Yangiliklar
Қува туман адлия бўлимига жорий йилнинг 5 октябрь куни фуқаро Д.Юлдашева жамоатчилик асосида ишлаган даври учун иш ҳақини ундириб беришни сўраб мурожаат қилган.
Фуқаро Д.Юлдашева ўз мурожаатида 2018 йил июль ойида жамоатчилик асосида ишга қабул қилинганлиги, бироқ шу кунга қадар унга ойлик иш ҳақи берилмаганлигини баён этган.
Маълум бўлишича, Д.Юлдашева Қува туман “Болалик” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил қилинган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида июль-август ойларида қатнашган. Тақдим этган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш асосида, июль ойи учун 511725 сум, август ойи учун 552900 сўм жами 1064625 сўм иш ҳақи ҳисобланганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сонли “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомда “Буюртмачи иш берувчи ҳар ойнинг 15 санасига қадар ҳисобот ойининг биринчи ярми учун Аҳолини бандликка кўмаклашиш марказига (кейинги ўринларда - “Марказ” деб юритилади) фуқароларнинг жамоат ишларида қатнашган даври бўйича ҳисобга олиш табелини тақдим этади, Марказ бюртмачи иш берувчи томонидан ҳисобот ойининг 15 санасига қадар тақдим этилган табелга асосан Жамғарма томонидан қопланадиган тўловларнинг 50 фоиз қисмини аванс сифатида тўлайди, жамоат ишларини ташкил қилиш тўловлар Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги бўлинмаларига мемориал ордер ёки тўлов топшириқномалари тақдим этиш орқали амалга оширилади” деб белгиланган.
Шунингдек, Низомнинг 1-иловасида ҳам ҳар ойнинг 15 ва 30 санасига қадар жамоат ишларида қатнашган фуқароларнинг иш ҳақи бўйича тўловларни қоплаш Марказ зиммасига юклатилган.
Бироқ, Марказ томонидан Д.Юлдашевага 2018 йил июль, август ойларида маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган бўлсада, шу кунга қадар ойлик иш ҳақлари тўланмаган.
Ўрганиш якунида, аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан Марказига тақдимнома киритилиши натижасида, фуқаро Д.Юлдашевага жами ҳисобланган 1064625 сўм иш ҳақлари ундирилиб берилиши таъминланди ва марказ томонидан ҳудудий меҳнат инспектори И.Умаровнинг хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан қараганлиги учун “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Риштон тумани Оқ-ер қишлоғи, Мустақиллик кўчаси 16-уйда яшовчи фуқаро Ядгоров Исроил 2018 йилнинг 14 ноябрь куни Риштон туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, “Микрокредитбанк” АТБ Риштон туман филиали томонидан фуқаро Ядгоров Исроилга берилган банк пластик картасига Мажбурий ижро бюроси Риштон туман бўлими газ ва электрдан қарздорлиги борлигини асос қилиб тақиқ қўйганлигини маълум қилган.
Вахоланки, фуқаро Ядгоров Исроил ўз мурожаатида газ ва электрдан қарзи йўқлигини маълум қилиб, пластик картага қўйилган тақиқни олиб ташлашда амалий ёрдам сўраган.
Риштон туман адлия бўлими ходимлари томонидан мазкур мурожаат юзасидан “Микрокредитбанк” АТБ Риштон туман филиали ва Мажбурий ижро бюроси Риштон туман бўлимига талабнома киритган ҳолда фуқаро Ядгоров Исроилнинг банк пластик картасига қўйилган асоссиз тақиқни олиб ташланиши таъминланди.
Мурожаатида кўрсатилган муаммоли вазияти бартараф этилганлиги ва Риштон туман адлия бўлимлари фаолиятидан мамнунлиги билдирган ҳолда фуқаро Ядгоров Исроил 2018 йилнинг 28 ноябрь куни Риштон туман адлия бўлимига ташриф буюриб, ўзининг миннатдорчилик хатини тақдим қилган.
Қувасой шаҳар адлия бўлимига жорий йилнинг 30 ноябрь куни фуқаро Мурзажанова Хилола Рахмонали қизи мурожаат қилиб, ФҲДЁ бўлимидан 4 (тўрт) ойлик фарзандига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олишда қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли мазкур муаммони ҳал этиб, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олишда амалий ёрдам сўраган.
Фуқаро билан суҳбат давомида мурожаатчи ўзининг биринчи никоҳидан фарзанд кўрмаганлиги сабабли ўзаро келишув билан ажралиб кетадилар лекин расмий никоҳ бекор қилинмайди. Мурожаатчи Х.Мурзажанова ўз юртига қайтиб бошқа турмушга чиқади ва қиз фарзанд дунёга келтиради лекин ўртада биринчи расмий никоҳнинг бекор қилинмаганлиги сабабли ФҲДЁ бўлимлари томонидан иккинчи турмушидан туғилган болага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берилиши оталикни белгилашдаги мавҳумлик ёки низонинг мавжудлиги важлари билан рад этиб келинган.
Қувасой шаҳар адлия бўлими томонидан мазкур ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатчи Х.Мурзажанованинг биринчи расмий никоҳидаги турмуш ўртоғи билан суҳбатлашилганида, бола уники эмаслигини ва ҳеч қандай эътирози (низо) йўқлигини маълум қилди. Ўз ўрнида мурожаатчининг амалдаги турмуш ўртоғи ўз фарзандини тан олганлиги ва мазкур ҳолатларни тегишли ўзини ўзи бошқариш органининг далолатномаси орқали расмийлаштирилиб, шаҳар ФҲДЁ бўлимига тақдим этилганидан сўнг мурожаатчининг 4 (тўрт) ойлик фарзандига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириб берилди.
Қувасой шаҳар адлия бўлимига жорий йилнинг 2 ноябрь куни фуқаро Д.Курбанова мурожаат қилиб, Қувасой шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази (кейинги ўринларда “Марказ” деб юритилади) томонидан иш берувчининг ташаббуси билан лавозимидан озод қилинганлигидан норози бўлиб, ишга тиклашда амалий ёрдам сўраган.
Фуқаро Д.Курбанованинг мурожаати юзасидан ўрганиш ўтказилганда қуйидагилар аниқланди.
Марказ директорининг 2018 йил 1 ноябрдаги 52к-сонли буйруғи билан марказнинг ишга жойлаштириш инспектори Курбанова Дилноза Баходир қизи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-қисмига асосан ўз вазифасидан озод этилган.
Марказга ходим Д.Курбанова янги турмуш қурганлиги маълум бўла туриб, иш берувчи ва унинг касаба уюшмаси томонидан ходимнинг жисмоний-руҳий соғлиғи ҳолатига аниқлик киритмасдан, ёш оиланинг давлат ва жамият томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг ҳомиладорлик ҳолатларини инобатга олмасдан буйруқ чиқаришга шошилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддасига кўра ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддаси 2-қисм 4-хат бошида меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлайди. Амалда мазкур қоида талаблари бузилиб, фуқаро Д.Курбанованинг ишга келмаётганлиги сабаби аниқлланмасдан, огоҳлантириш ишлари пайсалга солиниб ўз вақтида амалга оширилмаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 14 июнда 746-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик
юритиш шаклларидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартиби” намунавий қоидаларининг 2.32-банди 2-хат бошидаги алоҳида тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилишда қонунларда белгиланган қўшимча кафолатлар, жумладан, ҳомиладор ва уч ёшгача боласи бор аёллар билан иш берувчининг ташаббусига биноан меҳнат шартномасининг бекор қилинишига йўл қўйилмаслиги қоидаси қўпол равишда бузилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Қувасой шаҳар адлия бўлими томонидан Қувасой шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директорининг 2018 йил 1 ноябрдаги 52к-сонли буйруғи бекор қилинишига эришилиб, фуқаро Д.Курбанова ўз иш ўрнига тикланди.
Адлия вазирлигининг топшириқ хатига асосан давлат нотариал идоралари нотариуслари ва бошқа ходимларига Тизимга киритилган ўзгартиришлар ҳақида маълумот бериш ҳамда унда ишлаш малака ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 22 декабрь куни Фарғона вилоят адлия бошқармасида графикка асосан ўқув-амалий семинар ўтказилди. Хусусан, Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Ёқубов томонидан 2019 йил 1 январдан бошлаб нотариал ҳаракатларни тасдиқлаш билан боғлиқ барча китоб ва дафтарлар ҳамда нотариуслар томонидан ҳудудий адлия органларига топшириладиган ҳисоботлар бекор қилиниши, нотариал ҳаракатларга реестр рақами ва мерос ишларига тартиб рақами бериш “Нотариус” автоматлаштирилгин ахборот тизими орқали амалга оширилиши етказилди.
Шунингдек, Нотариатнинг фаол модели доирасида нотариал ҳаракатлар “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилиши, нотариал расмийлаштириладиган ҳужжатлар Тизимида бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан тасдиқланиши семинар иштикочиларига тушунтирилди
Фарғона вилоят aдлия бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича комиссия аъзолари, Фуқаролик жамияти шакилланиши мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси ва вилоят Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти ҳамда ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона вилоятидан “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларига кўкрак нишони топширилди.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Маҳалла жамоат фонди туман (шаҳар) бўлимлари, Марказий банк, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимлари ва давлат нотариал идора нотариуслари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 137-моддаси мазмун-моҳияти бўйича давра суҳбати ўтказилди.
Хусусан, Фуқаролик кодексининг 137-моддасида “Хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин”лиги белгиланганлигига алоҳида эътибор қаратилди
Фарғона вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоят ДСИда вилоят прокуратураси масъул ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига асосан ДСИ ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари ошириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан “8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги” муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Унда бошқарма марказий аппарати, нотариуслар, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳамда Фарғона юридик коллежи ўқитувчилари иштирок этишди. Тадбир давомида самарали меҳнати, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасини ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган ходимлар бошқарма бошлиғининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 19-30 ноябрь кунлари давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларини малакасини ошириш бўйича сайёр ўқув курслари ташкил этилди.
Мазкур сайёр малака ошириш курслари Юристлар малакасини ошириш Марказининг профессор ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.
Бугун, 22 ноябрь куни Марказнинг профессор ўқитувчилари тажрибасидан фойдаланган холда Фарғона юридик коллежида илмий-амалий ўқув семинари ташкил этилди.
Ўқув семинарида Бошқарманинг марказий аппарати, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари ва юридик коллеж ўқитувчилари иштирок этишди.
Ўқув семинари юридик фанлар доктори, профессор Ш.Файзиевнинг Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлари юзасидан тайёрланган маърузаси асосида олиб борилди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ва амалиётда учраётган муаммолар юзасидан саволларига жавоблар олиб, тажриба алмашилди.