Yangiliklar
Шу кунларда “Kun.uz” сайтида “Фарғона вилояти адлия бошқармасидан ишдан ҳайдалган 5 нафар нотариат ходимлари ишга тикланди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада суд қарори вилоят адлия бошқармаси бошлиғи томонидан бажарилмаганлиги таъкидлаб ўтилган.
Мақоладаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, яъни суд қарори бўйича ижро ҳужжатлари адлия бошқармасига 21 ноябрь куни келиб тушиб, 22 ноябрда тегишли буйруқлар қабул қилинганлиги ва суд қарори ижроси таъминланган.
Шу билан бирга, ушбу ходимларнинг ишдан бўшатилишига олиб келган сабаблари ҳақида бироз тўхталиб ўтсак.
Фарғона вилоят адлия бошқармасининг жорий йил 27 августдаги буйруғига асосан Бувайда туман 1-сон, Фарғона шаҳридаги 6, 7 ва 13-сон ДНИларинг жами 7 нафар ходими Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Нимагадир мақолада фақат 5 нафар нотариат ходимлари ҳақида сўз боради.
Фарғона шаҳар 6-сон ДНИ ходими Д.С., 7-сон ДНИ ходими Х.Қ. ва 13-сон ДНИ ходимлари А.М. ва И.А. микрокредит ташкилотининг икки нафар ходимига ҳимояланган “Нотариус” ААТга кириш учун логин ва пароллар бериб, тизимдан ноқонуний фойдаланишга йўл қўйиб беришган. Фарғона шаҳар 6-сон ДНИ ходими А.А эса бегона шахсларнинг ҳимояланган фойдаланишдаги VPN тармоғига WiFi орқали уланиши ва “Нотариус” ААТга киришини таъминлаб берган.
Худди шундай, Бувайда туман 1-сон ДНИ ходимлари Л.Ғ. ва Н.О. ДНИ биносига туташ бўлган “Мебеллар уйи”даги алоҳида хонага нотариус хонасидан ҳимояланган VPN тармоғига уланган сим тортишган, бу орқали микрокредит ташкилотлари ходимларига “Нотариус” ААТга ноқонуний кириши учун шароит яратиб беришган.
Микрокредит ташкилотлари ходимлари ўзларига кредит олиш учун мурожаат қилган фуқаролар билан тузиладиган айрим гаров шартномалари маълумотларини “Нотариус” ААТ қонунга ҳилоф равишда киритган ҳамда гаров шартномалари лойиҳаларини тайёрлаб берган. Кейинчалик, фуқаролар тайёр ҳужжатлар билан фақат нотариус имзоси ва муҳрини қўйдириш учун нотариусларга мурожаат қилиб келган.
Юқорида қайд этиб ўтилган ДНИ ходимлари ўз хатти-ҳаракатлари билан бегона шахсларга “Нотариус” ААТдан миллионлаб фуқаролар ёки юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларини олиш, тарқатиш ёки улардан бошқа ғараз мақсадларда фойдаланиши учун имконият яратиб берган.
Ушбу ходимлар ўз ҳаракатлари билан:
нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини бузган (“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси);
ҳужжатлар лойиҳалари ДНИ ходимлари томонидан тайёрланмаганлиги учун тўлов ундирилмаслиги керак бўлса-да, жисмоний ва юридик шахслардан ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ортиқча маблағ ундирган (“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси);
моддий манфаат олиш мақсадида нотариал идорада ишламайдиган бегона шахсларнинг ҳимояланган “Нотариус” ААТдан ноқонуний равишда фойдаланиши учун шароит яратиб берган (Жиноят кодексининг 278-2-моддаси).
Ушбу хатти-ҳаракатлари билан ходимлар “Нотариат тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига, Адлия вазирлигининг ички ҳужжатларига, ички меҳнат тартиб-қоидаларига риоя этмаганлиги, бу меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган бир марта қўпол равишда қонун бузилиши бўлганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинган.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, ўхшаш ҳолатда Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 30 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Бувайда тумани 1-сон ДНИ нотариуси Л.Ғ. ўз лавозимига ишга тикланиши белгиланган эди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 29 октябрдаги ажримига асосан Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 30 сентябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогар Л.Ғ.нинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилмаган.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг тегишли қарори чиқарилгач, ҳолат бўйича қўшимча ахборот берилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 17 октябрдан 14 ноябрга қадар Адлия вазирлиги томонидан Фарғона вилояти Бувайда туман 1-сон, Фарғона шаҳар 6, 7 ва 13-сон ДНИ фаолияти текширилганда, нотариуслар томонидан қўпол қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Хусусан, ҳужжатларни қалбакилаштириш, тақиқда турган автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш, фуқаролардан нотариал ҳаракатни амалга оширганлик учун ортиқча ёки аксинча кам тўлов ундириш, ваколати бўлмаган шахснинг нотариал ҳаракатда иштирок этиши, натижада мулк бошқа шахсга ўтиб кетганлиги, эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулкларини тасарруф этишда розилиги олинмаганлиги ва бошқа ҳолатлар аниқланган.
Ҳозирда текшириш натижалари бўйича тўпланган материаллар прокуратура органларига ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилган.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси қўшимча маблағлар тушумини ривожлантириш, ундан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг белгиланган молиялаш ставкасидан кам бўлмаган фоизда, давлат улуши бор бўлган тижорат банкларига 2 миллиард сумм маблагни муддатли депозитга жойлаштирилади ушбу шартлар асосида тижорат банкларидан тижорат таклифларни 10 кун муддат ичида беришингиз сўралади.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси – устувор вазифа
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим қадамларидан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармони бўлиб, мазкур Фармонга мувофиқ фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия органлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бу борада асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар асосида ҳал қилишга эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан Фарғона шаҳар Пахлавон Маҳмуд кўчаси 64-уй 6-хонадонда яшовчи фуқаро М.Бадалованинг бузилган турар-жойи ўрнига компенсация тўлови тўланмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.
Аниқланишича, Фарғона шаҳар П.Махмуд кўчаси 12-уйнинг 10-хонадони фуқаро М.Бадаловага 2001 йил 19 октябрдаги 1-3105-сон билан қайд қилинган олди-сотди шартномасига хусусий мулк сифатида тегишли бўлиб, шаҳар ҳокимининг 2005 йил 12 январь кунги 10-сонли қарорига асосан бузилиб, ўрнига автотранспортларни тўхташ жойи ташкил қилинган.
Ўрганишда, шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарори талаблари бузилганлиги маълум бўлди.
Жумладан, Низомнинг 11-бандида “Фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилади” деб белгиланган бўлсада, ўрганиш кунига қадар фуқаро М.Бадаловага мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилмаганлиги аниқланиб, шаҳар ҳокими номига вилоят адлия бошқармаси томонидан 2018 йил 21 сентябрда тақдимнома киритилган.
Тақдимнома шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги қайд қилиб ўтилган бўлсада, фуқаро М.Бадаловани уй-жой билан таъминлаш чорасини кўрмаган ва айбдор шахсларни жавобгарлик масаласи ҳал этилмаган ҳамда М.Бадалова уй-жой билан таъминланмаган.
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда муклдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қийматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-бандига кўра ер участкаларини олиб қўйиш ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш шарти билан амалга оширилишлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддаси 1-қисм 2-бандига давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий суд томонидан кўриб чиқилиши белгиланганлиги сабабли . 2019 йилнинг 7 март куни Фарғона шаҳар маъмурий судига фуқаро М.Бадалованинг бузилган турар-жойининг ўрнига уй-жой билан таъминланмаганлиги сабабли жавобгар Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиб, зиммасига фуқаро М.Бадаловага уй-жой ажратиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ариза киритилган.
Мазкур Ариза Фарғона вилоят маъмурий судида 2019 йилнинг
29 апрель куни кўриб чиқилиб, Фарғона шаҳар ҳокимлигининг хўжалик ҳисобидаги уй-жой бўлими зиммасига фуқаро М.Бадаловага уй-жой ажратиш мажбурияти юклатилган.
Фарғона вилоят адлия бошқармасининг
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими
бош маслаҳатчиси А.Ёқубов
Ҳар бир мурожаат – Адлия эътиборида
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим қадамлардан яна бири бу - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармони ҳисобланади.
Мазкур Фармонга мувофиқ фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия органлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бунда асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар асосида ҳал қилишга эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Фарғона шаҳар Алишер Навоий кўчаси 39б-уйда яшовчи фуқаро Е.Прохорченконинг бузилган турар-жойи ўрнига яшаш учун бошқа турар-жой билан таъминланмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати қонуний кўриб чиқилиши натижасида қуйидагилар маълум бўлди.
Аниқланишича, Фарғона шаҳар Қ.Ниёзий кўчаси 11-умумий ҳовли уйдаги 2 хонали хонадон давлат нотариал идорасида 1993 йил 7 декабрдаги 2-4989-сон билан қайд қилинган олди-сотди шартномасига асосан фуқаро С.Прохорченкога хусусий мулк сифатида тегишли бўлиб, шаҳар ҳокимининг 2002 йил 17 декабрь кунги 1548-сонли қарорига асосан бузилиб, ўрнига Буюм бозори ташкил қилинган.
Ўрганишда, шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарор талаблари бузилганлиги маълум бўлди.
Жумладан, Низомнинг 11-бандида “Фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилади” деб белгиланган бўлсада, ўрганиш кунига қадар фуқаро С.Прохорченконинг меросхўри ҳисобланган Е.Прохорченкога мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилмаган.
Тақдимнома шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги қайд қилиб ўтилган бўлсада, фуқаро Е.Прохорченкони уй-жой билан таъминлаш чорасини кўрмаган айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмаган ҳамда Е.Прохорченко уй-жой билан таъминланмаган.
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда муклдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-бандига кўра ер участкаларини олиб қўйиш ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш шарти билан амалга оширилишлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддаси 1-қисм 2-бандига давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий суд томонидан кўриб чиқилиши белгиланганлиги сабабли 2019 йилнинг 7 март куни Фарғона шаҳар маъмурий судига фуқаро Е.Прохорченконинг бузилган турар-жойининг ўрнига уй-жой билан таъминланмаганлиги сабабли жавобгар Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиб, зиммасига фуқаро Е.Прохорченкога уй-жой ажратиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ариза киритилган.
Мазкур Ариза Фарғона вилоят маъмурий судида 2019 йилнинг
26 апрель куни кўриб чиқилиб, Фарғона шаҳар ҳокимлигининг хўжалик ҳисобидаги уй-жой бўлими зиммасига фуқаро О.Прохорченкога уй-жой ажратиш мажбурияти юклатилган.
Фарғона вилояти адлия бошқармасининг
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими
бош маслаҳатчиси А.Ёқубов.
Аҳоли муаммолари билан ишлаш – ҳар бир давлат органининг устувор вазифаси
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асл мақсад ва моҳияти қонун устуворлини таъминлаш, аҳолининг муносиб турмуш даражасини яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат. Бу мақсад ҳар бир давлат органи, унинг хизматчилари олдига янгича ишлаш, фикрлаш, эл-юрт равнақи, унинг тараққиёти учун муносиб хисса қўшиш вазифасини қўяди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13 апрель 2018 йил кунги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сонли Фармони билан ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига муҳим роль ажратилиб, адлия органлари «Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат рухини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир» деган концептуал ғояни ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланиши адлия идоралари зиммасига муҳим, долзарб вазифаларни қўйди.
Жумладан, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалтириш мақсадида Ўзбекистон туман адлия бўлими томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида тумандаги МФЙлар, корхона, муассаса ва ташкилотларда 64 та сайёр қабул, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, унда аҳоли ва меҳнат жамоаларидан келиб тушган мурожаатлар ижро учун қабул қилиниб, натижасига кўра мурожаатлар қаноатлантирилиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мисол тариқасида, Ўзбекистон тумани Яккатут МФЙда 04.10.2019 йил куни ўтказилган сайёр қабулда фуқаро Ф.Жуманова фарзандини Давлат мактабгача таълим муассасига жойлаштириш бўйича 2019 йилнинг январь ойида мурожаат қилганлиги, 03.10.2019 йил куни ДХМга бориб мурожаати бўйича 06.09.2019 йил куни фарзандини ДМТМга жойлаштириш учун йўлланма келганлиги, шу кунга қадар йўлланма келганидан хабарсиз эканлиги, бу ҳақда, хозирда йўлланма муддати ўтганлиги сабабли фарзандини ДМТМга жойлаштира олмаётганлиги, шу ҳолатни ўрганиб чиқиб, фарзандини ДМТМга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаат юзасидан туман Давлат хизматлари маркази ҳамда туман Мактабгача таълим бўлими томонидан фуқаро Ф.Жуманованинг фарзандини навбат қўйиш ҳамда ДМТМ муассасасига йўлланма бериш бўйича амалга оширилган ишлар сўров хати киритиш орқали ўрганилди.
Туман ДХМнинг тақдим этган маълумотга кўра, фуқаро Ф.Жуманова 15.10.2015 йилда туғилган фарзанди Абубакиров Асилбек Умиджон ўғлини тумандаги 9-ДМТМга жойлаштириш учун 07.01.2019 йил куни ДХМга мурожаат қилганлиги ва 135-сонли оддий навбатга қўйилганлиги, 06.09.2019 йил куни 9-ДМТМга 4462123-сонли йўлланма шаклланганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, туман Мактабгача таълим бўлимининг жавоб хатида, фуқаро Ф.Жуманованинг фарзанди 9-сонли ДМТМга навбатга қўйилганлиги, 06.09.2019 куни навбат келиб, йўлланма шаклланганлиги, бироқ, жорий йилнинг июнь ойидан Давлат Хизматлари Маркази ҳамда Мактабгача таълим бўлими ўртасида Электрон навбатларни хосил қилиш ҳамда навбати келган болалар рўйхатини Давлат Хизматлари Марказига бериш, шу билан бирга бўлим томонидан электрон рўйхат, яъни навбатга қўйилган болаларни рўйхатга олиш тўхтатилганлиги маълум қилинган. Бунга сабаб Мактабгача таълим Вазирлиги томонидан навбатга қўйиш ва йўлланма бериш жараёнида инсон омили аралашмаган ҳолда автоматик тарзда хизматларни йўлга қўйиш тартиби жорий этилган. 2019 йил 1-августдан Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Ота-оналарга ижтимоий тармоқлар орқали махсус хабарнома тарқатилган. Ушбу хабарномада ота-оналардан базада созлаш ишлари олиб борилаётгани ҳамда жараён якунига етгунига қадар махсус @mtmnavbatbot томонидан ўз навбатларини текшириш ва Давлат хизматлари марказига мурожаат қилишлари сўралган. Шунга кўра фуқаро Ф.Жумановани фарзандини ДМТМга жойлаштириш учун йўлланма келганлиги тўғрисида хабардор қилиш имкони бўлмаган.
Мурожаат юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида 06.09.2019 йил кунги 4462123-сонли йўлланма 9-ДМТМга тақдим қилинди ва мазкур хабарномадан сентябр ойида тармоқда техник носозликлар ҳамда хабар бериш имкони мавжуд бўлмаганлиги сабабли 15.10.2015 йилда туғилган фарзандингиз Абубакиров Асилбек Умиджон ўғлини 9-ДМТМга қамраб олиниб, мурожаат қаноатлантирилди.
Фуқаро Ф.Жумановага туман адлия бўлими томонидан мурожаати кўриб чиқилиши ҳамда у юзасидан берилган жавоб хатидан норози бўлган тақдир Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига асосан судга ёки юқори турувчи идорага шикоят қилиш хуқуқи тушунтирилди.
Ўзбекистон туман алдия бўлими
Тадбиркорни қўллаб-қувватлаш бугуннинг муҳим вазифаси
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил октябрь ойи давомида “АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ” лойиҳаси доирасида Республикамизнинг барча ҳудудларида маҳаллий давлат ҳокимияти, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ишларига мажбурий жалб қилиш, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолатларини аниқлаш бўйича аноним сўровлар ўтказилиши назарда тутилган.
“Адлия тадбиркорга дўст” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган аноним сўровномаларда асосий эътибор давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ўз фаолиятларига боғлиқ бўлмаган ишлар, яъни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, қишлоқ хўжалигининг мавсумий ишларига, маҳаллий давлат ҳокимияти, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди билан турли йиғилишлар ва бошқа тадбирларга, турли кўринишларда ҳомийлик ишларига жалб этилиши, тадбиркорлик фаолияти юзасидан текширишлар ўтказиш, тадбиркорнинг мол-мулкини ёки мулкий ҳуқуқларини топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, тадбиркорлик фаолиятига тегишли банк операцияларини ноқонуний тарзда тўҳтатиб туриш ҳамда ваколатли органлар томонидан асоссиз йиғимлар тўлашни талаб этиш ҳолатлари ўрганишга қаратилган.
Лойиҳа ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон туман адлия бўлими томонидан жорий йил октябрь ойининг ўтган даври давомида 150 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларини ушбу лойиҳа билан таништириш ҳамда ўз фаолиятларида мавжуд муаммоларни аниқлаш мақсадида аноним сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларни ўтказиш жараёнига тумандаги барча тадбиркорлик субъектларини қамраб олиш ва туманнинг узоқ ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини юритаётган субъектларга алоҳида эътибор қаратиш белгилаб олинди.
Шунингдек, бўлим томонидан белгиланган режага мувофиқ жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар, ҳуқуқий тарғибот тадбирларида аҳолини тадбиркорлик соҳасига доир қонун ҳужатлари, уларнинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти билан таништирилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар бериб келинмоқда.
Адлия идоралари томонидан бу борада олиб борилаётган ишларнинг асл мақсади тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларни фаолият юритишлари учун шарт-шароит, имкониятларни яратиш мақсадида қабул қилинаётган Президент Фармонлари, Қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойларда ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш, мавжуд муаммолари қонуний ечимини топиш ва ҳал этилишига эришишдан иборат.
Ўзбекистон туман адлия бўлими
Фарғона вилоят адлия бошқармаси ҳамда тизимдаги туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2019 йил 9 ойлиги давомида келиб
тушган мурожаатлар ва уларнинг кўрибчиқилиши
юзасидан ўтказилган умумлаштириш
МАЪЛУМОТИ
2019 йил 10 октябрь Фарғона шаҳар
Фарғона вилоят адлия бошқармаси Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими томонидан бошқарма таркибий бўлинмалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимларига (кейинги ўринларда адлия бўлимлари деб юритилади) 2019 йилнинг 9 ойлиги давомида мурожаатлар келиб тушиши ва уларнинг кўриб чиқилиши ҳолати таҳлил қилиб чиқилди. Таҳлил бошқарма таркибий бўлинмалари ва адлия бўлимлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилди.
Бошқарма таркибий бўлинмалари ҳамда адлия бўлимларига ўтган ярим йилликда жами 6276 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг
5951 таси (94,8 %) ҳал этилган, 4753 та (79,8%) мурожаат қаноатлантирилган, 1193 та (20 %) мурожаат натижаси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 244 таси (3,8%) тегишлилиги бўйича юборилган, 6 таси кўрмасдан қолдирилган, 5 таси рад этилган, 85 таси
(1,3 %) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Келиб тушган шикоятлар бўйича:
Ўтган даврда бошқарма ва тизимдаги адлия бўлимларига 3216 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 3059 таси (95,1 %) ҳал этилган,
Ҳал этилган шикоятларнинг 2531 таси (82,7%) қаноатлантирилган, 527 тасига
(17,2%) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган шикоятларнинг 120 таси (3,7%) тегишлилиги бўйича юборилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси рад этилган, 42 таси (1,3 %) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Бошқарма таркибий бўлинмаларига 398 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 316 таси (79,3 %) ҳал этилган, Ҳал этилган шикоятларнинг 120 таси (37,9%) қаноатлантирилган, 196 тасига (62 %) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган шикоятларнинг 81 таси (20,3%) тегишлилиги бўйича юборилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган, 8 таси (2%) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Адлия бўлимларига 2818 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 2743 таси (97,3 %) ҳал этилган. Ҳал этилган шикоятларнинг 2411 таси
(87,8%) қаноатлантирилган, 331 тасига (12 %) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган, 1 таси рад қилинган. Келиб тушган шикоятларнинг 39 таси (1,3%) тегишлилиги бўйича юборилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 34 таси (1,2%) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Адлия бўлимларига 2019 йил 9 ойлиги давомида келиб тушган шикоятларнинг 44 таси адлия бошқармаси орқали юборилган.
Ўтган даврда адлия бўлимлари томонидан 38 та шикоят мутахассислар жалб қилиш механизми орқали ҳал этилган.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича жами 301 та, шундан адлия бўлимлари томонидан жами 281 та тақдимнома киритилган.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича жами 468 та 1 679 167 минг сўмлик, шундан адлия бўлимлари томонидан судларга жами 1 371 305 минг сўмлик 435 та даъво аризалари (шунингдек аризалар) киритилиши таъминланган.
Шунингдек, шикоятларнинг қаноатлантирилиши натижасида вилоят бўйича жами 55 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар берилган.
Адлия бўлимлари томонидан шикоятларни кўриб чиқилиши натижаси бўйича жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 10 та таклифлар киритилган.
Бундан ташқари, кўрсатилган даврда адлия органлари томонидан
216 та бошқа турдаги таъсир чоралари қўлланилган.
Киритилган барча таъсир чоралари асосида вилоятда жами 107 нафар шахслар интизомий жавобгарликкка тортилган. Шундан 6 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. 2019 йил 9 ойлиги якуни ҳолатига
20 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилинган 32 та ҳужжат бекор қилинган ёки ижроси тўхтатилган. Ҳисбот даврида 1 428 397 минг сўм миқдордаги сумма ундирилишига эришилган.
Келиб тушган шикоятлар хусусиятлари бўйича таҳлил қилинганида қуйидагилар маълум бўлди.
908 та (28,2%) шикоят меҳнат низолари юзасидан (шундан 456 таси ойлик иш ҳақи олиш масаласида бўлган), 503 та (15,6%) шикоят уй-жойга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 397 та (12,3 %) шикоят ижтимоий ҳимояга доир қонунлар ижроси юзасидан, 308 та (9,5%) шикоят ерга доир қонун ҳужжатларига оид, 102 та (3,1%) шикоят коммунал тўловлар юзасидан, 96 та (2,9%) шикоят таълимга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан,
82 та (2,5%) нотариатга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан келиб тушган.
Ўз навбатида қаноатлантирилган шикоятларнинг хусусияти ҳам умумий келиб тушган шикоятлар хусусиятига мутаносиб равишда кўрсаткичга эга бўлган. Хусусан, жами қаноатлантирилган шикоятларнинг 819 таси (32,3%) меҳнат низолари юзасидан (шундан 467 таси ойлик иш ҳақи олиш масаласида), 430 таси (16,9%) уй-жойга доир қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан, 341 таси (13,4%) ижтимоий ҳимояга доир қонунлар ижроси юзасидан, 251 таси (9,9 %) ерга доир қонун ҳужжатларига оид,
75 таси (2,9%) коммунал тўловлар юзасидан бўлган.
Келиб тушган аризалар таҳлили
Ўтган даврда бошқарма ва тизимдаги адлия бўлимларига 3060 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 2892 таси (94,5 %) ҳал этилган.
Ҳал этилган аризаларнинг 2222 таси (76,8%) қаноатлантирилган, 666 тасига
(23%) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган аризаларнинг 124 таси (4%) тегишлилиги бўйича юборилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган, 4 таси рад этилган, 43 таси (1,4 %) кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Бошқарма таркибий бўлинмаларига 571 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 498 (87,2 %) таси ҳал этилган. Ҳал этилган аризаларнинг 135 таси қаноатлантирилган, 363 тасига нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Келиб тушган аризаларнинг 56 таси тегишлилиги бўйича юборилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган 17 таси кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Адлия бўлимларига 2489 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг
2394 таси (96,1%) ҳал этилган. Ҳал этилган аризаларнинг 2087 таси (87,1%) қаноатлантирилган, 303 тасига (12,6 %) нисбатан ҳуқуқий тушунтириш берилган, 4 таси рад қилинган. Келиб тушган аризаларнинг 68 таси тегишлилиги бўйича юборилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 26 таси кейинги чоракка қолдиқ бўлиб ўтган.
Умумлаштириш натижаси жойларда ҳанузгача асосан меҳнат муносабатлари соҳасида, хусусан ойлик иш ҳақлари, иш ҳақига тенглаштирилган тўловлар тўланиши, штат қисқариши муносабати билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш, ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши, ёшга доир пенсияга чиқиш, моддий ёрдам олиш, бола парваришлаш таътилига чиқиш ва қайтиш, давлат дастурлари асосида кредитлар олиш ва тўлаш тартиби, коммунал тўловларни тўлаш ва ундириш масалалари билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушиши кўп эканлигини кўрсатмоқда.
Қонун хужжатларини, шунингдек соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиққан таклифлари, меҳнат ва ижро интизомига риоя этиши, жамоат ишларида ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирларидаги фаол иштирокини инобатга олган ҳолда 2019 йил сентябрь ойининг ЭНГ ЯХШИ ХОДИМИ бошқарманинг Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими етакчи маслаҳатчиси Абдуллаев Иқболжон Эркинжон ўғли деб топилди.
Шу муносабат билан Фарғона вилоят адлия бошқармаси жамоаси Абдуллаев Иқболжон Эркинжон ўғлининг келгусидаги фаолиятига омад тилаган ҳолда унинг фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш борасида қўшиб келаётган самарали ҳиссаси учун чуқур миннатдорчилик билдиради.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармонига асосан, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия бўлимлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, иш ҳақлари ўз вақтида тўланиши ва иш хақлари хисобланишида ходимларнинг розилигисиз пул маблағлари ушлаб қолиниши ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилишда ва меҳнат таътилларини тайинлашда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилмаётганлиги аҳволи ўрганилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тегишли тартибда адлия бўлимларининг тақдимномаси ёки судга киритилган даъво аризалари асосида тикланмоқда.
2019 йил давомида Бешариқ тумани адлия бўлимга фуқаролардан инсон ҳуқуқларига доир 45 та шикоят ва 149 та аризалар келиб тушди.
Шундан 45 та шикоятлар кўриб чиқилиб тўлиқ қаноатлантирилди, 149 та аризаларни кўриб чиқиш натижаларига кўра 148 таси қаноатлантирилди
1 та аризага ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва бунга олиб келувчи шарт шароитларни бартараф этиш тўғрисида 15 та тақдимномалар киритилди.
Шунингдек, ходимларга асосий меҳнат ҳуқуқлари, мажбурий меҳнат, меҳнат шартномаси, иш вақти, таътиллар, меҳнатга ҳақ тўлаш, интизомий жазолар, тиббий кўрик, аёллар ва ёшлар учун берилган имтиёзлар тўғрисида тарғибот-тадбири ўтказилди ҳамда ходимлар ўртасида уларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди.
Ўрганишларда тумандаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида 2638 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 232-моддаси 1-бандида кўрсатилган “ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилиши” қонун талаблари Тиббиёт бирлашмаси томонидан бузилганлиги аниқланди.
Тиббиёт бирлашмасининг 15 нафар ходимлари қонунда белгиланган қўшимча таътилдан фойдаланишни таъминлашга амалий ёрдам берилиши тўғрисида мурожаат қилишди ва ушбу мурожаатлар қаноатлантирилиши таъминланди.
Шунингдек тумандаги давлат органлари ва ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигининг 2001 йил 4 майдаги 189-В ва 41-сон қарори билан тасдиқланган “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги 1031-сонли низомнинг 2-банди талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди.
Жумладан туман Тиббиёт бирлашмасининг 225 нафар, Ободонлаштириш бошқармасининг 115 нафар, Қишлоқ хўжалик бўлимининг 15 нафар, Ирригация бўлимининг 55 нафар ходимларидан ариза олмаган ҳолда уларнинг розилигисиз иш хақидан ушлаб қолиниб ушланган маблағларни коммунал тўловларга ўтказиб келинган.
Аниқланган ушбу қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Фарғона вилояти Бандлик бошқармасига 3 нафар масъул мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар юборилиб маъмурий жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.
Бешариқ туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси
Б.Абдужабборов.
Миллий қонунчилигимизда инсонийлик
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3666-сон Қарори билан Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилган бўлиб, улардан бири фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш қайд этилган.
Жумладан фуқаро Джалилова Лилия Усеиновна Қувасой шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўзига тайинланган пенсиядан 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўмга чегирма қўйилиб, кам тўлаётганликларини, бу қарздорликда унинг айби йўқлигини, мазкур ҳолатни суд орқали қайта кўриб чиқиб, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорини қонунга хилоф деб топиб, адолатли қарор чиқарилишида амалий ёрдам беришни сўраган. Фуқаро Л.Джалилова 1948 йил 16 апрель куни Қувасой шаҳрида туғилган, миллати татар, II-гуруҳ ногирони ва ҳозирда Қувасой шаҳар, Гулистон МФЙ, Б.Машраб кўчаси, 10-уйда I-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғи билан бирга яшаб келмоқда. Л.Джалилова соғлиғи ёмонлиги сабабли 25.02.1998 йилда II-гурух ногиронлик билан пенсия тайинлашни сўраб Ижтимоий таъминот Қувасой шаҳар бўлимига мурожаат қилган. Тақдим этган ҳужжатларини кўриб чиқиб 13.02.1998 йилдан 3571 сўм миқдорида II-гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлаган. Шундан сўнг, Фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига асосан босқичма-босқич оширилиб келинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.10.2018 йилдаги ПФ-5553-сон Фармонига асосан фуқаронинг пенсия миқдори 01.11.2018 йилдан бошлаб 1 265 035,20 сўмга етказилган. БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими 2018 йил декабр ойида Фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдорини камайтириб қўйишди. Бунинг сабабини сўраб мурожаат қилганида Фуқаро Л.Джалилованинг мурожаатига жавобан берилган маълумотномада Пенсия жамғармаси маблағларини мақсадли ва манзилли сарфланиши юзасидан бўлимда ўтказилган текшириш жараёнидан унга тегишли пенсия йиғма жилди ўрганилганда пенсия миқдорини ҳисоблаш жараёнида инобатга олинган 1993-1997 йиллардаги иш хақлари бир йиллиги жамланиб январь ойига хато киритилганлиги, 1993-1997 йиллардаги ишлаб олган ойлик иш ҳақи миқдорлари ойма-ой киритилганда бир ойлик пенсия миқдори 1 265 036 сўмдан 902 429,69 сўмга камайганлиги, натижада ўтган даврлар учун (13.02.1998 йилдан 30.11.2018 йилга қадар) жами 21 897 287 сўм миқдорда жамғарма маблағлари ортиқча тўланганлигини, БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарори билан пенсия миқдорига 30 фоиз миқдорида чегирма қўйиш орқали ундиришга қаратилганлиги маълум қилинган. Шунингдек, Фуқаро Л.Джалилова 1998 йилда II-гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлашни сўраб мурожаат қилганида барча иш ҳақларини ойма ой кўрсатилган ҳолда маълумотнома тақдим этган. Ваҳолангки шундан сўнг фуқаро Л.Джалилова пенсия жамғармасига пенсия миқдорини қайта ҳисоблашларини сўраб мурожаат қилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 65-моддаси б-банди 2-хат боши қоидасига кўра, пенсионер Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади. Амалда ундирувчи БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан мурожаатчини хабардор қилмай, юқоридаги қоидалар қўпол равишда бузилиб, 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарори билан 1998 йил 13 февралдан 2018 йил 30 ноябргача бўлган давр учун 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўм ортиқча тўланган деб асосиз (ноқонуний) ҳисобланган ва 30 фоиз миқдорида чегирма қўйишга нотўғри хулоса қилинган. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2016 йил 5 октябрдаги 77-сон буйруғи билан тасдиқланган “Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирма қилиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 11-банди 3-хат бошида “техник хато” деб, дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ хато эътироф этилиши белгиланган. Бундай хато деб, шунингдек пенсия таъминотига оид имтиёзларни қўллашда нотўғри шарҳлаш (услубий китоб, қўлланма ва кўрсатма хатлар фойдаланган ҳолда), пенсия ҳисоблаш учун қўлланиладиган иш ҳақини қайта ҳисоблашда коэффициентларни нотўғри танлаш, пенсия ва нафақаларни ҳисоблаш учун бошланғич маълумотларни нотўғри кўрсатиш, пенсия ва нафақаларни икки маротаба ўтказиб юбориш, бир давр учун бир нечта асосларга кўра тўлашни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоб-китоб қоидаларига риоя этмаслик ҳам тушунилади.
Мазкур йўриқноманинг 12-банди қоидасига кўра комиссия қарори асосида чегирмалар қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида – 10 фоиз. Мазкур ҳолатда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарорининг асос қисмида “дастурий таъминотга маълумотларни нотўғри киритиш” баён қилинган бўлсада, 30 фоиз миқдорида чегирма қўйишга нотўғри қарор қилинган.Бундан ташқари БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорига асос ҳисобланган, бўлимда ўтказилган текширишда аниқланган ортиқча тўлов жадвалида “Хато камчилик сабаби: Иш ҳақлари дастурга нотўғри киритилиши натижасида ортиқча тўлов” – деб баён этилган. Бу ҳолатда қонунчилик ва ҳуқуқий мантиқийлик хато тайинланиш сабабли келиб чиққан барча оқибатларнинг хато эканлигини англатади, яъни хато тайинлаш хато тўловни келтириб чиқарган. Бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086-сон Қарори 28-банди, 2-хатбошисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 2019 йил 1 январь ҳолатига пенсияларни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида аниқланган фуқароларга ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш вазифаси топширилган.
Мазкур қарор ижроси юзасидан тегишли тартибда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими томонидан 2018 йил 29 ноябрдаги 68-сонли қарори билан фуқаро Л.Джалиловага пенсияни тўғри тўлаш бўйича текширишлар натижасида 1998 йил 13 февралдан 2018 йил 30 ноябргача бўлган давр учун аниқланган 21 897 287 (йигирма бир миллион саккиз юз тўқсон етти минг икки юз саксон етти) сўм ортиқча тўланган пенсия суммаси қолдиқларини ҳисобдан чиқариш лозим бўлади.
Юқоридагиларга кўра ва қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаро Л.Джалилованинг мурожаатини мазмунан кўриб чиқиш ва конституциявий ҳамда фуқаровий ҳуқуқларини амалга оширишда амалий ёрдам бериш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган “Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан Қувасой шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳар маъмурий судига мансабдор шахс хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш юзасидан шикоят аризаси киритилди ва миллий қонунчилигимизнинг инсонийлик тамойилиги асосланган ҳолда БТПЖ Қувасой шаҳар бўлимининг 29.11.2018 йилдаги 68-сонли қарорини қонунга хилоф деб топишни;
БТПЖ Қувасой шаҳар бўлими зиммасига ижтимоий адолат ва инсонийлик принципларини инобатга олиб фуқаро Л.Джалилованинг пенсия миқдоридан аниқланган ортиқча тўлов миқдорини (қарздорликни) ҳисобдан чиқариш мажбуриятини юклаб бериш сўралди.
2019 йил 30 апрель куни Қува туман маъмурий суд томонидан Қувасой шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида адлия бўлимининг фуқаро Л.Джалилованинг манфаатларини кўзлаб киритган мазкур талаблари қаноатлантирилди.
Изоҳ ўрнида шуни айтиш лозимки қонунлар инсон омили ва инсонийлик тамойилини устун қўйиши – ҳуқуқни тўғри қўллаш амалиётини изчил ва бир хилдалигини таъминлашда эътибор бериш лозим бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим жихатларидан биридир. Бунда миллий ҳуқуқ тизимнинг роман-герман ҳуқуқ оиласига мансублигидан англо-саксон ҳуқуқ оиласига кўчиб ўтишини (суд прецеденти устун бўлиб қолишини) олдини олиш, шахсни давлат муассасалари, ташкилотлари ва корхоналари томонидан “судга бор” “судни қарори керак”, “буни фақат суд хал қилади” қабилидаги рад этишларига нисбатан чек қўйиш, аниқ ёки мавҳум бўлган ҳуқуқий норма – қоидаларини агар у жамият ва ўзга шахслар манфаатига дахл қилмаса мурожааат қилувчи шахснинг фойдасига ёки ҳуқуқлари тикланишиги талқин этиш лозим бўлади.
Қувасой шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси
3-даражали юрист Э.Комилов