Yangiliklar
Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуси билан ҳар йили ҳокимлар иштирокида ўтказиб келинаётган ўқув семинарлар тобора муҳим аҳамият касб этиб, ҳокимлик масъул ходимларининг ҳам малакасини ошириш махсус курсларининг ташкил этилгани, амалда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Мазкур тадбирларда масъуллар нафақат ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, балки фаолиятларидаги муҳим масалалар ва мавжуд муаммоларни самарали ҳал қилиш йўллари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.
Маълумки, ҳокимликлар фаолияти устидан тизимли мониторинг
ва назорат олиб боришнинг янги механизмлари ўрнатилди. Бунга ҳанузгача ҳуқуқни қўллаш фаолиятида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликнинг етарли эмаслиги, қонунчилик нормаларини айрим ҳолларда нотўғри, турлича, хато талқин қилиш ва қўллаш каби муаммолар учраётганлиги сабаб бўлди.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони 3-банди билан 2021 йил 1 июнга қадар барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)га (кейинги ўринларда – Миллий база деб юритилади) киритилиши шартлиги белгиланди.
Фармон ижросини ташкил этиш бўйича эса адлия органлари ҳамда “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази (кейинги ўринларда – Марказ деб юритилади) масъулиятини ошириб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрмоқда.
Масалан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарорларини Миллий базага киритиш учун юборишнинг техник талаблари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига услубий таъминлаш мақсадида юборилиб, ҳокимликлар билан адлия бошқармалари ўртасида келишув имзоланди.
Биринчи масала – маҳаллий ҳокимликларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти бўйича: маҳаллий ҳокимликлар ҳуқуқ ижодкорлигининг фаол субъекти бўлиб, улар қабул қиладиган ҳар қандай ҳужжат қонунчиликка мувофиқ ва албатта халқчил бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам, бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда. Адлия органлари эса бу соҳада ҳокимларга яқиндан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи идора ҳисобланади.
Маълумот учун, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги норматив тусдаги қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак:
►ҳуқуқий нормаларга (қонун ҳужжатларида белгиланган шаклда қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида қонун ҳужжатлари нормаларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳужжат) эга бўлган;
►аниқ адресат билан таърифланмайдиган;
►аниқ муносабатларни белгиловчи ягона тартибга эга бўлган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари нормалари лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда баён қилиниши лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўқиганда ва амалда қўллаганда, унинг матни турли хил талқинлар ва тушунмовчиликларга олиб келмаслиги лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган тарзда бир хилда қўлланилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайдиган ҳужжатлари ҳам мавжуд-ки, уларга қуйидагилар киради:
● якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар:
– шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимдан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, мукофотлаш ва бошқа шу кабилар) ҳужжатлар;
– тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича қабул қилинган ҳужжатлар;
● илгари белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ва норматив-ҳуқуқий кўрсатмаларни ўз ичига олмаган ҳужжатлар (шу жумладан бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар);
● тавсия тусидаги ҳужжатлар;
● муайян ташкилот ва фуқароларга ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тўғрисидаги ҳужжатлар;
● норматив ҳуқуқий тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.
Ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайдиган қарорлар лойиҳалари ҳуқуқий нормаларга эга бўлмаслиги, улар ҳуқуқий нормаларни қўллашга қаратилган бўлиб, индивидуал мазмунга ва бир марталик характерга эга бўлиши лозим. Бундай қарорлар лойиҳаларида ҳатто битта ҳуқуқий норма ўрнатилган бўлса ҳам улар, албатта, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши лозим.
Шунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расман эълон қилинганидан сўнг кучга киради. Бу тоифадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эса мазкур органларнинг расмий нашрларида эълон қилинади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман эълон қилинганда унинг барча реквизитлари (ҳужжатнинг тури ва номи, қабул қилинган жойи, санаси, рақами ва имзо қўйиб тасдиқлашга расман ваколати бўлган шахсларнинг фамилияси, лавозими ва имзолари) кўрсатилиши лозим.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилганда, юридик хизмат ва адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганда расмий нашрларда эълон қилинган манбалардаги қонун ҳужжатларидан фойдаланиш лозим.
Бундай манбалар бўлиб «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари ҳисобланади.
Биргаликда кўрилган чоралар натижасида норматив тусдаги қарор лойиҳаларини адлия бошқармаларига ҳуқуқий экспертиза қилиш учун мунтазам равишда тақдим қилиш механизми йўлга қўйилди. Бироқ, бу йўналишда ҳали эътибор қаратиш лозим бўлган камчиликлар талайгина. Шунга кўра, юқорида қайд этилган Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш бўйича ташаббус кўрсатган ҳолда, тизимлаштириш ва уларни Миллий базага киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизмини жорий этиш ишлари амалга оширилишини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.
“Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига асосан Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Миллий базада 2017 йилнинг 25 сентябридан Марказ томонидан расман эълон қилиб келинмоқда.
Мазкур қонуннинг 9-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида ўзи қабул қилган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорларнинг матнларини ва зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни Миллий базада эълон қилиш учун ва давлат органларига юбориш учун Адлия вазирлигига ҳудудий адлия органлари орқали йўллаши белгиланган.
Ҳоким қабул қилган норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши шарт ва бунга имконият ҳам мавжуд. Андижон шаҳар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий нашрлари мавжуд эмаслиги ёки босма нашрларда эълон қилиш учун маблағ зарурлиги натижасида, қарорлар эълон қилинмаяпти, бу қарорлар Миллий базага расман эълон қилиш учун ҳам ҳудудий адлия органлари орқали юборилмаяпти.
Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даврида ҳокимлар қабул қилган 799 та норматив тусга эга қарорларнинг 57 таси, яъни 8 фоизи расмий нашрларда эълон қилинмаган. Бу кўрсаткич Жиззах вилоятида (54-44) 19 фоизни, Хоразм вилоятида (41-35) 15 фоизни ва Тошкент вилоятида (51-40) 8 фоизни ташкил қилган.
Таъкидлаш лозимки, бундай қарорларни расмий нашрларда эълон қилмаслик фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларига путур етказиши мумкин. Ўз навбатида, бундай ҳужжатлар ваколатли идоралар томонидан бекор қилинади ёки суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.
Биргина 2020 йилнинг 9 ойида адлия органлари киритган тақдимномаларга асосан жами 170 та, жумладан; Қашқадарёда 44 та, Самарқандда 36 та, Сурхондарёда 21 та, Хоразм 20 та, Бухоро, Жиззах
ва Андижонда 8 тадан, Тошкент вилоятида 3 та, Тошкент шаҳрида 2 та, Фарғонада 1 та, Сирдарёда 1 та ҳокимнинг норматив тусдаги қарорлари қонунчиликка зидлиги сабабли бекор қилинган.
Масалан, Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 2017 ― 2019 йиллар ва 2020 йилнинг 9 ойида норматив тусдаги жами 179 та қарор қабул қилинган бўлса-да, шундан 138 таси (4 та Сирдарё вилояти ҳокимининг, 10 та Янгиер, 13 та Ширин, 6 та Гулистон шаҳарлари, 14 та Гулистон, 15 та Сайхунобод, 16 та Сирдарё, 16 та Мирзаобод, 15 та Оқолтин, 9 та Боёвут, 11 та Ховос ҳамда 9 та Сардоба туманлари ҳокимларининг қарорлари) Миллий базага жойлаштириш учун Марказга юборилган, қолган 41 та қарор ҳозирга қадар юборилмаган.
Жойлаштириш учун юборилган 138 та қарорнинг 12 тасини эълон қилинган санаси ва манбаси мавжуд эмаслиги сабабли Миллий базага жойлаштиришнинг имкони йўқ. Чунки, 12 та қарор қачон ва қайси маҳаллий газетада эълон қилинганлиги бўйича маълумот тақдим этилмаган (Гулистон туман ҳокимининг 2019 йил 30 мартдаги 1330-сонли қарори, Янгиер шаҳар ҳокимининг 2018 йил 9 мартдаги 286-сонли қарори).
Қарорлар матнида имловий ва бошқа хатолар мавжуд, “қ, ғ, ў, ҳ” ҳарфлари бошқа ҳарфларда ифодаланган (Сайхунобод туман ҳокимининг 2018 йил 14 февралдаги 312-сон қарори, қарорнинг матнида “килиш максадида” “катъий “карор кабул килишни”... деб ёзилган), ҳужжатлар кечиктириб юборилмоқда (Сайхунобод туман ҳокимининг 2019 йил
4 февралдаги 551-сон қарори Марказга 4 ой кечиктириб, 2019 йил 11 апрелда юборилган), ҳужжатларнинг реквизитлари (муҳр, имзо, сана) тўлиқ эмас (Сирдарё вилояти ҳокимининг “Вилоятда 2018 йилда қўлланиладиган давлатга тегишли кўчмас мулклар ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисидаги” қарори юборилган, сана, имзо, муҳр мавжуд эмас).
Худди шу каби ҳолатлар аксарият вилоятлар ҳокимликлари фаолиятида мавжуд.
Энг асосийси, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлар тўлиқ, уларнинг тегишли ахборот таҳлилий материаллари эса умуман юборилмаслиги, Миллий базада эълон қилинмаслиги, киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ёки ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақидаги маълумотларни Миллий базадаги ҳужжатларга киритилмаслиги ҳамда назорат ҳолатида юритилмаслигига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича давлат органлари ва ташкилотларига етказилмаяпти. Бу билан юқорида қайд этилган Қонун ва Ҳукумат қарори ижроси таъминланмаяпти.
Ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида кўрсатиб ўтилган камчиликлар ушбу соҳа фаолияти устидан назоратни шахсан хокимлар ўз зиммасига олишларини, фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан ҳудудий адлия органлари билан биргаликда комплекс чора - тадбирларни амалга оширишни талаб қилади.
Иккинчи масала – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш фаолияти бўйича: марказ томонидан 2020 йилнинг 9 ойида 960 та қабул қилинган ва ҳокимликларга электрон шаклда юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олганлиги электрон манзилда кўринса-да, улар туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юборилмаяпти, уларни раҳбар ва ходимлари эътиборига ўз ватқида етказилмаяпти, шунингдек, ўзлари қабул қилган ва ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий веб-сайтларига жойлаштирмаяпти, ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасини юксалтиришга қаратилган етарли чора-тадбирлар кўрилмаяпти, энг асосийси, бу ҳужжатларнинг ижросини таъминлашга масъул ходим ҳам бириктирилмаяпти.
Маълумот учун: Миллий база фойдаланувчилар орасида Lex.uz фаолиятни қандай баҳолайсиз мавзусида сўровнома ўтказилди. Сўровномани жами 12 300 нафар фойдаланувчи ўқиб, 3 082 нафари иштирок этган бўлса, уларнинг 40 фоизи аъло, 37 фоизи яхши, 18 фоизи ўртача ва 5 фоизи ёмон деб баҳолаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг Миллий базада эълон қилиш тезлигини қандай бахолайсиз мавзусида ўтказилган сўровномани эса 12 900 нафар фойдаланувчи ўқиб, 2 901 нафар иштирок этганларнинг 33 фоизи аъло, 36 фоизи яхши, 24 фоизи ўртача ва 7 фоизи ёмон деб фикр билдирган.
Иштирок этувчилардан тушган таклиф ва эътирозлар Миллий базани, шунингдек, Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда концепциялар, дастурлар, “Йўл харита”лари ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш учун фойдаланилади.
Миллий база сайти фойдаланувчилари ҳақидаги рақамларни дунё бўйича солиштирганда унчалик ҳам катта рақам кўринмаса-да, www.lex.uz www.uz рейтингида барча категориялар бўйича 13-ўринда (ўтган йилга нисбатан 13 та юқорилади), маълумот берувчи сайтлар рўйхатида 3-ўринда, қонун ва ҳуқуқ йўналишида 1-ўринда сараланган. Сайтнинг доимий кирувчилар сони бир кунда тахминан 30-44 мингтани, кўришлар сони эса 176 мингта (ўртача ҳисобда ойига 5.5 млн. та)ни ташкил этади.
Сайтдан бир ойда Ўзбекистондан 650 371 нафар фойдаланувчи фойдаланган бўлса, Колумбия (192 116 нафар), Россия федерацияси (37 974 нафар), АҚШ (7 671 нафар), Буюк Британия (4 305 нафар), Украина (4 120 нафар), Қирғизистон (3 560 нафар), Қозоғистон (2 818 нафар), Чехия (1 717 нафар), Германия (1 593 нафар), Туркия (1 283 нафар)дан туриб ҳам фаол фойдаланишмоқда. Сайтдаги қонун ҳужжатлари нафақат давлат тилида балки, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ҳам эълон қилинмоқда.
Навбатдаги масала – маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш фаолияти бўйича: Республикамизда мустақиллик йилларида фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, маданияти ва билимини оширишга қаратилган асрларга таътигулик ишлар амалга оширилди. Кўп асрлик маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимизнинг ҳуқуқий меросини, умумбашарий қадриятлар ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро ҳуқуқий нормаларни ўзида мужассам этган Конституциямиз, 18 та кодекс, 600 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди, барча хуқуқ соҳалари бўйича ўқув дарсликлари, қўлланмалар, шарҳлар, оммабоп юридик адабиётлар яратилди. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб қабул қилинган Асосий қонунимизда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. Демак, фуқароларнинг қонунларни билиши, уларга риоя этиши конституциявий даражада ўрнатилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига мувофиқ ҳокимларга Қонунларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси хужжатларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларнинг ижросини ташкил этиш, жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриш вазифалари юклатилган.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш ва маънавиятнинг маъно-моҳияти, миллий маънавиятимизнинг қадимий илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари ҳақида аниқ мақсадга қаратилган тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб бориш, аҳоли, авваламбор ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказиш, бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун хужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини атрофлича шарҳлаш ва тушунтириш, юртимизга қарши қаратилган ғоявий ва информацион хуружлар, уларнинг ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини тушунтириш, одамларни ҳушёрлик ва огоҳликка дават этиш, олимлар, сиёсатчи ва мутахассислар, ижодкор зиёлилар иштирокида жойларда самарали тарғибот тизимини йўлга қўйиш, ота-она, оила ва маҳалла, тарихий хотира, миллий ғурур, комил инсон тарбияси билан боғлиқ туйғу ва тушунчаларни ёш авлод қалби ва онгига таъсирчан усул-услублар орқали сингдириш, аждодларимизнинг бу борадаги меросини бугунги тараққиёт талаблари билан узвий ҳолда ривожлантириш, тарғибот ишларини миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлиги асосида ташкил этишлари зарур.
Хулоса шуки, мавжуд хато ва камчиликлар Ўзбекистоннинг имиджига ўз таъсирини кўрсатади, шу учун ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлар ва қайд этилган Қонун ҳамда Ҳукумат қарори бўйича ходимларда масъулиятни янада оширишни талаб этади, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, ҳудудий адлия органлари камчиликлардан хулоса қилиб, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан фаолият самарадорлигини янада оширишлари лозим бўлади.
Бунинг учун энг аввало, қонун бузилиши ҳолатлари келиб чиқишига шароит яратаётган:
- Миллий базага киритиш ва эълон қилиш учун юборилаётган ҳужжатларнинг сифати, лингвистик ва имловий жиҳатларига эътибор қаратиш, ҳуқуқий ва техник талабларга тўлиқ риоя этиш;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 2017 йил 25 сентябрдан ҳозирга қадар қабул қилинган норматив тусдаги қарорларни хатловдан ўтказиб, юборилмаганларини Миллий базага киритиш учун Марказга қоғоз, “pdf” ва “word” шаклда эълон қилинган манба (газета)сини илова қилган ҳолда юбориш;
- норматив тусдаги қарор лойиҳаларини тайёрлашда Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2420, 2013 йил 1 февраль) талабларига қатъий риоя этиш;
- Марказ томонидан электрон тизим орқали юборилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни:
ўз вақтида қабул қилиб олиш;
ижросини таъминлашга масъул шахс белгилаш;
ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўз вақтида етказилишини таъминлаш;
уларни раҳбар ва ходимлар эътиборига етказиш;
ўзлари қабул қилган ва ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириш;
ўз фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасини юксалтиришга қаратилган зарур ишларни амалга ошириш;
масъул раҳбарлар ва ходимларнинг “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон қарорида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгарлигини ошириш ва аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш бўйича масъулларга кўрсатма бериш лозим бўлади.
Алижон ОЧИЛОВ
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази директори
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Шу сабабли, мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун — 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни”, деб эълон қилинган.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси Ёшлар бўйича етакчиси лавозимига бошқарма Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими етакси маслаҳатчиси Эшонов Саидолимхон Хабилуллохон ўғли сайланган.
С.Эшонов 1992 йилда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. Оилали.
С.Эшоновнинг меҳнат фаолияти:
2008-2011 йилларда Фарғона ҳуқуқшунослик коллежи;
2012-2013 йилларда муддатли харбий ҳизматда;
2013-2017 йилларда Тошкент давлат юридик университети (бакалавр);
2016-2017 йилларда “Financial Advisory & Tax Consultants Group” ХКда юрист;
2017-2018 йилларда “Financial Advisory & Tax Consultants Group” ХКда “Солиқ ва божхона масалалари бўлими” бошлиғи;
2017-2019 йилларда Тошкент давлат юридик университети магистранти;
2019 й ва х.к. Фарғона вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими етакчи маслаҳатчиси.
Пандемия шароитида Бағдод туман адлия бўлимининг иш фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарорида белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда олиб борилди.
Хусусан, юзага келган вазиятни инобатга олиб, Бағдод туман адлия бўлими томонидан бўлимнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида жумладан, фасебоок ижтимоий тармоғида “Bag’dod tuman adliya bo’limi” гуруҳи ҳамда телеграм ижтимоий тармоқларида “Бағдод адлия” гурухи ва “Bag`dod tuman adliya bo`limi huquqiy maslahatlar” каналида фуқароларнинг ҳуқуқий масалалардаги саволларига онлайн интервъюлар тарзида жавоблар тайёрланиб, фуқаролар ихтиёрига етказилди. Пандемия даврида фуқароларимиз томонидан меҳнат муносабатлари, алимент, пенсия, уй-жой масалалари ва бошқа муносабатлар бўйича йўлланган 100 га яқин саволларига бўлим томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Бағдод туман адлия бўлими томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида оммавий ахборот воситаларида 251 та тарғибот ишлари олиб борилди. Шундан 12 марта телевидения, 9 марта радио, 11 марта газета ва журналлар орқали амалга оширилган бўлса, 201 маротаба веб-сайт ва бошқа электрон ахборот воситалари орқали амалга оширилди.
Шунигдек, карантин даврида бўлим томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг 202 та мурожаатлари қабул қилиниб, шундан 196 та мурожаат ижобий ҳал қилинди. Ҳал қилинган мурожаатларнинг 178 таси қаноатлантирилган бўлиб, 18 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Бундан ташқари, бўлим томонидан ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва юридик хизмат фаолиятига оид қонун ҳужжатлари риоя қилиниши самарадорлигини ошириш максадида Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан белгиланган иш режага асосан ташкилотлар ва муассасаларда ўрганишлар ўтказилди. Жумладан,
2020 йилнинг ўтган даврида бўлим томонидан жами 7 марта ўрганиш
ва 7 марта мониторинглар ўтказилди. Ўтказилган ўрганишлар ва мониторингларда, шуниндек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 282 та огоҳнома, 35 та тақдимнома, 22 та маъмурий таклиф ҳамда фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ва маънавий зарарларини ундириш юзасидан судларга жами 19 та даъво аризалари киритилди.
Шунингдек, бўлим томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида Бағдод туман ҳокимининг 2 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарор лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Давлат органлири ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимларининг фаолияти мувофиқлаштириб борилмоқда. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан фаолиятларига амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, жамиятимизда ҳуқуқ ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳамда ахолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш масалалари юзасидан олиб борилаётган ишлар бугунги кунда вужудга келган ҳар қандай шароитда хам Бағдод туман адлия бўлими томонидан давом эттириб келинмоқда.
Бағдод туман адлия бўлими
бош маслахатчиси О.Қўчқоров
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўтказилаётган кенг кўламли ислохотлардан нотариат сохаси хам четда қолмади.Мухтарам юртбошимиз томонидан 2019 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Нотариат тизимини тубдан ислох қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
5816-сонли Фармонига асосан 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралар этиб қайта ташкил қилиш белгиланган эди.
Бундан ташқари, 2020 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар махкамасининг “Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-хуқуқий хужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби, уларни лицензиялаш ва ҳисоб рўйхатига олиш ҳамда нотариал округдаги нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилаш тартиби ҳам ўрнатилди.
Жорий йилнинг май ойидан бошлаб Фарғона вилоятида хам давлат нотариал идораларида фаолият кўрсатаётган нотариуслар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сифатида ўз фаолиятини қайта ташкил этган ҳолда амалги оширишни бошлашди.
Ўтган етти ой мобайнида нотариуслар қонунда назарда тутилган нотариал харакатларни хамда улар билан бевосита боғлиқ хуқуқий ва техник тусдаги харакатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг хуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ойнинг ўн беши ёруғ, ун беши қоронғу бўлганидек, ҳаёт хам турли синов ва машаққатлардан иборат. Буни бутун ер юз ва аҳолисини жиддий ташвишга солаётган хавф- пандемия мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бизга ҳам, афсуски, бу синов етиб келди. Кутилмаганда ҳаёт тарзимизни, одатларимизни, бир маромда кетаётган жараёнларни ўзгартиришимизга, янги талаб ва шартлар асосида яшашга ўрганишимизга тўғри келди.
Пандемия шароитида нотариал харакатларни нотариуслар томонидан санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган холда, яъни: Нотариал идоралар ходимлари махсус тиббий қўлқоп ва тиббий ниқобда хизмат кўрсатиб, мунтазам равишда антисептик воситаларидан фойдаланган холда, бинода тез-тез дезинфекция тадбирларини ўтказиб, фуқароларни қабул қилишда бир вақтнинг ўзида 3 кишидан ортиқ фуқароларни киритмаслик, фуқароларни қабул килишда эса 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш чоралари қўриб хизмат кўрсатилмоқда.
Энг муҳими, пандемия шароитида фуқароларнинг тўпланиб қолишининг олдини олиш учун e-notarius.uz сайти орқали тегишли нотариусга онлайн навбатга ёзилиши, нотариал харакатлар юзасидан маслаҳатларга ва саволларга жавоб олиш учун @notariusmaslahatibot телеграмм боти орқали мурожаат этишлари мумкин.
Фарғона шаҳар хусусий амалиёт
билан шуғулланувчи нотариал
идораси нотариуси
Эгамбердиева Муқаддасхон Курбановна
Ўрта-махсус юрист маълумотга эга бўлган шахслар давлат органлари
ва ташкилотларида юрисконсульт вазифасида ишлай оладими?
Давлат органлари ва давлат ташкилотларидаги юридик хизмат ходимлари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.
Мазкур Низомнинг 7-банди талабларига кўра юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган
ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар ишлаши мумкин.
Мана шу қоидага асосан давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат соҳасида олий юридик маълумотга эга бўлмаган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги махсус ўқув марказида қайта тайёрлаш курсларидан ўтмаган шахслар давлат ташкилотларида юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида ишлай олмайдилар.
Бироқ, мазкур Низомнинг 9-бандига кўра, агар давлат органлари
ва ташкилотларида юрисконсульт ёрдамчиси лавозими жорий этилган бўлса, айнан шундай лавозимларда ўрта-махсус юридик маълумотга эга бўлган шахслар ҳам ишлашлари мумкин.
Шунингдек, Низом талаблари фақат давлат органлари ва давлат ташкилотлари учун мажбурий бўлиб, қолган ташкилотлар учун мажбурий ҳарактерга эга эмас.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ўрта-махсус маълумотга шахслар юрист сифатида бошқа ташкилотларда (ҳусусий ва нодавлат ташкилотларида) юридик хизмат ходими сифатида бемалол ишлашлари мумкин.
Фарғона вилоят адлия
бошқармаси маъсул ходими С.Эшонов
Президент Фармони билан қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизими жорий этилади.
Қонун ҳужжатларининг тарқоқлиги амалда уларни идрок этишнинг мураккаблигига, ҳуқуқий тафовутлар ва низоларга, ортиқча тартибга солиш ва бюрократияга олиб келади. Шу ва шунга ўхшаган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2020 йилнинг 27 сентябрь кунида Президентимизнинг “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар билан биргаликда ўтказилган хатловда 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланган. Улар ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар, ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқармоқда. Шу муносабат билан:
• Президентнинг 1990–2018 йилларда қабул қилинган 498 та ҳужжати (тўлиқ ёки қисман) ўз кучини йўқотган деб топилди, 121 та ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди;
• хатлов натижасида аниқланган ҳукуматнинг 2 мингдан ортиқ шундай ҳужжатлари танқидий қайта кўриб чиқилади ҳамда уларни бекор қилиш бўйича таклифлар 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Фармонга мувофиқ:
биринчидан, индивидуал ва ташкилий хусусиятига эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фарқлашнинг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади. Бунда Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари назарда тутилган;
иккинчидан, янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжати қабул қилинади ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжати ўз кучини йўқотган деб топилади. Аввал қабул қилинган бундай қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташкил этилади;
учинчидан, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш, шунингдек тадбирлар ўтказишни ташкил этиш юзасидан қабул қилинган ҳужжатлари тегишли йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топилади;
тўртинчидан, қонун ҳужжатлари базасини хатловдан ўтказиш давом эттирилади. Эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлар бекор қилинади, тарқоқ ҳолда тартибга солинаётган ижтимоий муносабатлар тизимлаштирилади.
Фармонга кўра, Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Вазирликнинг марказий тузилмасида Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилади. Шунингдек давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида масъул ходимлар белгиланади. Мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот ҳар йили ОАВда эълон қилинади ҳамда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Тартибга солиш таъсирини баҳолаш қуйидагилардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:
қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тартибга солишнинг таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан ташкилотлар томонидан regulation.gov.uz портали орқали;
амалдаги қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон платформадан фойдаланган ҳолда;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш “E-Qaror” ягона электрон тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, Фармонда қуйидагиларни назарда тутувчи тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича таҳлилий материаллар қонун ҳужжатлари лойиҳаларига илова қилиниши шарт:
– муаммо таҳлили ва ҳал этиш йўллари;
– рақобатга таъсирнинг баҳоси;
– янги тартибга солиш воситалари ва уларни жорий этишнинг эҳтимолий оқибатлари прогнози ва баҳоси;
– фуқаролар ва тадбиркорлар учун фойда ва харажат таҳлили.
Жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш босқичларида лойиҳага муаммо таҳлили, уни ҳал этиш йўллари, рақобатга таъсирини баҳолаш, янги тартибга солиш воситаларини жорий этишнинг эҳтимолий оқибатларини прогнозлаш ва баҳолаш, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлар учун фойда ва харажатларни таҳлил қилиш назарда тутилган таҳлилий материаллар илова қилинади.
Бундан ташқари, Фармонга асосан қуйидаги иккита майдон модернизация қилинади:
а) regulation.gov.uz портали – унда қуйидагиларга имконият яратувчи “очиқ платформа” (open platform) ишга туширилади:
• жамоатчилик, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларини амалга ошириш доирасида қайта алоқа механизмларини жорий этиш;
• давлат органлари ва ташкилотлари билан тематик онлайн учрашув ва муҳокамалар ўтказиш бўйича ташаббус кўрсатиш;
• қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсирини баҳолашда «краудсорсинг» имкониятларидан фойдаланиш. Масалан, онлайн-сўровномалар ўтказиш;
б) Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси:
• 2021 йил 1 июнгача барча амалдаги Олий Мажлис палаталарининг қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг НҲҲлари базага киритилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари тизимлаштирилади, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлар бекор қилинади, ҳужжатларни базага автоматик тарзда жойлаштириш механизми жорий этилади;
• база фойдаланиш янада қулай ҳолатга келтирилади. Хусусан, НҲҲ, ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар, шунингдек оператив, ташкилий ва бошқа тусдаги ҳужжатлар бир-биридан алоҳида жойлаштирилади.
Фармондан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимизда давлат
ва жамият қурилишининг асосларини мустаҳкамлашга, бозор иқтисодиётини ривожлантиришга, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва фуқароларнинг фаровонлигини яхшилашга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга ошириш ҳисобланади.
Бағдод туман адлия бўлими
бош маслахатчиси О.Қўчқоров
Компенсация пулари қайта ҳисобланди
Тошлоқ туман адлия бўлимига 2020 йилнинг 25 август куТошлоқ тумани Заркент МФЙ Қашқар қишлоғи 230-уйда яшовчи фуқаро А.Маматов мурожаат қилган.
У ўз мурожаатида, Тошлоқ агросаноат касб-ҳунар коллежи тугатилаётганлиги сабабли ишдан бўшатилганлиги, бироқ ишдан бўшатиш хақидаги огоҳлантириш хати қонунчиликда белгиланган икки ой муддатда эмас балки, меҳнат шартномаси бекор қилинишидан бир ярим ой олдин берилганлиги сабабли ушбу ҳолатни қонунийлигини ўрганиб беришни сўраган.
Тошлоқ туман адлия бўлими томонидан мурожаат ўрганилиб, қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан Тошлоқ техник хизмат кўрсатиш техникумига тақдимнома киритилган, ҳамда фуқаро А.Маматовга огоҳлантириш давридаги тўланиши лозим бўлган 13 кунлик компенсация фарқ ҳисоб-китоб қилиниб, 593377 (беш юз тўқсон уч минг уч юз етмиш етти) сўм миқдордаги компенсация пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Тошлоқ туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси Х.Далибоев
НОГИРОН ВА ҚАРИЯЛАРНИ ПАРВАРИШЛАЯПМИЗ. БИЗГА ИШ СТАЖИ БЕЛГИЛАНАДИМИ?
Бешариқ тумани Адлия бўлимига Дилором Мамадалиева “I гуруҳ ногиронига қараб турган вақтини иш стажига қўшиб ҳисоблаш ҳақида”ги, Муборак Ҳасанова ва Гулшаной Ортиқовалар “80 ёшга тўлган қарияга қараб турган вақтини иш стажига қўшиш ҳақида”ги, мурожаати ўрганилиб чиқилиб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк туман бўлимига, I гуруҳ ногиронига, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияга қараб турилган вақтни иш стажига қўшиш юзасидан алоқа хати юборилди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Учкўприк туман бўлимининг 2020 йил 14 сентябрдаги қарорига кўра, Мамадалиеванинг I гуруҳ ногиронига қараб турган вақти, Ортиқова ва Хасановаларнинг 80 ёшга тўлган қарияга қараб турган вақти иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланди.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги
қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси бўйича
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси www.parliament.gov.uz сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралари билан биргаликда ишлаб чиқилди.
Лойиҳада ҳар бир шахснинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини таъминлашга оид муносабатлар тартибга солинган.
Лойиҳада қуйидаги асосий янгиликлар назарда тутилган:
қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатлар тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона қонунга бирлаштирилди;
виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принциплари ўрнатилди;
соҳада ваколатли бўлган давлат органларининг вазифа ва функциялари чегараси аниқ белгилаб берилди;
диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилди, хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилди, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор бўлди, давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилди, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланди.
Қуйидаги тартибларларнинг бекор бўлаётганлиги мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлашга жиддий қадам қўйилганлигидан далолат беради:
фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов олиб ташланмоқда;
диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор бўлмоқда;
диний ташкилотни тузиш ташаббускорларининг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;
диний таълим муссасаларида диний таълим берувчи шахсларга марказий бошқарув органининг розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда;
диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;
диний ташкилотнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уставидан дубликат олиш тартиби бекор бўлмоқда.
Лойиҳа билан ўрнатилаётган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига тўлиқ мос келади.
Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид тажибалари ўрганилди, таҳлил қилинди ва улардан фойдаланилди. Хорижий экспертларнинг фикрлари инобатга олинди.
Ушбу лойиҳа муҳокамасида экспертлар, мутахассислар ва барча фуқаролар ўзларининг таклифлари билан қатнашиши мумкин.
Фарғона вилояти юридик техникуми қуйидаги бўш иш ўринларга танлов
ўтказилиши ҳақида эълон қилади:
✅1. Фарғона вилояти юридик техникуми декани.
Лавозимга қўйиладиган талаб: Олий юридик маълумотга эга ҳамда 3 йиллик педагогик иш стажига бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.
✅2. Юридик клиника етакчи мутахассиси.
Лавозимга қўйиладиган талаб: Олий юридик маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.
✅3. Ўқувчилар турар жойи мудири.
Лавозимга қўйиладиган талаб: Олий педагогик маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.
✅4. Меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассис.
Лавозимга қўйиладиган талаб: соҳага оид олий маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.
Танловда иштирок этишни истаган номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
- танловда иштирок этиш тўғрисида ариза;
- номзоднинг паспорт нусхаси;
- диплом (дипломдан кўчирма) нусхаси, чет элда ўқиган бўлса, дипломи нострификациядан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;
- номзоднинг шахсий варақаси (сўровнома, анкета ёки маълумотнома объективка);
Адлия органлари ва муассасаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда улар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 5-бандига мувофиқ, қуйидаги шахслар адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилиниши мумкин эмас:
ўн олти ёшга тўлмаган шахслар;
белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган
деб топилган шахслар;
адлия органи ёки муассасасининг ишлаб турган ходими билан яқин қариндош ёки қуда-анда бўлса (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, фарзандлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари), агар ишга қабул қилинаётган ёки тайинланаётган лавозим улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилишни тақозо қилса;
ишга кириш учун сохта ҳужжатлар ёки била туриб ёлғон маълумотлар тақдим этган бўлса;
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;
қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатлар.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар тегишли ҳужжатларни 2020 йил 2 октябрь кунига кунига қадар Фарғона вилояти юридик техникумининг Кадрлар бўлимига тақдим этишлари лозим.
☎️ Тел: 0 (373) 226-72-23, 0 (373) 226-45-52.
Техникум манзили: Фарғона шаҳар, А.Навоий кўчаси 18-уй
Мўлжал: “Дўстлик” ресторани ва “Азия” меҳмонхонаси