак, мактаб маъмурияти томонидан прописка сўрашяпти, шу тўғрими?
Жавоб:
Нотўғри. “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низомга мувофиқ болаларни умумтаълим муассасасининг 1-синфига қабул қилиш учун ота-онасининг доимий пропискада бўлиши шарт эмас.
Хусусан, низомга мувофиқ болаларни умумтаълим муассасасининг
1- синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);
боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
боланинг соғлиги тўғрисида тиббий маълумотнома;
боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.
Cавол:
Уйимизнинг ҳужжатларини йўқотиб қўйдик, уй ҳужжатларини қайтадан расмийлаштириш учун нима қилишимиз керак?
Жавоб:
Кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш қоидаларига кўра (рўйхат рақами: 2725) кадастр йиғмажилди йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келганда унинг эгасини аризасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)даги филиали архивида сақланаётган кадастр йиғмажилдининг мулк эгасига тегишли қисмларидан нусха олинади.
Ушбу нусхалардан иборат кадастр йиғмажилдининг ҳар бирларига туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси раҳбари томонидан “аслига тўғри”, деган ёзув киритилади ва имзоланади ҳамда ариза келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида эгасига топширилади.
Cавол:
Бобом менга бор мулкини мерос қилиб васият қолдирди. Васият бўйича
бор мол-мулк менга ўтадими ёки бобомнинг фарзандлари даъво қилиши мумкинми?
Жавоб:
Фуқаролик кодексига асосан фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият, деб эътироф қилинади. Васиятнома ёзма шаклда тузилиши лозим.
Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган болалари, шунингдек, меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан, уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.
Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан, оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.
Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқий ҳисобланади.
Cавол:
Мен яшаб турган уй марҳум отамнинг номида. Уйда онам ва мен оилам билан яшаймиз, биз оилада 4 фарзандмиз. Ака-опаларимнинг уй жойлари бор, фарзандлар ўртасида уй масаласида ҳеч қандай низо йўқ. Уй қонуний кимнинг номига расмийлаштирилади? Шу масалада маълумот берсангиз.
Жавоб:
Сиз Фуқаролик кодексига асосан биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирасиз. Мерос очилгандан сўнг нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради. Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган, деб эълон қилиниши оқибатида очилади.
Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага асосан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда нотариуслар бу мулклар мулкдорга тегишлилигини текширади, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мулкни бошқа шахсга ўтказаётганда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Фарғона шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Ўтказилган семинарда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг моҳияти ва аҳамияти, сайловни ўтказиш тартиби семинар иштирокчиларига тушунтирилди.
Cавол:
Бир ҳафтага оилавий дам олишга кетмоқчиман. Ўша кунлари фарзандим боғчага бормайди. Боғчага борилмаган кун учун пул тўлашим шартми?
Жавоб:
Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола боғчага келмаган ҳолларда жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.
Тўловни камайтириш учун ота-оналардан бири сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ариза (билдиришнома) ёзиши шарт.
Бунда боланинг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади.
Демак, мактабгача таълим муассасаси олдиндан ёзма огоҳлантирилган бўлса, бола боғчага бормаган кунлари учун пул тўланмайди.
Cавол:
Қўшним ярим тунда телевизор овозини баланд қилиб кўриб, бизни дам олишга қўймайди. Эътироз қилсак, ўзимни уйим, ҳоҳлаган ишимни қиламан дейди. Бундай ҳолатларда фуқароларга жавобгарлик борми?
Жавоб:
Албатта, маъмурий жавобгарлик мавжуд. Тунги вақтда соат 23:00дан 06:00гача фуқароларнинг осойиштилиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни:
Баланд овоз билан қўшиқ айтиш;
Мусиқа чалиш;
Товуш сингналлари бериш;
Хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитафонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш;
Турар жой биноларида ва уларнинг ташқарисида жуда зарур бўлмаган ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек, маиший шовқинга қарши курашиш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми (67 минг 576 сўм), мансабдор шахсларга эса энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан (67 минг 576 сўм) иккидан бир қисмигача (101 минг 365 сўм) маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Cавол:
Яқинда янги уй сотиб олдим, лекин бу уйга ҳали ҳеч ким пропискага қўйилмаган. Шу ҳолатда сув ва канализация учун тўловларни қай тартибда тўлайман?
Жавоб:
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига кўра фуқаролар пропискадан ўтказилмаган хонадонларда, сувни ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаганда, ичимлик сув ва канализация хизматлари учун тўловлар қуйидагича амапга оширилади:
бир ва икки хонали уйларда — бир киши ҳисобидан;
уч хонали уйларда — икки киши ҳисобидан;
тўрт хонали уйларда — уч киши ҳисобида;
беш хонали уйларда — тўрт киши ҳисобидан.
Cавол:
Фоторадарга тушдим, жарима тўлаш ҳақида қарорни беришди. Лекин уни тўлашга ҳозир маблағим йўқ, бу тўловни қанча муддатда амалга оширсам бўлади?
Жавоб:
Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами: 2240) кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб олтмиш кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тўлаши лозим.
Cавол:
Баъзи вақтларда фарзандимизни дам олиш кунлари ҳам боғчага бериш зарурати туғилади. Бу ҳақда қонунчиликда қандайдир тартиб белгиланганми?
Жавоб:
Ҳа, белгиланган. “Давлат мактабгача таълим муассасаларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга (рўйхат рақами: 3123) мувофиқ мактабгача таълим муассасалари томонидан қуйидагилар бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин:
дам олиш кунлари ва мактабгача таълим муассасасида иш куни якунлангандан кейин болани парваришлаш, унга қараб туриш, уни ўқитиш;
ўқув дастурдан ташқари спорт-соғломлаштириш (каратэ, таэк- вондо, сузиш, шахмат, шашка, гимнастика, массаж ва бошқалар) тўгараклари,
бадиий-эстетик (хор, рақс, тасвирий санъат ва ҳоказолар) тўгараклар, фанлар бўйича тўгараклар (чет тиллари, математика, ақлий арифметика, мантиқ, информатика ва бошқалар).
Мазкур ҳужжатга кўра, қўшимча хизматларнинг нархлар прейскуранти мактабгача таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади.
Мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилиниши мумкин.
Бунинг учун фарзанди қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларда тарбияланишини истаган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тегишли мактабгача таълим муассасасига ариза билан мурожаат қилади ҳамда улар ўртасида шартнома тузилади.
Фарғона вилоятидаги туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2019 йил
I чораги давомида келиб тушган мурожаатлар ва уларнинг кўриб
чиқилиши юзасидан ўтказилган таҳлилий умумлаштириш
МАЪЛУМОТИ
2019 йил 18 апрель Фарғона шаҳар
Фарғона вилоят адлия бошқармаси Ташкилий назорат таҳлил ишлари бўлими томонидан вилоятдаги туман (шаҳар) адлия бўлимларига (кейинги ўринларда “адлия бўлимлари” деб юритилади) 2019 йил I чораги давомида мурожаатлар келиб тушиши ва уларнинг кўриб чиқилиши ҳолати таҳлил қилиб чиқилди. Таҳлил адлия бўлимлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилди.
Келиб тушган шикоятлар бўйича:
Адлия бўлимларига 2019 йил I чораги давомида жами 625 та шикоятлар келиб тушган. Келиб тушган шикоятларнинг 12 таси (1,9%) адлия бошқармаси орқали юборилган.
Олтиариқ (78 та), Ёзёвон (55 та), Ўзбекистон тумани (53 та) адлия бўлимлари шикоятларни бошқа бўлимларга нисбатан кўп қабул қилган.
Энг оз миқдордаги шикоятларни Бувайда (13 та), Бағдод (13 та), Данғара туман (15 та) адлия бўлимлари қабул қилган.
Ўтган чорак давомида адлия бўлимлари томонидан 540 та (86,4%) шикоятлар ҳал этилган. 210 та шикоятлар (38,8%) жойига чиқиш йўли билан ўрганилган. Шунингдек, 5 та шикоят мутахассислар жалб қилиш механизми орқали ҳал этилган.
2019 йил I чораги давомида 445 та (71,2%) шикоятлар қаноатлантирилишга эришилган. Хусусан, Сўх тумани адлия бўлими томонидан 19 та (ҳал этилган шикоятларнинг 100 %), Қўқон шаҳар адлия бўлими томонидан 34 та ( ҳал этилган шикоятларнинг 97.1 %), Қўштепа тумани адлия бўлими томонидан 26 та (ҳал этилган шикоятларнинг 96,2%), Бешариқ тумани адлия бўлими томонидан 18 та (ҳал этилган шикоятларнинг 94,7%), Қува тумани адлия бўлими томонидан 31 та (ҳал этилган шикоятларнинг 93,9%), Фурқат тумани адлия бўлими томонидан 43 та (ҳал этилган шикоятларнинг 93,4%), Олтиариқ тумани адлия бўлими томонидан
66 та (ҳал этилган шикоятларнинг 85,7%) шикоятлар қаноатлантирилганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.
2019 йил I чораги давомида 94 та (17,2%) шикоятларга ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ҳуқуқий тушунтириш берилган шикоятларнинг 22 таси Фарғона шаҳар (23,4 %), 11 таси Олтиариқ туман (11,7 %), 9 таси Марғилон шаҳар (9,5%) адлия бўлимларига тўғри келади.
2019 йил I чораги давомида келиб тушган 23 та (4,2%) шикоятлар тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқишлик учун бошқа ташкилотларга юборилган. Тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқишлик учун юборилган шикоятларнинг 9 таси Ўзбекистон туман (39,1%), 8 таси Фарғона шаҳар (34,7%) адлия бўлимлари томонидан бошқа ташкилотларга юборилган.
2019 йил I чорак ҳолатига 62 та шикоят хисобот охирига қолдиқ бўлиб ўтган. Қолдиқ бўлиб ўтган шикоятларнинг 18 таси Ёзёвон туман (29 %),
10 таси Тошлоқ туман (16,1%), 8 таси Данғара туман (12,9%) адлия бўлимларига тегишли хисобланади.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича адлия бўлимлари томонидан жами 53 та тақдимнома киритилган. Киритилган тақдимномаларнинг кўп қисми асосан Фарғона тумани (10 та - 18,8%), Қўштепа тумани (9 та – 16,9%) адлия бўлимларига тўғри келган.
Бешариқ, Бувайда, Данғара, Тошлоқ туман ва Марғилон шаҳар адлия бўлимлари томонидан шикоятларни кўриб чиқиш натижаси бўйича умуман тақдимнома киритилмаганлигини қайд этиш ўринли.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича адлия бўлимлари томонидан судларга жами 191 655 300 сўмлик 139 та даъво аризалари (шунингдек аризалар) киритилиши таъминланган. Киритилган даъво аризаларининг 29 таси (20,8%) Қўқон шаҳар, 23 таси (16,5%) Фарғона тумани, 17 таси (12,2%) Ёзёвон туман адлия бўлимлари томонидан киритилган бўлса, Бувайда ва Данғара туман адлия бўлимлари томонидан бу борада даъво аризалари умуман киритилмаганлигини қайд этиш мумкин.
Шунингдек, шикоятлариннг қаноатлантирилиши натижасида вилоят бўйича жами 12 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар берилган. Таклифларнинг 5 таси (41.6%) Фарғона туман, 2 таси (12.2 %) Ўзбекистон туман, 2 таси (12.2 %) Олтиариқ туман, 2 таси (12.2 %) Марғилон шаҳар, 1 таси (8.3 %) Фарғона шаҳар адлия бўлимлари томонидан киритилган.
Шикоятлариннг қаноатлантирилиши натижаси бўйича бошқа ҳудудий адлия бўлимлари томонидан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилмаган.
Бундан ташқари, кўрсатилган даврда адлия бўлимлари томонидан
131 та бошқа турдаги таъсир чоралари қўлланилган.
Киритилган барча таъсир чоралари асосида вилоятда жами 20 нафар шахслар интизомий жавобгарликкка тортилган. Шундан 2 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. 2019 йил 1 чорак якуни ҳолатига
4 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинган 1 та ҳужжат бекор қилинган ёки ижроси тўхтатилган. 2019 йил 1 чорак якуни ҳолатига 223 668 100 сўм миқдордаги сумма ундирилишига эришилган.
Келиб тушган шикоятлар хусусиятлари бўйича таҳлил қилинганида қуйидагилар маълум бўлди.
196 та (31,3%) шикоят меҳнат низолари юзасидан (шундан 127 таси ойлик иш ҳақи олиш масаласида бўлган), 63 та (10,1%) ерга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 52 та (8,3%) шикоят таълимга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 50 та (8%) шикоят ижтимоий ҳимояга доир қонунлар ижроси юзасидан, 33 та (5,2%) шикоят коммунал тўловлар юзасидан, 23 та (3,6%) шикоят уй-жойга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан келиб тушган.
Ўз навбатида қаноатлантирилган шикоятларнинг хусусияти ҳам умумий келиб тушган шикоятлар хусусиятига мутаносиб равишда кўрсатгичга эга бўлган. Хусусан, жами қаноатлантирилган шикоятларнинг 175 таси (39,3%) меҳнат низоларига оид, 52 таси (11,6%) ерга доир қонун ҳужжатларига оид, 33 таси (7,4%) коммунал тўловларга оид, 32 таси (7,1%) шикоят ижтимоий ҳимояга доир қонунлар ижросига оид, 29 таси (6,5%) таълимга оид қонун ҳужжатларининг ижросига оид бўлган.
Адлия бўлимларига келиб тушган аризалар таҳлили
Келиб тушган аризалар бўйича:
Адлия бўлимларига 2019 йил I чораги давомида жами 521 та аризалар келиб тушган. Келиб тушган аризаларнинг 5 таси (0,9%) адлия бошқармаси орқали юборилган.
Сўх (90 та), Бешариқ (86 та), Бағдод (40 та), Бувайда тумани (39 та) адлия бўлимлари аризаларни бошқа бўлимларга нисбатан кўп қабул қилган.
Энг оз миқдордаги аризаларни Марғилон (4 та), Ёзёвон (8 та), Фарғона шаҳар (11 та) адлия бўлимлари қабул қилган.
Фурқат туман адлия бўлими томонидан 2019 йилнинг 1 чораги давомида бўлим иш юритувига бирорта хам ариза қабул қилинмаган.
Ўтган чорак давомида адлия бўлимлари томонидан 423 та (81,1%) шикоятлар ҳал этилган. Шунингдек, Риштон туман адлия бўлими томонидан 1 та ариза мутахассис жалб қилиш механизми орқали ҳал этилган.
2019 йил I чораги давомида 343 та (81 %) аризалар қаноатлантирилишга эришилган. Хусусан, Бағдод тумани адлия бўлими томонидан 39 та (ҳал этилган аризаларнинг 100 %), Қувасой шаҳар адлия бўлими томонидан 28 та (ҳал этилган аризаларнинг 100 %), Бешариқ тумани адлия бўлими томонидан 83 та (ҳал этилган аризаларнинг 97,6%) аризалар қаноатлантирилганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Ўз навбатида, ўтган чорак якунига кўра Фарғона шаҳар, Фарғона, Ўзбекистон, Тошлоқ, Риштон туман адлия бўлимлари томонидан аризаларни қаноатлантириш борасида амалга оширган ишлари етарли даражада деб баҳолаб бўлмайди.
2019 йил I чораги давомида 78 та (18,4%) аризаларга ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ҳуқуқий тушунтириш берилган аризаларнинг 17 таси Риштон (21,7 %), 11 таси Фарғона (14,1 %) туман адлия бўлимларига тўғри келади.
2019 йил I чорак якуний ҳолатига 59 та аризаларнинг хисобот охирига қолдиқ бўлиб ўтган. Қолдиқ бўлиб ўтган аризаларнинг 30 таси Бувайда туман (50.8 %), 13 таси Фарғона туман (22%) адлия бўлимларига тегишли хисобланади.
Келиб тушган аризалар хусусиятлари бўйича таҳлил қилинганида қуйидагилар маълум бўлди.
2019 йил I чораги давомида 96 та (18,4%) ариза қонун ҳужжатларига тушунтириш бериш юзасидан, 1 та (0,1%) кадрлар масаласига доир, 16 та (3%) нотариатга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 408 та (78.3%) ариза бошқа масалалар юзасидан келиб тушган.
Ўз навбатида қаноатлантирилган аризаларнинг хусусияти ҳам умумий келиб тушган аризалар хусусиятига мутаносиб равишда кўрсатгичга эга бўлган. Хусусан, жами қаноатлантирилган аризаларнинг 82 та (23,9%) ариза қонун ҳужжатларига тушунтириш бериш юзасидан, 1 таси (0,2%) кадрлар масаласига доир, 15 таси (4.3%) нотариатга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 245 таси (71.4%) ариза бошқа масалаларга оид бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти давлат корхонаси томонидан жорий йилнинг 17 апрель куни Фарғона Юридик коллежида нашриёт томонидан нашр этилган адабиётларни барча ҳудудлардаги ижрочиларга ва аҳолининг қуйи қатламларига қулайлик яратиш мақсадида сайёр китоб савдоси ўтказилади.
Фарғона тумани адлия бўлими томонидан аҳоли гавжум жойларга борган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида"ги 461-сонли қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Қувасой шаҳрида жойлашган "Кварц" акциядорлик жамияти биносида Фарғона вилоят Иқтисодий суди, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди, Фарғона вилоят маъмурий суди, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди, Қувасой шаҳар адлия бўлими ҳамда шаҳар Халқ қабулхонаси ҳамкорликда сайёр қабул ташкил этилди. Ўтказилган сайёр қабулда ўн нафар фуқароларнинг мурожаатлари Қувасой шаҳар адлия бўлими иш юритувига қабул қилинди.
Шунингдек, ўтказилган сайёр қабулда шаҳар адлия бўлими бошлиғи томонидан фуқароларга янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилди.
Cавол:
Ишсиз, деб рўйхатга олинганимга бир ой бўлди, ишсизлик нафақасидан хабар йўқ, менга ишсизлик нафақаси қачондан тайинланиши керак?
Жавоб:
Ишсиз, деб эътироф қилинган шахсларга бериладиган ижтимоий-моддий давлат кафолатларининг энг асосий шакли, бу ишсизлик пайтида тайинланган ва тўланадиган нафақадир. Сизга ишсизлик нафақаси Меҳнат кодексининг 65-моддасига кўра иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кунингиздан эътиборан тайинланиши лозим.
Cавол:
Соғлишим ёмонлашгани учун “больничный”га чиқдим, лекин 4 нафар вояга етмаган фарзандим бор, уларни моддий таъминлашим керак. Ишга чиқмаган вақтларим учун менга аввал олган ойлигимдан кам ойлик тўланадими?
Жавоб:
Қонунчиликка мувофиқ, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.
Cавол:
Меҳнат дафтарчаси корхона томонидан йўқотилган. Уни тиклаш учун қаерга, қандай ҳужжатлар билан мурожаат қилиш керак? Уни тиклашга йўқотган томон жавобгар бўладими? Тартиби қандай?
Жавоб:
Меҳнат дафтарчаси йўқотиб қўйилган тақдирда, шунингдек, фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган (йиртилган, ёнган, ёзувлари бўялган) ҳолларда меҳнат дафтарчасининг дубликати ходимнинг охирги иш жойидан берилади. Дубликатни олиш учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмайди.
Табиий офатлар ёки бошқа сабабларга кўра корхона томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси йўқотилган тақдирда, ходимга меҳнат дафтарчасининг дубликати корхона томонидан бепул берилади.
Cавол:
Биз расмий никоҳдан ўтмаганмиз. Бир нафар фарзандимиз бор. ЗАГС бўлмаса ҳам алимент олишим мумкинми?
Жавоб:
Оила кедексига мувофиқ, агарда фарзанд отаси томонидан тан олиниб, фарзанднинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида отаси ҳақидаги маълумотларда унинг исми-шарифи акс эттирилган бўлса, ундан алимент талаб қилиш мумкин. Бунда никоҳнинг расман қайд этилган этилмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Агарда фарзанд отаси томонидан тан олинмаган ва унинг туғилганлик гувоҳномасига отасининг исми-шарифи киритилмаган бўлса, бунда алимент ундириш учун қуйидагилар амалга ошириш лозим:
оталикни белгилаш;
фарзандни отаси тан олган ҳолда-биргаликдаги ариза билан ФҲДЁ органлари орқали;
отаси оталигини тан олмаган бўлса-судга мурожаат қилиш орқали. Бунда судга оталикни белгилаш ҳақидаги ариза билан биргаликда алимент ундириш ҳақидаги ариза билан ҳам мурожаат этиш лозим бўлади.
Cавол:
Ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтиш учун пул тўлайдиларми?
Жавоб:
Меҳнат кодексига мувофиқ, ишь берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.
Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. Тиббий кўрикдан ўтиш муносабати билан ходимдан пул ундирилмайди, шунингдек, тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.
Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Фарғона вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ходимлари учун ҳуқуқий маслаҳат курси ташкил этил этилди.
Ташкил этилган ўқув курсида соҳага доир қабул қилинган қонун ҳужжатларидан ходимларнинг хабардорлик даражасини ўрганилди ва таҳлил қилинди.
Шунингдек, мактабгача таълим соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилиб, ходимларининг ҳуқуқий билимларини оширилди.