Bog'lanish

Telefon
(+998 73) 244-05-25

Elektron manzil
fargona@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Yangiliklar

19
Коррупция исканжаси – таназзул дебочаси

Икки триллион… Инсон тасаввури чексиз, бироқ бу рақамлар ҳаёли ўзини кенг тасаввурли ҳисоблаган инсонларни ҳам шошириб қўйиши мумкин. Айниқса, бу рақамлар охирида доллар белгиси турса. Сарфлаш
у ёқда турсин, тасаввур қилиш қийинчилик туғдирувчи бу рақамлар ҳар йили дунё бўйича коррупцион схемалар орқали давлат ғазнасини айланиб ўтиб ёт ҳамёнларга бориб тушадиган умумий маблағнинг миқдоридир.
Афсуски, юқоридаги рақамнинг шаклланишида Ўзбекистоннинг ҳам ўз улуши бор. “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилотининг веб-сайтидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда охирги 12 ой ичида давлат хизматларидан фойдаланган шахсларнинг 13 фоизи ишни битириш учун пора беришганини тасдиқлашган. Ушбу ташкилот шакллантирадиган коррупцияга муносабат индекси бўйича давлатлар рейтингида ҳам Ўзбекистоннинг аҳволи аянчли, 153-ўрин.
Муқаддам, Ўзбекистонда “Transparency International ”, “Doing business”, “Аmnesty International” рейтинглари сариқ чақага қиммат ҳисобланган. Бироқ, бу рейтингларда ифодаланаётган давлат нуфузи айни вақтда Парламент, Президент ҳамда ҳукумат даражасида муҳокама қилинмоқда. Коррупцияга қарши кураш соҳаси ҳаётий зарур масала сифатида кўрилиб, бу иллатнинг илдизини қирқишга улкан ресурслар жалб қилинмоқда.
Хусусан, 2020-йил 24-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида қуйидаги сўзларни учратиш мумкин: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик ваксинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.
Шунингдек, Президент Мурожаатномасида Парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш таклифини илгари сурган.  
Мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилган. Хусусан, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Қонуннинг
3-моддасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланган:
-        қонунийлик
-        фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги
-        очиқлик ва шаффофлик
-        тизимлилик
-        давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги
-        коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги
-        жавобгарликнинг муқаррарлиги.
Ушбу принциплардан чекинмаслик, коррупцияга курашни оғишмай ва тўхтовсиз давом эттириш коррупцияга қарши курашдаги энг самарали йўл ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари яратилган, уни
таг-туги билан йўқотишга сиёсий ирода кўрсатилаётган бўлса-да, у ерда коррупцион муҳит ачинарли аҳволда қолаверса, бунда фақатгина инсон омили ушбу кушанда манбаси бўлиб ҳисобланади.  
Коррупцион муносабатларда инсон омили мансабдор шахс ва фуқаро тимсолида намоён бўлади. Шундай экан, коррупцияга қарши курашда асосий эътибор бир вақтнинг ўзида ҳам мансабдор шахсга ҳам фуқаронинг хатти-ҳаракатларига йўналтирилиши лозим.
Хулоса ўрнида мансабдор шахсларга айтар сўзимиз: Коррупция
бу – ҳокимиятнинг фуқароларга эмас, ўзи – ўзига хизмат қилишидир. Ўзингизга хизмат қиляпсизми, демак хушёрликни оширишни айни вақти. Халқ хизматчиси эканингизни унутманг!  
Фуқароларга айтар сўзимиз: Ҳеч кимни бой қилишга мажбур эмассиз. Кимнидир бой қиламан деб икки кишини жиноятчига айлантириб қўйманг. Унутманг, пора олиш ҳам пора бериш ҳам жиноятдир. Жиноятга эса жазо муқаррар!

Фарғона шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси У.Султонов

14
Адлия аралашуви билан иш ҳақи ундириб берилди.

Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйичачора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устивор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ушбу вазифларни ижросини таъминлашда адлия органлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бу борада асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар асосида ҳал қилишга қаратилмоқда.
Хусусан, Сўх туман адлия бўлими томонидан Сўх туман Чумоқча қишлоғида яшовчи фуқаро Бобосодиқов Содиқжон 2020 йил 20 март куни Сўх туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, Сўх ширкат ҳўжалигидан ишлаган даврлари учун ойлик иш ҳақини ундиришда амалий ёрдам беришни сўраган.
Сўх туман адлия бўлими томонидани Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига фуқаронинг манфаатини кўзлаб даъво ариза киритилиб, фуқаро С.Бобосодиқовнинг 2158190 сўм иш ҳақи ундирилиб берилди.


Бунёд Эназаров
Сўх туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

01
Медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солиниши.

Маълумки, 2018 йил 3 июлда “Медиация тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга татбиқ этилиши белгиланди.
Қонунга асосан, медиация - бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор яъни медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс кўмагида ҳал қилиш усул бўлиб, медиаторнинг фаолияти профессионал яъни ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс ёки нопрофессионал асосда яъни фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.
Махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги медиация институтининг асосий принциплари этиб белгиланди.
Қонунга кўра медиация тарафлари медиаторни ихтиёрий равишда танлайди ва ундан медиациянинг исталган босқичида воз кечиши мумкин.
Қонунга асосан, қуйидагилар медиатор бўлиши мумкин эмас, яъни:
давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс;
муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс.
Бундан ташқари қонун билан медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги белгиланди.
Профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкинлиги ҳамда Нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти текин амалга оширилиши белглаб қўйилди.
Шунингдек, медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага киргунига қадар, ҳакамлик судида кўриш жараёнида қўлланилиши ҳам мумкин.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади ҳамда медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади.
Бундан ташқари, суд муҳокамаси жараёнида, низони ваколатли давлат органида кўриш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув тегишли иш қайси суд ёки ваколатли давлат органининг иш юритувида турган бўлса, дарҳол ўша судга ёки ваколатли давлат органига юборилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қонунга кўра, низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонунинг қабул қилиниши натижасида медиация соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниб, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг медиация тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


Марғилон шаҳар
адлия бўлими бошлиғи
А.Мамадалиев    

21
Коронавирус пандемияси шароитида иш берувчининг ходимлар олдидаги мажбуриятлари?

       Бирлашган миллатлар ташкилоти тавсифига кўра, бутун дунё бўйлаб тарқалган пандемия инсоният тарихидаги сўнгги юз йилликда учраган энг жиддий муаммолардан бири бўлиб турибди. Бугунги кунда коронавирус инфекцияси глобал хавф сифатида дунё мамлакатларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий муаммосига айланди.
    Давлатимиз раҳбари томонидан короновирус тарқалишини олдини олиш, пандемиянинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилиниб, кечиктириб бўлмайдиган зарур чоралар кўрилмоқда.
    Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 март кунидаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарори қабул қилинди.
    Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди ҳамда идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралар кўрилиши белгиланди.
    Бу борада, иш берувчининг ходимлар олдидаги мажбуриятлари қуйидагилардан иборат бўлади.
    Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги буйруғи билан “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. (Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3228-сон)
    Мазкур Низом коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида  давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ходимларини масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.
    Хўш, масофадан ишлаш деганда нима тушунилади?
    Бунда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.
Низом талабларига кўра, масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин бўлган ходимлар асосан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлардир. Улардан кейин, бошқа ходимлар масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин.
    Масофавий ишлаш учун албатта, ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказишда иш берувчи томонидан вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақида муддати кўрсатилган буйруғи чиқарилади.
    Масофавий ишга ўтказилганда иш берувчи ва ходим ўртасида илгари тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартириш киритилади ва меҳнат шартномасида масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олинади.
    Масофавий ишга ўтказиш юзасидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришларда Меҳнат кодексининг 73-моддасида назарда тутилган шартлар билан бир қаторда қуйидагилар кўрсатилади:
    иш берувчи ва ходим ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқалар тартиби;
    ходимнинг меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар ва/ёки техника воситаларидан фойдаланиш тартиби, агар томонлар тарафидан ходимга тегишли жиҳозлар ёки техника воситаларидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув мавжуд бўлса;
    иш берувчи билан доимий алоқаларини таъминлаш мақсадида ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланиш;
    иш берувчи томонидан ходимга берилган жиҳозлар ва техникаларнинг ходимнинг айби билан бузилганда, етказилган зарарни ходим томонидан иш берувчига қоплаб бериш билан боғлиқ шартлар;
    ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун шахсий жиҳозлар ёки техника воситаларидан, шунингдек алоқа воситалари, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган тақдирда харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари;
    ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;
    ходимни ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда доимий иш жойига ўтказиш шартлари.
    Бундай ҳолда, ходим ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда иш вақти ва давомийлигини мустақил белгилайди.
    Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди.
    Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
    меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида — ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.
    Ходим масофавий ишга ўтказилганда унинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақланиб қолинишлиги белгилаб қўйилган.

                                Тошлоқ туман адлия бўлими бошлиғи А.Каримов

16
Карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий жазо

    Фуқаролар карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий жазо тайинлаш тўғрисидаги қарордан норози бўлсалар, судга мурожаат қилишлари мумкинми?

      Қонунчиликка мувофиқ, фуқаро ўрнатилган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.

       Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Президиумининг қарорига асосан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида фуқаролар ҳужжатларини судга фақат электрон шаклда ёки почта орқали тақдим этишлари тавсия этилган.

        Бундан ташқари, судларга шошилинч ишлар (қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, фуқароларни тиббиёт муассасаларига жойлаштириш, маъмурий қамоққа олиш, фуқароларни руҳий касалликлар муассасасига мажбурий жойлаштириш (у ерда бўлиш муддатини узайтириш), фуқароларни сил касалига қарши муассасага мажбурий жойлаштириш (у ерда бўлиш муддатини узайтириш), фуқароларни муомала лаёқатини белгилаш (муомалага лаёқатли деб топиш) ҳамда буйруқ тартибида иш юритишни ҳал қилишга доир ишларни кўриб чиқиш тайинланган

14
Мажбурий даволаш чоралари нечоғлик қонуний ҳисобланади

  Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 29-2-моддасига асосан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

  Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ва Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади.

  Ушбу талабларни бажармаганлик учун маъмурий ва жиноий  жавобгарлик белгиланган (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 54-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 257-1-моддаси).

  Маълумот учун: Ушбу тартиб  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (https://lex.uz/docs/4772484) кўзда тутилган.

  Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига мувофиқ (Ф-5537-сон 29.01.2020 й.), коронавирус инфекцияси ва бошқа ўткир  респиратор кассалликлар бор деб гумон қилинаётган шахсларни  мажбурий диагностикадан ўтказиш белгиланган.

10
Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган давлат нотариал идоралари нотариуслари ҳақида маълумот

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган давлат нотариал идоралари нотариуслари ҳақида маълумот

  Ҳурматли фуқаролар, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилганлиги муносабати билан нотариусларга мурожаат қилиш фақат кечиктириб бўлмайдиган зарурият юзага келганда (биринчи навбатда васиятнома, ишончнома, гаров, ипотека бўйича)
e-notarius.uz сайти орқали тегишли нотариусга ҳужжатларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш ва электрон навбатга ёзилиш орқали амалга оширилади.



08
Фуқароларнинг саволларига жавоблар

    1 савол: Меннинг 2 нафар фарзандим бор, отаси хизмат сафарида, уларни бири 2-синфда ва иккинчиси ДМТМ тарбияланувчиси бўлиб, уларни хар иккиси ҳам 16 мартдан буён уйдалиги сабаб мехнат таътили олиб уларга уйда қолиб қарашга мажбурман, бироқ менга ишхонамда жавоб бермаяпти шу тўғрими?

Жавоб: нотўғри, чунки бундай холларда иш берувчи ходимнинг розилиги билан масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш ёхуд иш хақи сақланмаган холда таътил берилиши лозим. Низомга асосан Меҳнат таътили карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиси бўлган боланинг ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиси, яъни 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчининг ота-она (улар ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий)сига берилади.

      2 савол: Мени ёшим 50 да,  2-тип қандли диабет касаллигига чалинган ва 10 йилдан буён “Инсулин” препаратини олиб келаман. Касаллигимни инобатга олиб уйдан туриб ишлашга хақим борми?

Жавоб: ха, чунки бундай холларда иш берувчи ходимнинг розилиги билан уйда ишлашга вақтинча ўтказиши лозим. Низомга асосан уйда ишлашга ўтиш ҳуқуқидан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланади.

        3 савол: Мен кўп бора масофадан туриб ишлаш, масофадан туриб ишлаяпмиз деган сўзларни эшитяпман, масофадан туриб ишлаш нима дегани?

Жавоб: Масофадан иш деганда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.

      4 савол: Менга раҳбарим томонидан масофадан туриб ишлайсиз деб айтмоқда, бундай ишласам иш хақим камайиб кетмайдими, масофадан туриб ишлаганимда иш хақим қандай тўланади?

Жавоб: Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади, яъни меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади, иш хақингиз миқдорига таъсир этмайди.

     5 савол: Ходимларни уйда туриб ишлаши нима дегани?

Жавоб: Уйда ишлаш -  ходим яшаш жойи бўйича ёки унга ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишни англатади ва уйда ишлашни ташкил этишга, иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ уйда ишлашни амалга ошириш учун зарур бўлган шароитлар, шу жумладан турар-жойи бўлган тақдирда йўл қўйилади.

      6 савол: Мен оилавий шароитимдан келиб чиқиб уйда ишлашга ўтмоқчиман, агар уйда ишлашга ўтсам иш хақим қандай тўланади?

Жавоб: Уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади, яъни меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг уйда ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда ёҳуд меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида.

Саволларга Бувайда тумани адлия бўлими бошлиғи

Умиджон Назиров жавоб берди.

07
Карантин тартибига риоя этиш ҳар бир фуқаронинг инсоният олдидаги бурчидир.

Карантин шароитида касаллик тарқалишини олдини олишнинг энг муҳим шарти – тегишли қоида ва тавсияларга сўзсиз риоя этишдир. Ўз вақтида карантин қоидаларига етарли даражада риоя этмаслик, масалага енгил қараш оқибатларини бугун бутун дунёни кузатиб турибмиз.
Карантин қоидаларига риоя этмаслик оқибатида, бугун дунёда минглаб одамлар вафот этмоқда.
Бизда ҳам айрим фуқаролар вирус хавфини тўлиқ англамай ва унга қарши кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятини тушунмаган ҳолда карантин тартибини бузишга ҳаракат қилиб, касалликнинг мамлакатимизда кенг тарқалиши хавфини туғдирмоқда.
Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунчилигимизда жуда кескин жавобгарликлар мавжуд ва эндиликда улар янада кучайтирилди.
Карантин шароитида давлат санитария назорати органларининг қонуний талабларини, масалан, тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик жиноят сифатида баҳоланади.  
Илгари карантин қоидаларини бузганлик учун, агар бу одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо белгиланган. Кучайтирилган тартибга кўра, эндиликда бунинг учун
5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Агар ўша ҳаракат одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин эди. Эндиликда карантин қоидаларини бузган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Республикамиз қонунчилигига кўра ёлғон маълумот тарқатган ҳам жазоланади, Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди. Инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш қуйидагича жазоларни юзага келтириш мумкин:
•    44 млн 600 минг сўмгача жарима;
•    300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
•    2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.
Бундай маълумотларни нашр қилиб, кўпайтириб, ОАВ, Интернет орқали тарқатганлар икки баравар кўпроқ тўлайди – 89 млн 200 минг сўмгача жарима! Бу ҳолат учун ҳатто 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жиноий жавобгарлик белгиланди.
Мақсад, биринчи навбатда, асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олишдир. Ваҳиманинг олди олинсагина жамоат хавфсизлиги таъминланади, мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббий мажбурлов чораси қўлланилишини назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.
Тиббий мажбурлов чораси шахсни маъмурий жавобгарликдан озод этадими? Йўқ. Яъни карантин шароитида қоидаларни бузган шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланса, у жарима тўлабгина қолмай, бир пайтнинг ўзида 30 суткагача муддатда тиббий мажбурловни ҳам ўтайди.
Амалдаги кодексда мажбурий тиббий чоралар қўллаш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас эди. Ушбу чоралар санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузган ва айни пайтда касалликнинг янада кенгроқ тарқалишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган шахсни жамиятдан ажратган ҳолда мажбурий равишда даволаш имкониятини беради. Ушбу чоралар айнан карантинли ва инсон учун хавфли юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўлланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси ниқобсиз юрганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қисм билан тўлдирилди.  
Карантин шароитида жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш 1 млн 115 минг сўм миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу чорага касаллик “занжирини узувчи” восита сифатида қараш ўринли. Катта жарима тўламаслик учун ҳам ниқоб тақилади, касалликнинг тарқалиш географияси тўсилади, ўз-ўзидан атрофдагилар хотиржамлигига эришилади.
Бугунги кунда бутун инсоният катта синовни бошдан кечирмоқда. Қонуний тартиблар қатъий ўрнатилгани билан, ҳамма гап одамларнинг онгли равишда тўғри қарор қабул қилишида қолади. Барча-барчаси жамоавий хавфсизлик учун ўз шахсий масъулиятини ҳис этиш ва виждонан ҳаракат қилишга боғлиқ. Кичкина масъулиятсизлик туфайли халқ ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўймайлик.


Ш.Холматов
Учкўприк туман адлия
бўлими бошлиғи

06
Меҳнат қонунчилиги нима дейди

    16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида (боғча, мактаб ва университетлар) карантин эълон қилинди. Ўз навбатида бизга Меҳнат қонунчилиги бўйича жуда кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Қуйида шу саволларга жавоб берамиз.

Ходим карантинга олинса унга қайдай кафолатлар мавжуд?

             Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 285-моддасига кўра,карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
             Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 1136, 14.05.2002 й.) 17-бандига кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфини олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса нафақа берилади.
    Яъни агар ходим карантинга олиниши муносабати билан ишдан четлаштирилган бўлса, ходимнинг бу даври учун унинг иш жойидан меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилиши керак.
           Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.
           Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизи (239 минг сўм) дан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

          Карантин туфайли айрим ташкилотлар фаолиятида тўхталишлар бўлса ходимларга (масалан, боғча тарбиячилари, педагоглар) қандай кафолатлар бор ?

          Меҳнат кодексининг 159-моддасига кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади. Яъни, карантин ҳолатида корхона томонидан ходимларга бекор қолиш даври учун ўртача ойлик иш ҳақи тўланаверади.

         Иш берувчи ходимга бундай ҳолатда иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши мумкинми?

          Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил ходимнинг аризасига кўра иш берувчи билан келишувга кўра белгиланади. Яъни иш берувчи ходимнинг розилигисиз унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бера олмайди.
          Карантин тадбирларига сафарбар этилган ходимларга қандай кафолатлар мавжуд?

         Меҳнат кодексининг 167-моддасига кўра, ходим жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда (авариялар, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва бошқа ҳолларда) ана шу даврда унинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.
          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори 5-иловаси - ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариши, шунингдек, уларнинг жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилиши билан боғлиқ кафолатли тўловларни тўлаш тартибига кўра, ходимларнинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш, шунингдек, жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилишлари вақтида уларнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.
          Шунингдек, давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш вақтида (қонун билан белгиланган ёки тегишли органнинг чақириқ қоғозида, хабарномасида кўрсатилган вақтда) иш берувчи ходимнинг иш жойи (лавозими)ни сақлаган ҳолда уни ишдан озод қилиши шарт.

         Ёш болани парвариш қилаётган ишловчи оналарга қандай кафолатлар бор, чунки боғчалар ишламайдику?

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.) 37-бандига кўра, мактабгача таълим муассасасида ёки олти ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
           Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра иш берувчи икки ёшдан уч ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил бериши шарт.
          Ўз навбатида ҳурматли фуқароларимиздан ваҳимага берилмасдан санитария ва гигиена қоидаларига қатьий риоя этишни ва белгиланган қонунларга сўзсиз итоат этишни сўраб қоламиз.
         Меҳнат кодексининг 176-моддасида ходимнинг бурчлари келтириб ўтилган. Унга кўра ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши шарт.
          Бундан ташқари қонунчиликда карантин, санитарияга оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
          Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
          Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-1-моддасига кўра, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлар беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бағдод туман адлия бўлими
бошлиғи И.Исаков